7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

NOKIA БИР ЧОРАКДА БИР МИЛЛИАРД ЕВРО ЙЎҚОТДИ
Янгиликлар
27.01.2012 г.
Image

Nokia компанияси 2011 йилнинг октябрь-декабрь ойларида 1,07 миллиард евро зарар кўрди.
Ўтган йилнинг сўнгги чорагида компания 10 миллард евро фойда олган, бу аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга кам демакдир. 2011 йил давомида Nokia 36,6 миллиард евро ишлаб топди, соф зарари эса 1,2 миллард еврони ташкил этди.
Охирги чоракда компания 19,6 миллион дона смартфон ва 93,9 миллион дона мобиль телефон сотишга эришди. Аввалги йил билан солиштирилса, телефонлар сотуви 1 фоизга, смартфонлар сотуви эса 31 фоизга камайгани аён бўлади.
Шунга қарамай, компания раҳбари Стивен Илопнинг айтишича, 2011 йилда Nokia «тўғри йўналишдан борди», охирги чорак эса компаниянинг қайта ташкиллашувида муҳим палла бўлди. 2011 йилда Nokia Microsoft билан WP7 смартфонини ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолаган. Маълумотларга қараганда, Microsoft WP7га ўтиши учун Nokiaга 180 миллион евро тўлаган.  
WP7 платформасида ишловчи илк смартфонлар – Lumia 800 ва Lumia 710 ноябрь ойида сотувга чиқарилди.

 
ЖИНОЯТ АЙБЛОВИ ҚЎЙИЛСА...
Жиноят ва жазо
27.01.2012 г.
Image

Қуйидаги ҳолатлар ҳеч кимнинг бошига тушмасин-у, бироқ бундай вазиятларда нима қилиш кераклигини, ҳуқуқларимизни билиб қўйганимиз яхши. Мақолада жиноят содир этганликда айбланаётганда, терговчи ёки прокурорда гумони бўлганда, ҳибсга олинганда фуқароларнинг қандай ҳуқуқлари борлиги ҳақида сўз боради. Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноий-процессуал кодексининг турли моддаларида акс топган.

Жиноят содир этганликда айблансам, менинг қандай ҳуқуқларим бор?
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 45-моддасига асосан айбланувчи ушбу Кодексда белгиланган тартибда айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши ҳақида қарор чиқарилган шахсдир.
Агар сиз жиноят содир этишда айблансангиз:
- ўзингиз нимада айбланаётганлигингизни билишингиз;
- қамоққа олинганлигингиз ва турган жойингиз тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошингизга телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш;
- ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш (ушбу Кодекс 230-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно);
- ўзингизга қўйилган айблов юзасидан ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари бўйича кўрсатмалар бериш ёхуд кўрсатмалар беришдан бош тортиш ва кўрсатмаларингиздан жиноят ишига доир далиллар сифатида сизнинг ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш;
- ўз она тилингиздан ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиш;
-ўзингизни ҳимояланиш ҳуқуқингиздан шахсан ўзингиз амалга ошириш;
- илтимоснома бериш ва рад қилиш;
- далиллар тақдим этиш;
- суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан тергов ҳаракатларида иштирок этиш;
- дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиб чиқиш ҳамда ундан зарур маълумотларни ёзиб олишингиз, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш;
- жиноят ишининг терговчи ёки прокурор томонидан тугатилганлигига қарши эътироз билдиришингиз ҳамда суд муҳокамаси ўтказилишини талаб қилиш;
- ярашув тўғрисидаги, амнистия актини қўллаш ҳақидаги ишлар бўйича, биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судининг мажлисларида, суднинг рухсати билан эса кассация ва назорат инстанциялари судининг мажлисларида иштирок этиш;
-суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш;
- суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ҳамда у ҳақда ўз мулоҳазаларингизни билдириш;
- иш бўйича келтирилган протестлар, апелляция, кассация шикоятларидан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эгасиз.

