7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

ЮНИСЕФ: БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КЕРАК!
Янгиликлар
29.02.2012 г.
Image

БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) тарқатган баёнотда айтилишича, шаҳарларда биринчи навбатда қашшоқлик тугатилмас экан, болалар соғлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиб бўлмайди.
Ташкилот тахминича, 2050 йилга бориб сайёрамиз аҳолисининг 70 фоизи шаҳарларда яшайдиган бўлади. Ҳар йили дунё бўйича шаҳарлар аҳолиси 60 миллионга кўпаймоқда ва бунинг анчагина қисми ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Ер юзида миллиардлаб шаҳарликлар қашшоқликка маҳкум, бундан эса биринчи навбатда болалар жабр кўради.
«2010 йилда асосан зотилжам ва диарея касалликлари, туғуруқ асоратлари туфайли 5 ёшга етмаган деярли 8 миллион бола нобуд бўлди. Ҳар йили 2,5 миллион нафарга яқин бола бўғма, кўкйўтал, қоқшол ва қизамиққа қарши эмланмагани учун ҳаётдан кўз юмади», – дейилади ЮНИСЕФ баёнотида.
Ташкилот мамлакат ҳукуматлари, донорлар ва кенг жамоатчиликни шаҳарларда қашшоқликка қарши қатъийроқ курашишга чақирмоқда.

 
БОЙЛАР ЗИҚНА ВА ОДОБСИЗ…
Янгиликлар
29.02.2012 г.
Image

Беркли (АҚШ) ва Торонто (Канада) университетлари олимлари тажриба ўтказиб, бойларнинг зиқнароқ ва одобсизроқ бўлишига ишонч ҳосил қилишди.
Жумладан, Сан-Францискодаги гавжум чорралаҳалардан бири кузатилганда, йўл ҳаракати қоидаларини энг кўп бузадиганлар айнан қимматбаҳо машина эгалари эканлигини аниқланди.
Эллик доллар тикиб қарта ўйналганда эса бу миқдордаги пулни умуман назарига илмайдиганлар бошқаларга нисбатан уч карра кўпроқ ҳийла ишлатиши кузатилди.
Одамларга конфет тарқатилган тажрибада ўзига тўқлар икки ҳисса кўпроқ ширинлик олишди.
Олимлар бундан ҳолатларнинг сабабини шундай изоҳлашди: бадавлат кишилар жамиятнинг бошқа аъзоларига нисбатан кўпроқ имкониятга эга ва шунинг учун ҳам кўпинча ўз хатти-ҳаракатларини бошқалар қандай қабул қилиши ҳақида ўйлаб кўришмайди. 

 
«АРМАНЛАР ГЕНОЦИДИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН РАД ЭТИЛДИ
Янгиликлар
29.02.2012 г.
Image Untitled Document

Франция Конституцион кенгаши «Арманлар геноциди тўғрисида»ги қонун лойиҳасини рад этди. Бунга мазкур қонуннинг сўз эркинлигини бузиши сабаб қилиб кўрсатилди.
Қонун лойиҳаси шу йилнинг 23 январида парламент томонидан қабул қилинган эди. Унга кўра, арманлар геноцидини омма олдида тан олмаслик 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 45 минг евро жазога сабаб бўлиши керак. Яқин кунларда президент Николя Саркози қонунга имзо чекмоқчи бўлиб турганди. Бу қонун, турган гапки, арманларга жуда маъқул бўлган эди, чунки улар 1915-1917 йилларда Усмонийлар империясида 1,5 миллионга яқин миллатдошлари қирғинга учраганини даъво қилади.
Франция парламентининг бир гуруҳ аъзолари мазкур қонуннинг миллий қонунчилик асосларига тўғри келмаслигини таъкидлашди. Жумладан, депутат Жак Миарнинг айтишича, «Арманлар геноциди тўғрисида»ги қонун конституцияда белгилаб қўйилган сўз эркинлигига зиддир. Бу фикрни Конституцион кенгаш ҳам тасдиқлади.
Франция Конституцион кенгаши қарори Туркияга маъқул келди, албатта. Қонун парламент томонидан қабул қилинган пайт Туркия қаттиқ норози бўлган ва Франция билан бир қанча соҳалардаги алоқаларини узган эди.

