|
Янгиликлар
|
|
13.03.2012 г. |
 Даниялик тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ҳомиладорликда спиртли ичимликлар ичиш кейинчалик ўғил болада бепуштликка сабаб бўлади.
Орхаус университети олимлари бундан 20 йил муқаддам ҳомиладорликнинг 36-ҳафтасида бўлган 12 минг аёлга оид текширувларни ўрганиб чиқишди. Шундан кейин ушбу аёллар дунёга келтирган 350 нафар йигит ҳам текширувдан ўтказилди. Маълум бўлишича, уларда ота бўлиш имконияти камроқ экан.
Ҳомиладорлик ва эмизиклик пайтда спиртли ичимликлар истеъмол қилиш туғилажак ўғил боланинг репродуктив саломатлигига шу тариқа таъсир кўрсатаркан.
|
|
Авто олам
|
|
13.03.2012 г. |
 Немис компанияси бирданига 2025 йиллар бозорини мўлжаллаётган кўринади. F 125 номли водородли электроконцепт айнан шундай тахмин туғилишига асос бўла олади. Автомобил нафақат антиқа кўриниши, балки техник имкониятлари билан ҳам оммани ҳайратга солади.
Ёқилғи сифатида водород сарфлайдиган электрокимёвий генератор электр энергияси ишлаб чиқаради ва аккумуляторлар орқали автомобилни ҳаракатлантиради. Орқа томондаги жуфт моторлари 136, олд томони 68 от кучини берадиган бу автомобилнинг умумий қуввати 308 от кучини ташкил қилади. Узунлиги 4998 мм, эни 1980, баландлиги 1430 мм бўлган бу модел 4,9 сония ичида 100 км/соат тезликка чиқади. Энг юқори тезлиги эса 220 км/соатга тенг. Яна бир эътиборли жиҳати – аралаш циклда бу автомобилнинг ёқилғи ҳажми 100 км масофага 2,7 литрни ташкил қилади.
|
|
Бу ажиб дунё
|
|
13.03.2012 г. |
 1887 йили июлда французларнинг “Конт Рэндю” журнали Тарб қишлоғига осмондан думалоқ темир гардиш тушганлиги ҳақида хабар бериб, шов-шув кўтарди. Бу номаълум буюм кутилмаганда қишлоқча аҳолисининг бошига тушгани етмагандек, яна унда ўқиш қийин бўлган қандайдир ёзувлар ҳам бор эди.
Орадан йигирма йил ўтгач, қадимги маданиятлар билимдони доктор Фарльз Холдер “Сайентифик америкен” нашри саҳифаларида ушбу гардиш метеорит темиридан ясалганлиги, унинг устидаги ёзувлар эса майя тилида эканлигини маълум қилди. Орадан оз фурсат ўтиб, Мексикадаги Яки водийсига ҳам худди шундай “метеорит” тушди. Тўғри, олимнинг ҳамкасблари уни “хом хаёлларга берилиб кетганлик”да айблашди, ажойиб топилма ҳақида тез орада унутиб юборишди ҳам. Фақат бизнинг асримиз бошидагина осмон тошларидаги миххат ёзувлари майя халқининг ёзувлари билан бир хил эканлиги маълум бўлди. Бу нима эди? Кимнингдир моҳирона сохта ишларими? Аммо бундай дея олмаймиз, чунки биринчи воқеага ҳам, иккинчисига ҳам кўплаб одамлар гувоҳ бўлишган.
Асрлар давомида осмондан турли кутилмаган нарсалар ёғилиши ягона ҳодиса эмас. Масалан, 1911 йили Франция, Буюк Британия, Шотландия, Италия, Россияда осмондан кумуш фоғоз – фольга ўрамлари, тикув машиналари учун қоғоз халтачалар, эриб кетган яшил шиша бўлаклари, милтиқ учун сочма ўқлар, нам тортган порохлар “ёққан”.
1932 йили Баварияда аммиакли селитра ёғиб, ҳамма ёқни кўмиб ташлашига сал қолган.
1936 йили Нью-Йорк аҳолиси олти марта ёққан аъло сифатли пўлатдан ясалган болт ва гайкалар “ёмғири”ни жуда яхши эслаб қолишган.