Терговчи ёки прокурор мени жиноят содир этганликда гумон қилса, буни менга қандай қилиб тушунтириши керак ва бунда қандай ҳуқуқларим бор?
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 47-моддасига асосан гумон қилинувчи – жиноят содир этгани тўғрисида маълумотлар бор бўлса-да, бу маълумотлар уни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун етарли бўлмаган шахс.
Агар суриштирувчи, терговчи ёки прокурор сизни жиноят содир этишда гумон қилса, дарҳол шу иш бўйича тегишли қарор чиқариши лозим. Бу қарорни сизга қўл қўйишингиз орқали эълон этади ва гумон қилинувчи ҳуқуқларини тушунтиради. Бунинг натижасида сиз:
- ўзингизни нимада гумон қилинаётганлигингизни билиш;
- ушлаб турилганлигингиз ва турган жойингиз тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошингизга телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш;
- ушланганлигингиз ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилганлигингиз тўғрисидаги қарор сизга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш (ушбу Кодекснинг 230-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно);
- ушланганингиздан кейин йигирма тўрт соатдан кечиктирмай сўроқ қилишни талаб этиш;
- сизга нисбатан қўйилган гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатмалар беришдан бош тортиш ва кўрсатмаингиздан жиноят ишига доир далиллар сифатида сизни ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш;
- ўз она тилингиздан ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиш;
- ўзингизни ҳимояланиш ҳуқуқингиздан шахсан ўзингиз амалга ошириш;
- илтимоснома бериш ва рад қилиш;
- далиллар тақдим этиш;
- суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан тергов ҳаракатларида иштирок этиш;
- ярашув тўғрисидаги, амнистия акти қўллаш ҳақидаги ишлар бўйича суд мажлисларида иштирок этиш;
- суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш ҳуқуқига эгасиз.
Гумон қилинувчи зиммасига кўрсатма бериш, шунингдек, ўзининг жиноятга алоқадор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас.

Тергов давомида мен адвокатсиз терговчининг саволларига жавоб бермаслигимни айтиб, адвокат талаб қилишим мумкинми?
Жиноят-процессуал кодексининг 48-моддасига мувофиқ сиз ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш, сизга нисбатан қўйилган гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатмалар бериш ёхуд кўрсатмалар беришдан бош тортиш ва кўрсатмалардан жиноят ишига доир далиллар сифатида сизнинг ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқига эгасиз.
ЖПКнинг 51-моддасининг 3-қисмига мувофиқ «Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳолларда сизнинг илтимосингизга кўра ёхуд уларнинг розилиги билан бошқа шахслар томонидан ҳимоячи таклиф қилинмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланадиган адвокатлик тузилмаси раҳбари суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ҳимоячи тайинлаш тўғрисидаги қарори ёки суднинг ажримига биноан қарор ёхуд ажрим Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармасига келиб тушган пайтдан эътиборан тўрт соатдан кечиктирмай жиноят иши бўйича ҳимоячининг иштирокини таъминлаши шарт».
 ЖПКнинг 230-моддасига кўра, сизга ҳимоячи билан биринчи холи учрашувга биринчи сўроққача рухсат берилади.

Агар мени ҳибсга олишса, менинг қандай ҳуқуқларим бор ва ҳибсга олувчи ички ишлар идоралари ходими менга қайси ҳуқуқларимни тушунтириб бериши лозим?
Жиноятни содир этишда гумон қилинган шахс Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал Кодексининг 221-моддасида назарда тутилган қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлганида ушлаб турилиши мумкин:
 1. Шахс жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушса.
 2. Жиноят шоҳидлари, шу жумладан, жабрланувчилар уни жиноят содир этган шахс тариқасида тўғридан-тўғри кўрсатсалар.
 3. Унинг ўзида ёки кийимида, ёнида ёки уйида содир этилган жиноятнинг яққол излари топилса.
 4. Шахснинг жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у қочмоқчи бўлса ёки доимий яшайдиган жойи йўқ ёхуд шахси аниқланмаган бўлса.
Ички ишлар орган ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб туришнинг ушбу Кодекснинг 221-моддасида кўрсатилган асослардан биттаси мавжудлигини бевосита кўриб ёки бошқа шоҳидларнинг сўзларидан аниқласа, сизга у жиноят содир этишда гумон қилиниб ушланганлигизни билдириши ва сиздан яқин орадаги милиция муассасасига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришни талаб қилиши шарт.
Шу билан бирга, ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс сизга адвокатга ёки яқин қариндошингизга телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлишингиз, кўрсатмалар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларингизни тушунтириши, шунингдек, берган кўрсатмаларингиз жиноят ишига доир далиллар сифатида сизнинг ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдирилиши шарт. Бунда ушлаётган шахсдан ўзини таништириши ва сизнинг талабингизга кўра шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши шарт.