 
МАГИСТРАНТЛАРГА ИМТИЁЗЛАР БОРМИ?
Савол сиздан
28.02.2012 г.
Image

«Мен университетнинг магистратурасини тамомлаганман. Ҳозирда Муҳандислик-технология институтида инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлайман. Уч йилдан ортиқ стажим бор. Коллежда ишлаётган магистратурани тамомлаганлар катта ўқитувчи лавозимида фаолият юритишар экан. Мен ҳам катта ўқитувчи лавозимида ишлашим мумкинми ёки аттестациядан ўтишим керак бўладими? Шу ҳолатда магистратурани битирганим асқатадими? Ойлик маошим қандай тартибда тўланади?»
Илёс Шокирбоев

– Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни (профессор-ўқитувчилар таркибини) “Олий таьлим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғриси»да НИЗОМга ва “Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, танлов асосида ишга қабул қилниши тартиби белгиланган.
Чуқур касбий билимларга ва илмий ютуқларга, ижодий, илмий салоҳиятга, юксак интеллектуал қобилият ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талаблари даражасида мутахассислар тайёрлаш билан шуғулланишга муносиб бўлган энг малакали педагог кадрларни танлаш учун рақобат муҳитини яратиш ва таъминлаш танловнинг мақсади ҳисобланади.
Низомнинг 7-бандига асосан катта ўқитувчи лавозимини эгаллаш учун танловда олий маълумотга эга бўлган шахс (магистр, дипломли мутахассис), шунингдек, илмий даража ва илмий унвонга эга бўлган ҳамда бундай даража ва унвонга эга бўлмаган, бироқ ўқитувчилик, илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш ишлари тажрибасига эга бўлган шахслар ҳам қатнашиши мумкин.
Ўқитувчи (ассистент) лавозимини эгаллаш учун танловда тегишли мутахассислик бўйича олий маълумотга эга бўлган шахс (магистр, дипломли мутахассис) қатнашиши мумкин.
Шунингдек, “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимлари асосий лавозимларининг МАЛАКА ТАВСИФЛАРИ” йўриқномасининг 12-бобида катта ўқитувчига қўйилган малака талаблари қуйидагича кўрсатилган:
а) катта ўқитувчи касб-ҳунар коллежи (академик лицей) таълим соҳасига мос олий маълумотли педагог, муҳандис-педагог ёки бошқа маълумотга, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида камида 3 йил ўқитувчилик стажига эга бўлиши керак. Магистр даражасига эга бўлган ходимга аттестация ўтказилмасдан, ўқитувчилик стажига қўйиладиган талаблардан қатъи назар, катта ўқитувчи малака даражаси берилади;
б) катта ўқитувчи лавозими берилаётганда қуйидаги кўрсаткичлар эътиборга олинади:
малака қуйидагилар билан аниқланади: педагогика назарияси, психология ва ёш физиологияси асосларини билиши;
ўқитилаётган фаннинг таянч компонентлари мазмуни ва таълим-тарбия методларини яхши билиши.
Мавлуда Боймирзаева, адвокат