1942 йили жуда зарур бўлган хом ашё – тунука танқислиги сезилиб қолган бир пайтда шаҳар чеккасида яшовчи лондонликларнинг уйлари томига бир неча марта олтиндек ярақловчи тунукадан ясалган эҳромлар келиб тушган. Бу “самовий” буюмлар немисларнинг пинҳоний қуролларига дахлдор эмасди. Эҳромлар фақатгина булутсиз, қуёш чарақлаб турган об-ҳавода, худди осмондан тушиб келаётгандек ўз-ўзидан пайдо бўлар, фақат ерга яқинлашганидагина аниқ шаклга кириб, қаттиқ бўлиб қоларди. Ўша даврлардаги инглиз матбуоти бундай ҳодисалардан қўрқувга тушмасдан, шунчаки охири нима бўлишини хотиржам кутишга даъват қиларди.
1888 йили Деҳли аҳолиси ёмғир шариллаб ёққанига ўхшаш товушдан уйғониб кетишди. Эрталаб эса шаҳарликлар ўзларининг ҳовлиси мустамлака давридаги инглиз чақаларига тўлиб кетганини кўришди. Бу тангалар тартиб билан сочилган бўлиб, тўғри ёй ўқи шаклини ҳосил қилар, учи эса ғарб томонни кўрсатиб турарди. Ўша йили Лондоннинг “Пипл” газетаси ҳаммага маълум бўлган нарсаларни яна бир бор тасдиқлади. Қиймати бир пенс ва ярим пенсга тенг бўлган ярақлаб турган тангалар “осмондан тушдими, ёхуд ердан отилиб чиқдими”, ишқилиб, мактабдан қайтаётган ўқувчиларнинг оёқлари остига уюлиб қолди.
1968 йили 10 сентьябрда Кент графлигидаги Рамсгейт шаҳарчасида яшовчи Луиза Крофтнинг ҳовлисига осмондан “50 дона бир пенслик тангадан иборат совға” тушди. Тангалар 15 дақиқа давомида қисм-қисм бўлиб тушиб турган.
1967 йили 6 январда “Бат кроникл” газетаси (ГФР) ибодатхона ёнида тинчгина суҳбатлашиб ўтирган руҳонийлар устига ҳар бирининг қиймати икки минг марка бўлган қоғоз пуллар “ёққани”ни, бу эса анча қашшоқлашиб қолган ибодатхона яна ўнгланиб олиши учун бемалол етганини хабар қилган.
Ўзининг аэрокосмик кўргазмалари билан донг таратган Ле Буржеда 1957 йили 15 апрелда “пул бўрони” юз берган. Ўшанда минг франкли қоғоз пуллар тепадан аввал тахлами билан туша бошлаган, кейин эса худди кўринмас зарб машинаси ишлаётгандек шундоққина асфальт устида ўз-ўзидан пайдо бўла бошлаган. Полициячилар офсет бўёғининг ҳиди анқиб турган яп-янги пулларни йиғиб олишган.
ХХ асрда мовий осмондан тирик қўйлар, мушуклар, итлар, балиқлар, яроқсиз металл буюмлар, автомобил шиналари, болғалар, сочма ўқлар, милтиқ ўқлари, тўп ўқлари, авиация моторлари, примуслар, митти радиоускуналар ва кўпгина бошқа нарсалар ёққани ҳақида ҳам хабарлар босилган. Аммо бу ҳодисалар нима сабабдан юз бериши ҳамон сирлигича қолиб келмоқда.
Ҳусниддин тайёрлади.
|
|
Хидоят сабоклари
|
|
13.03.2012 г. |
Untitled Document
«Ассалому алайкум, муфтий ҳазратлари мен яқинда бир газетада “Уринотерапия ҳақида” номли бир мақолани ўқиб, ҳайрон қолдим. Мақолада пешобнинг табобатда кўп касалликларга даъво эканлиги ҳақида ёзишибди. Ахир пешобдан касалликка даъво сифатида ишлатилмай, аксинча, ундан пок юриб сақланиш керак-ку! Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) муборак ҳадисларида “Сийдикдан сақланинглар чунки у қабр азобига сабабчи бўлади”, – деганлар. Сиздан илтимос, муҳтарам муфтий ҳазратлари, ушбу масалага изоҳ берсангиз».
– Дарҳақиқат, Аллоҳ бандаларига Ўзи ҳаром қилган нарсаларни шифо қилмаган. Саволда айтилганидек, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) муборак ҳадисларида “Сийдикдан сақланинглар, чунки у қабр азобига сабабчи бўлади”, – деганлар.