ЁДИНГИЗДА ТУТИНГ! Ҳимоячининг ишда иштирок этишига жиноят процессининг ҳар қандай босқичида шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан бошлаб рухсат этилади.
Ушланиб милиция ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга етказилганингиздан сўнг сизни ушлаб туриш муддати етмиш икки соатдан ошмаслиги керак.

ЁДИНГИЗДА ТУТИНГ! Ҳуқуқни муҳофаза этувчи органининг бирон-бир ходими сизни ҳақоратлаш, шаънингизга доғ тушириш, қадр-қимматингизни камситиш ёки жисмоний таъсир кўрсатиш ҳуқуқига эга эмас, агар бу жисмоний таъсир ўтказиш сизнинг қаршилик кўрсатган ҳаракатларингизга қарши ишлатилмаган бўлса.
Мақола ИИВ Тергов бош бошқармаси матбуот хизмати
билан ҳамкорликда тайёрланди.

 
ХОРАЗМГА ҚИЗ УЗАТИНГ, ХОРАЗМГА!
Бу ажиб дунё
27.01.2012 г.
Image

Ана тўю мана тўй! Ана сизга кир ювадирғон мошину мана сизга дилбузар! Маза, маза, Хоразмда қиз туққанга маза. Қийин, қийин, бўйи чўзилиб, мўйлаби сабза уриб, отасининг кавушига сабзи соладиган бўлиб қолган йигитнинг шўрлик ота-онасига қийин! Минг йиллар тарихини ўзига жо айлаган гўзал ва қадим Хоразмнинг тўйларию бир-биридан қизиқ, антиқа урф-одатларини эшитмабсиз, демак, расмона тўю томошани билмабсиз! Мен айтай, сиз буёғини эшитинг…

СОВЧИЛАРУ ОВЧИЛАР
Хоразмда совчилик вазифасини йигитнинг аммаю  холаси эмас, отаси билан амакиси ўз зиммасига олади. Қизнинг отасини кўндириб, қизини келин қилиб уйига олиб келишга бел боғлаб келган эркак совчиларни қиз томон  ростмана меҳмондўстлик билан қарши олишади. Қизнинг отасини обдон “ўраб”,  еб-ичиб, қоринни тўйдириб олган совчилар ниҳоят мақсадга ўтишади. “Ҳа, энди қизингизнинг бўйи етиб, ўғлимизнинг ҳам уйланадиган вақти келиб қолибди, ёшулли. Шу десангиз, икки ёшнинг бошини қовуштириб, кўнгилларини топиштириб, бир ёстиққа ёпиштириб дегандек…”
Қизи борнинг нози бор, албатта, қизнинг отаси совчи биринчи клеганидаёқ розилик бериб юборавермайди (Хоразм йигитларининг аксарияти кўз остига олиб юрган, аҳдлашиб қўйишга ҳам улгурган қизларига уйланадилар). Салгина мойиллик билдиргандек бўлиб, “ўйлашиб кўрайлик” дегандек гап қилади. “Бор барака” қилиб, амаллаб қизнинг отасини кўндиргандек қилган йигит томон: “Бу ёғини хотин-халаж ўзаро келишиб олишади”, – дея жуфтакни ростлаб қолади. Ҳа, бу ёғига томонлар тўйга рози бўлишса, том маънода “келишув” имзоланади: куёв томон тўй ҳаражатларининг ҳаммасини КЎТАРИШИ ШАРТ!
ЎҚИГАНИ ҚИММАТРОҚ, ЎҚИМАГАНИ АРЗОНРОҚ…
Хоразмда  кўпинча “қизимни узатдим”, дейишнинг ўрнига “қизимни сотдим”, дейишади. Сабаби, қизни келин қилиб олиб кетиш чиндан ҳам а-анчагина қимматга тушади. Агар қиз ўқимишли бўлса, қалин пули бир миллион, бир ярим миллион атрофида, ўқимаган қизлар эса беш юзминг сўм атрофида “баҳоланади”. Хоразмликларда қизларни эрта “сотиб” юбориш йўқ, ўн тўққиз-йигирма ёшга тўлган қизнигина “турмушга тайёр” дея ҳисоблашади (албатта, баъзан лирик чекинишлар ҳам бўлиб туради).
ХИНОЯПАР – ҚИЗЛАР БАЗМИ
Тўйдан бир кун олдин қизникида келиннинг дугоналари ва қариндош қиз-жувонлар учун каттакон тўй – хинояпар бўлиб ўтади. Бунда хоразмлик гўзаллар эрталабдан кечгача ўйин-кулги, куй-қўшиқлар ҳамроҳлигида базму жамшид қуришади. Хинояпарда келин ва унинг дугоналари эртанги тўйга тайёргарлик қилиб, қўлларига хинадан турли безаклар чизишади, пардоз-андоз қилишади. Бу қиз базмга эркаклар, йигитлар киритилмайди, фақатгина ёш болакайларга рухсат бор, холос.
Хинояпарнинг эртаси куни куёв хонадонида тўй бошланади.Тушга яқин айланиш учун чиқиб кетган келин-куёв пешин вақтида куёвникига кириб келишади. Келин машинадан тушишдан олдин куёвникидан бир сигир олиб чиқилади. Келин бўлмиш сигирнинг арқонидан ушлаб пастга тушиши керак. Ҳа-я, келин тўй либосида эмас, Хоразмнинг миллий кийимларида, оёғида маҳси-кавуш бўлади. Боши эса қизлик уйидан чиқаётганда момолар томонидан оқ сурпда боғлаб қўйилган бўлади. Янгалар машинадан тушган келиннинг олдига тушиб, ёр-ёрни бошлаб юборадилар. Бу ёғи нақ бир-бир ярим соатлик “келин салом”га уланиб кетади. Куёвнинг ҳамма қариндош уруғлари, маҳалладаги таниш-билишларнинг ҳар бири исмига янгалар таъриф-у тавсифлар билан ёр-ёр айтиб, келин салом қилдиришади. Келин ҳар эгилиб салом қилганда кафтлари тиззасига тегиши лозим (шўрлик келиннинг бир ярим соат эгилиб туришини айтинг).
Бу вақтда эса куёвтўра жўралари билан алоҳида бир хонада, келин томондан келган гўшт, тухумқовурдоқларни мазза қилиб тушираётган бўлади. Куёвжўралар куёвнинг белини қийиқча билан маҳкам қилиб, беш-олти жойидан боғлаб, келинянгалар ўтирган жойга олиб келишади. Ана энди томошанинг зўри бўлади. Янга куёвнинг белидаги қийиқчани ечиши керак, ечса ечди, бўлмаса, куёвнинг нақ қирқ-элликтача жўраларининг ҳар бирига эгилиб салом қилиб чиқишига тўғри келади. Қийиқча жонивор шу қадар чандиб боғланган бўладики, унча-мунча янгаларнинг тиши ўтмай (пихини ёрган куёвжўралар қўли билан ечолмай, тишини ишга солиб тугунларни ечмоқчи бўладиган янганинг додини бериш учун баъзан қийиқчага қалампир суркаб қўйишган бўлишади), ноилож ёш келинчаклардай салом қилишларига тўғри келади.
ҚИЗ ЕНГИЛ БЎЛСА, ХЎП-ХЎП, ЙЎҚСА...
Янганинг додини берган куёвжўралар қуршовидаги куёв меҳмонлар ичида ийманибгина ўтирган келинни шарт кўтарадию устидан ошириб келинтахтга (чимилдиқли хонадаги безатилган каравотга) олиб бориб ташлайди (ҳамманинг гувоҳлигида!). Сўнг ўзи ҳам ётиб олади. Момолар келин-куёвнинг устига кўрпани ёпиб, “кўрпаёпди” қилишади (баъзан “кўрпага ботирди” ҳам дейишади). Сўнг куёв томондан кичикроқ болакайни келин-куёв ўртасидан, кўрпа остидан  ирим қилиб ўтказишади. Куёв келиннинг бошидаги боғни ечиб ташлайди. Бу орада эса кеч кириб, куёв томону келин томондаги неча юзлаб меҳмонлар учун катта тўй-томоша бошланиб кетади. Хоразм тўйлари лазгининг шўх куйларию, хоразмликларнинг қувноқ, ўт-олов рақслари ҳамроҳлигида бўлиб ўтади.
ДАРВОҚЕ…
Тўйнинг эртаси куни куёвникида келин томондагилар учун “барак” зиёфати бўлиб ўтади. Яъни келиннинг оиласидагилар, қариндошлари чақирилиб, чучвара билан меҳмон қилинади.
Куёв бўлмиш эса нақ уч кун эрталабдан қизнинг уйига бориб, қайнона-қайнотасига эгилиб  “куёвсалом” қилиши эвазига эса севимли қайнонаси ўз қўллари билан пиширган тухумқовурдоқни паққос тушириши лозим бўлади. Шунақа гаплар!