Одамларга “янгилик” кўрсатишни ўзига эп биладиган айрим табиблар ҳам уринотерапия орқали даволайман деб, жар солгани ҳатто буни газеталарда ёзиб чиққани ачинарли ҳолат. Сабаби инсоннинг табиати мутлақо зид бўлган, ҳаром нарса сийдикда қандай даво ёки шифо бўлиши мумкин?!
Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан Мадинадаги қабристон ёнидан ўтиб кетаётиб икки кишининг қабридан азоблаётган овозини эшитдилар ва: «Бу иккиласи қабрларида азобланяпти. Уларнинг бири сийдигидан покланмас эди, иккинчиси эса чақимчилик қилар эди», – дедилар. Сўнг хурмо дарахтининг шохларини синдириб келишга буюрдилар ва ҳўл новдани икала қабр устига суқиб қўйдилар. Саҳобалар: “Нима учун бундай қилдингиз, эй Аллоҳнинг Расули?» – дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шояд, иккала новда қуригунча улар ҳам азоблардан халос бўлсалар”, – дедилар.
Мана, ҳадисдан кўрамизки, пешобдан покланмай туриб қандай азобга қолган кишининг қисматини. Энди уни даво деб, табобатда қўлланилар экан деб, ўқувчиларни бошини айлантириш мутлақо мантиққа тўғри келмайди.
Шамсиддин Жавзийнинг “Тиббун набавий” номли асари ислом оламида жуда ҳам машҳур. Шу асарда бирон жойда пешоб билан даволаш деган гап йўқ. Ёки Ибн Сино бобомизнинг “Тиб қонунлари” номли асари ҳам бундай “шифо”лардан буткул йироқ.
Шундай экан, Аллоҳ таоло банларига ҳаром бўлган нарсалардан шифо қилмаган. Шунча покиза неъматлар, қанчадан-қанча соф табиий гиёҳлар турганда пешоб билан даволаш деган сўзнинг ўзи уят.
Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин.
|
|
Янгиликлар
|
|
12.03.2012 г. |
 Америкалик сержант Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида тинч аҳоли вакилларидан 16 кишини отиб ўлдирди.
Маълум бўлишича, қурбонларнинг уч нафари аёллар, тўққиз нафари эса болалардир. Афғонистон президенти Ҳамид Карзай бу воқеани аввалдан ўйлаб амалга оширилган қотиллик сифатида баҳолаб, АҚШдан тушунтириш талаб қилди. Барак Обама эса бунга жавобан узр сўраб, айбдор албатта жазога тортилишини маълум қилди. Пентагон раҳбари Леон Панетта мазкур воқеадан даҳшатга тушганини айтган.
Америкалик ҳарбий якшанба куни саҳарда учта оилага кириб, одамларга қарата ўқ очган. Айтилишича, унинг «асаблари қаттиқ чарчаган» экан. Таъкидлаш керакки, унинг жинояти оловга керосин сепган билан баробар бўлди. Яқиндагина америкалик ҳарбийларнинг Қуръони Каримни ёқиб юборганига қарши афғонистонликлар қаттиқ норозилик билдирган ва намойишларни куч билан бостириш туфайли ўнлаб одамлар ўлган эди.
|
|
Янгиликлар
|
|
12.03.2012 г. |
 Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги маълумотига кўра, 2011 йилда 24 мингдан ортиқ ўғирлаб кетилган аёллар ва болалар озод қилинган.
Ўғирланган болаларнинг баъзилари бола асраб олмоқчи бўлган оилаларга сотилган, аёллар эса нафақат Хитойнинг ўзида, балки чет элларда ҳам фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбур қилинган.
Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ўтган йили одам савдоси билан шуғулланган 3195 та жиноий гуруҳнинг фаолиятига якун ясаган. Бунинг натижасида 8660 нафар болалар ва 15548 нафар аёллар озод этилган. Лекин вазирлик жами неча киши ўғирлаб кетилгани ҳақида маълум қилмаган.
Кузатувчиларга кўра, Хитойда бола савдоси тобора жиддий муаммога айланиб бормоқда. Бунга бир оиланинг фақатгина битта фарзандли бўлиши мумкинлиги ва бола асраб олишнинг унчалик қийин эмаслиги сабаб қилиб кўрсатилади.
|
|