 
АҚШДА ҚАРЗДОРЛИК ИНҚИРОЗИ РЎЙ БЕРАДИМИ?
Янгиликлар
27.01.2012 г.
Image Untitled Document

Сўнгги пайтларда АҚШ давлат қарзи ҳамда бюджет дефицитининг ҳаддан ортиқ кўпайиб кетгани билан боғлиқ ахборот деярли барча оммавий ахборот воситалари томонидан эътироф этилмоқда. Мутахассислар ҳатто АҚШ техник дефолти яқин қолганини башорат қилишгача боришмоқда. Келинг, воқеалар ривожини кўриб чиқиб, дунёдаги энг йирик иқтисодиётнинг бундай жиддий муаммоларга дуч келаётганига асосий сабаблар нимада эканлигини ва юз бериши мумкин бўлган оқибатлар қандай кўринишга эга бўлиши мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қиламиз.
АҚШ ялпи ички маҳсулот бўйича дунёда етакчи ўринни ҳеч кимга бермай келаётгани бугун барчага маълум. Жаҳон бозорларида ҳам Қўшма Штатлар энг фаол ўйинчи ҳисобланади. Аммо мамлакатнинг импорти экпортига қараганда кўпроқ экани (савдо баланси дефицити), давлат бюджети харажатлари даромадлар қисмидан анча ошиб кетиши (бюджет дефицити), айниқса, давлатнинг ташқи ва ички қарзи ЯИМга нисбатан олганда ҳаддан ташқари кўп экани ҳаммамизга ҳам маълум бўлмаслиги мумкин.
Бугунги кунга келиб Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта АҚШ давлат қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотидан ошиб кетди. Қўшма Штатлар ўз кредиторларидан 15,23 трлн. доллар қарз бўлиб, мамлакат иқтисодиётида йил мобайнида умумий ишлаб чиқарилган товар ва хизматлар қиймати эса 15,17 трлн. долларни ташкил этади.
Бир томондан, бу кутилган ҳолат, албатта. Ўтган йилнинг август ойларида давлат қарзининг ЯИМга нисбатан кескин ўса бошлагани, мамлакат кредит рейтингининг туширилгани билан боғлиқ иқтисодий вазият изсиз кетиши ёки тезда яхшиланиб кетишига ишониш қийин эди. Шу маънода буни кутилган ҳол дейиш мумкин.
Бироқ бу ҳол жаҳон бозорларига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Замонавий иқтисодиётда жаҳон бозорларидаги асосий ўйинчиларнинг кайфиятлари муҳим ўрин тутишини ҳисобга оладиган бўлсак, АҚШ давлат қарзининг ЯИМдан ошиши мамлакатни узоқ истиқболда қарздорлик инқирозигача олиб бориши мумкин. Европада ҳозирда айнан шу ҳолнинг кузатилаётгани эса вазиятга янада жиддий тус беради. Капитални еврода сақлаш ҳозирда ва яқин муддатда фойдали деб баҳоланмаяпти, вазият шу ҳолда кетаверса, худди шу ҳол АҚШ долларида ҳам қайтарилиши мумкин, яъни пулни долларда сақлаш узоқ келажакда фойдадан кўра зарар келтириши ҳам мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам ҳозир жаҳон бозорида доллар еврога нисбатан мустаҳкамроқ ўрин тутмоқда.

АҚШ дефолти кимга нима беради?
АҚШ қарздорлик дефолти қайси давлатларга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини қараб чиқсак.

Техник дефолт ташқи қарзлар бўйича фоизларни тўлашдан бош тортишни англатади.

Дефолтнинг энг асосий оқибатларидан бири сифатида мамлакат миллий валютасининг, яъни АҚШ ҳолатида долларнинг девальвациясини кўрсатиш мумкин.

Девальвация – миллий валюта курсининг бошқа валюталарга нисбатан қадрининг сунъий туширилиши.

Хўш, агар доллар курси бошқа валюталарга нисбатан туширилса, нима бўлади? Айтайлик, долларнинг 10 фоизга қадрсизланиши қандай оқибатларга олиб келади?
Албатта, биринчи навбатда оддий америкаликлар бундан зарар кўришади, чунки импорт маҳсулотлари нархи ошиб кетади. Америка бозорларида импорт маҳсулотлари улуши жуда катталигини ҳисобга олсак, бу иқтисодий-ижтимоий ҳаётда катта миқёсда зиён келтиришини тасаввур қилиш қийин эмас. Энди ўз ойлик маошларига америкаликлар тахминан 10 фоиз камроқ маҳсулот сотиб олишлари мумкин бўлиб қолади. Лекин бу ҳолатни жиддий деб ҳисобламаса ҳам бўлади. Асосийси, АҚШ давлат қарзи худди шу 10 фоиз миқдорида “арзонлашади!” Масалан, ҳозирда давлат қарзи 15 триллион доллар бўлса, демак, девальвациядан сўнг мамлакат қарзнинг 1, 5 триллион долларидан “қутулади!” 
Демак, АҚШнинг ўзидан бошқа ҳеч ким бу дефолтдан ютмайди.
Ҳақиқатан ҳам, Хитой, Япония ва Европанинг етакчи мамлакатлари ўз резервларини АҚШ қимматбаҳо қоғозларида ва энг ликвид актив – АҚШ долларининг ўзида сақлашади. Шу сабабли ҳам АҚШ дефолт эълон қилишидан ҳеч ким манфаатдор эмас.

Ликвидлик – активнинг қай даражада тез нақд пулга айланиш қобилияти. Актив қанчалик тез нақд пулга айлана олса, у шунчалик ликвид ҳисобланади.

Бироқ бундан АҚШни ҳам унчалик манфаатдор деб бўлмайди. Бу ҳол мамлакатларнинг, жумладан, АҚШнинг ҳам ўз ташқи қарзларини янада кўпайтиришига сабаб бўлиши мумкин. Демак, инқироз янада чуқур илдиз отиб кетиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. 

Евро ва доллар муносабатлари ёки спекуляцияларга асосланган молиявий тизим нимага олиб келади?
Иқтисодиётнинг фундаментал қонуниятларига кўра, қайси мамлакатнинг миллий валютаси курси ўсаётган бўлса, шу мамлакат иқтисодий аҳволи яхши экани, аксинча эса аҳвол чатоқ экани ҳақида хулоса чиқариш мумкин.
Вазиятни евро ва доллар орасидаги нисбат нуқтаи назаридан кўриб чиқсак, юқоридаги қонуният нуқтаи назаридан Европа пул бирлигининг аҳволи 2012 йил бошида яхши эмас. Ўтган йил якунида 1 евро тахминан 1,29 АҚШ долларига тенг эди, 9 январ ҳолатига кўра эса, котировкалар баъзи пайт 1,27 нуқтасидан ҳам тушиб кетди. Охирги ярим йилда бу валюталар нисбатини кўриб чиқсак (август ойи охирларида 1 евро 1,45 АҚШ долларига тенг эди), еврозона иқтисодиёти янада мураккаб аҳволга тушиб қолган, деган хулосага келиш мумкин.
Бироқ бу хулосани у қадар тўғри деб бўлмайди. Бунга асосий сабаб бугунги кунда глобаллашган ва компьютерлашган валюта бозорларида астрономик миқдорда спекулятив пуллар айланади. Жаҳон валюта бозорларида спекуляцияларнинг ҳаддан ташқари ривожланиб кетганини тушуниш учун ўзимизда ҳам кўпайиб бораётган Forexнинг тезгина катта пул ишлаб олишга чақирувчи рекламаларини эслаш кифоя. Чайқовчилар эса иқтисодиётнинг фундаментал кўрсаткичлари эмас, техник омиллар, компьютердаги графикларга асосланишади.
Шу сабабли ҳам эндиликда валюта курслари реал макроиқтисодий аҳволнинг аниқ индикатори бўла олмаяпти. Бугун валюта курси юз бераётган иқтисодий жараёнлар ҳақида фақат умумий ва хом тасаввур бера олади. Масалан, евро курсининг тушиб бораётганини тушуниш қийин эмас, чунки евроҳудуд ҳали қарздорлик инқирозидан чиқиб олганича йўқ. Бу эса Америка ва Осиёлик йирик инвесторларнинг ўз маблағларини Европа активлари, яъни еврооблигациялар ва евродан олиб чиқиб кетишларига сабаб бўлмоқда.

Ҳаммасига Хитой айбдорми?..
Инқирознинг асосий сабабларидан бири сифатида АҚШ президенти Барак Обама Хитойнинг молиявий сиёсатини (!) кўрсатмоқда. Хитой ўз манфаатлари йўлида жаҳон савдо тизимини манипуляция қилаётганини АҚШ президенти бир неча бор таъкидлаб ўтган. Обама Хитойнинг валюта бозорлари фаолиятига аралашаётганини ҳам муаммога рўкач қилиб кўрсатишдан тўхтамаяпти.
Очиғини айтганда, валюта бозорларига аралашиш борасидаги даъволар жуда ғалати кўринади, чунки АҚШнинг ўзи бир эмас, бир неча бор нафақат “аралашув” балки “мақсадли ҳужум” қилиш натижасида баъзи миллий валюта курслари тушиб кетган ва бутун бошли биржалар фаолияти инқирозга учраган. Худди бошқалар учун мўлжалланган қоидалар АҚШнинг ўзи учун ёзилмагандек...
Юаннинг паст курси экспортга чиқаётган Хитой товарларининг арзон бўлишини англатади, чунки ишлаб чиқариш харажатлари Хитойда юанда тўланиб, хориж бозорларида тайёр маҳсулот долларда сотилади. “Дунё фабрика”сига айланиб бўлган Хитой учун бу нарса жуда фойдали экани аён. Шу билан бирга, юаннинг арзонлиги Хитойга товар ёки хизмат экспорт қилишда “табиий тўсиқ” вазифасини бажаради. Импорт товарлари юанда жуда қимматлашиб кетади ва натижада уларга талаб бўлмайди.
Бу ҳам етмагандек, хитойлик ишчилар маошларини юанда олишади ва доллар нисбатида бу маошнинг сотиб олиш қобилияти бирмунча юқори бўлади. Бу ўз навбатида Хитойда ишлаб чиқариш харажатларининг пасайишига олиб келади, натижада хориж компаниялари бажонидил ўз заводларини Хитойга кўчиришади. Шундай экан, Хитой шунча фойдадан ўз хоҳиши билан воз кечмаслиги табиий.
Хитой ҳам ўз навбатида АҚШни “жаҳон валюта бозорини сиёсийлаштириш”да айбламоқда. Бу айбловга жавобан эса АҚШ Федерал захира тизими бошлиғи Бен Бернанке айнан Хитойнинг валюта сиёсати ялпи талабнинг тикланишини ортга суриб, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозидан кейинги иқтисодий ўсишга тўсиқ бўлаётганини таъкидлаган.

Узоқ Шарқ иқтисодиётига салбий таъсир ва бошқа прогнозлар
Мутахассислар АҚШ ва Европадаги янги рецессия тўлқинлари Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг ривожланишини секинлаштириши хавфи бор эканини таъкидлашмоқда.
Яқиндагина Узоқ Шарқ мамлакатлари, жумладан, Хитой ва Япония иқтисодиёти учун берилаётган оптимистик прогнозлар энди шубҳа остида қолмоқда. АҚШ ва Европадаги қарздорлик билан боғлиқ муаммолар охир-оқибатда Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг янги тўлқинига айланиб кетиши эҳтимолдан холи эмас.
Қарздорлик инқирозигача Узоқ Шарқ мамлакатлари иқтисодиёти Осиё Тараққиёт Банки мутахассислари томонидан 7,5 фоизга ўсиши башорат қилинаётган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 5,4 фоизни ташкил қилиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Жумладан, 2012 йилда Хитой иқтисодий ўсиш прогнози 9,1 фоиздан 8,8 фоизга туширилган.
Сан-Франциско Федерал резерв банки докладида АҚШда 2012 йил иқтисодий пасайиш юз бериши эҳтимоли 50 фоиз дея баҳоланган.
Мутахассислар АҚШ ҳукумати иқтисодиётга ички таҳдидлар билан курашаётган бўлса-да, жаҳон иқтисодиёти, айниқса, Европада юз бераётган бўҳронлар олдида мамлакат ночор қолаётгани таъкидлашмоқда.

Умуман олганда, бугунги кунда дунёда иқтисодий етакчилар АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония ва Хитой ўртасидаги кучли рақобат яққол намоён бўлмоқда. Бу жараёнлар контекстида АҚШда қарздорлик инқирози бўлиш ёки бўлмаслиги кўп жиҳатдан мамлакат валютасининг яқин муддатдаги обрўси ва давлат молия сиёсати билан чамбарчас боғлиқ бўлса-да, бу борада қолган гигантларнинг ташқи иқтисодий сиёсатлари ҳам муҳим ўрин тутади. Бир неча ўн йиллардан бери АҚШ ўз доллари билан етакчи иқтисодиёт мақомини ҳеч кимга бермаган бўлса, бугунга келиб Хитой ҳақиқий маънода кучли рақибга айланди. Валюта ва савдо “урушлари” дунёда иқтисодий гегемонлик учун бўлаётганини тушунган ҳолда бу рақобатдан энг фойдали позицияларни танлаб олиш қолган мамлакатларнинг келгуси иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутиши мумкин.

 
ХАРТФОРД – БОЙЛАРНИНГ БОЙИ
Янгиликлар
26.01.2012 г.
Image

Американинг Brookings Institute тадқиқот институти дунёдаги бой шаҳарларнинг рўйхатини тузди. Буни аниқлаш учун мутахассислар шаҳарнинг ялпи ички маҳсулотини жон бошига бўлиб чиқишган.
Дунёдаги энг бой ўнта шаҳарнинг олтитаси АҚШда, учтаси Европада, биттаси эса Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган.
Brookings Institute эътирофига кўра, Қоҳира, Мумбай ва Александрия энг ночор мегаполислардир.
Энг бой шаҳарлар ўнталиги:
1. Хартфорд, АҚШ ($75 086)
2. Осло, Норвегия ($74 057)
3. Сан-Хосе, АҚШ ($68 141)
4. Абу-Даби, БАА ($63 859)
5. Бриджпорт, АҚШ ($63 555)
6. Цюрих, Швейцария ($63 236)
7. Вашингтон, АҚШ ($62 943)
8. Стокгольм, Швеция ($61 458)
9. Бостон, АҚШ ($60 074)
10. Сан-Франциско, АҚШ ($58 783)

 
ЎЗБЕКИСТОН ВА ЯПОНИЯ: ДИПЛОМАТИК АЛОҚАЛАРГА 20 ЙИЛ ТЎЛДИ
Янгиликлар
26.01.2012 г.
Image

Бугун Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида ўрнатилган дипломатик алоқаларга 20 йил тўлди.
Шу муносабат билан Япония бош вазири Ёсихико Нода мамлакатимиз президенти Ислом Каримов номига табрик йўллади. Шунингдек, Япония Ташқи ишлар вазири Коиторо Гэмба Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга ҳам қутлов номаси юборди.
«Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгандан буён давлатларимиз ўртасида дўстлик алоқалари ривожланиб келмоқда, – дейилади Ёсихоко Нода йўллаган табрикномада. – Ўтган йили март ойида Япониянинг шарқий қисмида юз берган зилзиладан кейин Сиз Жаноби олийлари ва кўплаб ўзбекистонликлардан ҳамдардлик ҳамда ёрдам олдик. Фурсатдан фойдаланиб, бунинг учун яна бир бор ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан».
Мамлакатимиз Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов номига йўлланган номада «цивилизациялар чорраҳаси» бўлмиш Ўзбекистон Япониянинг муҳим стратегик ҳамкори эканлиги айтилиб, унинг Марказий Осиё минтақасида барқарорликни сақлашдаги роли жуда катталиги таъкидланган.

 
<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

Натижалар 1 - 16 1181