 
БИР ФУТБОЛЧИ КУНДАЛИГИ
Спорт
28.02.2012 г.
Image

Шу десангиз, бир латифага кўзим тушиб қолди. Ўқиб кўрсам, бизнинг футболга ҳам алоқаси бордек туйилди. Хуллас, бундай футболчилар ҳамма ерда топилади. Бу латифа ҳам ўшанақа «меҳнаткаш» футболчиларга бағишланган…
4 март. Таътилдан зўрға қайтдик. Мураббий менда ортиқча 15 кг вазн борлигини айтди. Айтарли ҳеч нарса қилмаган бўлсам, шунча ортиқча вазн қаердан келиб қолибди, ҳайронман…
17 март. Кечаги «қиттай-қиттай»дан сўнг эрталабдан бошим оғрияпти. Ўттиз метр масофадан дарвозага зарба бердик. Айтганча, мураббийимиз янги нарса ўйлаб топибди: жарима зарбаларини бош билан амалга оширяпмиз.
24 март. Туркиядаги йиғинимиздан хотинимга оёқни, қайнонамга эса юзни тетиклаштирувчи крем олиб келдим.
7 апрел. Бутун кун давомида нима фойдали иш қилдинг, дейсизми? 24-дақиқада Вовкага аниқ тўп узатдим. Энг муҳими, карточка олмадим. Нақадар омадли кун!!!
23 апрел. Кеча болалар билан ҳовлида футбол ўйнадим. Оёққа ортдан зарба бериш услубини янада такомиллаштиридим.
30 апрел. Бугунги «ишкал»да битта зўравоннинг оёғига тепдим. Лекин ҳеч қандай маза сезмадим, футболдагиси барибир бошқача-да…
19 май. Урюпинскка учдик. Самолётда карта ўйнадик. Формамни ютқазиб қўйдим. Биринчи бўлимни тўлиғича костюм-шим ва галстукда ўтказдим.
22 май. Мураббий яна озишим зарар қилмаслигини айтдим. «Жа тупой»де шуям! Ахир ўзингиз ўйланг, захира ўриндиғида ўтириб қандай қилиб озиш мумкин? «Тим боли» қўлимда чипс билан пиво бўлса ва ҳеч қанақа ҳаракат бўлмаса…
6 июн. Қайнонам боғимизга экиш учун майдондаги чимдан озгина олиб келишимни сўради. Шартта юлиб олиб бориб бердим. Энди бўлса, боғ учун скамейка сўраяпти. Жуда оқибатсиз одам-да, куёвини ўйламайди. Куёвим скамейкани боққа олиб келса, ўйин пайтида нимада ўтиради, демайди-я.
10 июн. Кеча етакчи жамоа билан 2-2 ҳисобида дуранг ўйнадик. Мен тўртта гол урдим.
12 июн. Бугун машғулотдан сўнг китоб дўконига бордим. Луғатлардан мураббий ишлатаётган баъзи сўзлар нимани англатишини билиб олмоқчи бўлдим. Ҳаммаси бефойда! Энди четдан луғат буюртма қиламан. Балки, у ерда бордир.
16 июн. Анови аблаҳ рақиб футболчиси дарвозабонимизнинг кўзига лазер туширяпти! Шартта етиб олиб, ҳамма ёғига лой суриб ташладим. Сал бўлсаям хумордан чиқдим.
Ўйиндан кейин футболкамни тўртта «Покемон» сурати туширилган қоғозларга алмащтирдим. Одатий ўйин учун ёмонмас.
13 июл. Менга Романцевнинг шахсан ўзи қўнғироқ қилиб, жамоадошим Петьковни чақириб беришимни илтимос қилди. Кичик бўлса ҳам, қувончли хабар. «Зато» мени терма жамоа мураббийлари ҳамон ёдларида сақлашаркан.
15 июл. Петьковнинг айтишича, унга терма жамоа мураббийи қизиқиб қолибди. Ўз жамоасига таклиф қилибди, «палон-пистон» нарсаларни ваъда берибди (телевизорда чиқасан, гербли чиройли форма берамиз). Унга қанақадир қўшиқни ўргатишармиш. Ҳа, майли, ўйлаб кўрамиз.
24 июл. Менга Қирғизистондан қўнғироқ қилиб, ўз терма жамоаларига таклиф қилишди. Наҳотки, мен шунчалар ёмон ўйнасам?
4 август. Бугун бошимга узоқдан йўлланган зарбани қабул қилиб олдим. Лаънати! Қандай яшаяпмиз? Қандай ўйнаяпмиз? Гуллаган йилларимизни нималарга сварфлаяпмиз?!
8 август. Яна «Реал»дан таклиф тушди. Нимагадир массажчимиз ҳаммамизни бир хил услубда «кийдиришга» ҳаракат қилмоқда.
10 август. Кеча дўстим Колян Леверкузендан қайтиб келди. Нотўғри тушунманг, у ерга даволангани борганди. Айтишича, мазза қилиб дам олибди. Эҳ, мен бечора бутун фаолиятим давомида лоақал бирон марта жиддийроқ жароҳат олмабман. Роса алам қиляпти. Ҳеч бўлмаса, тиззадан жароҳат олмайманми, жуда бўлмаса, захирада ўтираверганимдан яра-пара орттириб олсам ҳам рози эдим.
11 август. Бугун футбол ўйнадик. Роса кўп югурдим. Бир вақт тўп адашиб менинг оёғимга келиб тушди. Оғриқдан бир ярим дақиқа юмалаб ётдим. Энди фақатгина уч ҳафтадан сўнг ўйнашим мумкин, бу вақт ичида квартирамни таъмирлашим ва картошка қазиб олишга улгуришим керак.
12 август. Кеча қанақадир «Қанотлар» деган жамоа билан ўйнадик. Ўйиннинг охирини жуда ёмон ўтказиб, 0:8 ҳисобида «ўтириб қўйдик». Агар яхшироқ ўйнаганимизда, муносиб тарзда 0:7 ҳисобини ушлаб қолишимиз мумкин эди.
20 август. Миш-мишларга қараганда, кўп ҳакамлар мўлжал олишда адашишармиш, гўёки кўриш қобилиятлари яхшимасмиш. Ғирт бўлмаган гап! Лекин бошқа тарафдан қараганда, трибунадаги шунча одам бекорга бақирмаса керак…
21 август. Иккинчи бўлим олдидан мураббийимизга ўз тактик мулоҳазаларимни баён этдим. У ўйин охиригача ўзини кулгидан тута олмади.
28 сентябр. Бугун тамадди қилаётиб ўйлаб қолдим. Ҳозир, мана, 29 га кирибман, яна 10-15 йил тўп тепарман. Кейин-чи?.. Хуллас, жавобни тополмадим, чунки тушлик вақти тугаб қолди.
6 октябр. Бугун ҳакам ўйинга 7 дақиқа қўшиб берди. Мен ундан вақтлироқ жавоб сўрадим. Ахир телевизордан Чемпионлар лигасини кўрсатишяпти. Футболга қизиқмайдиган ановилар менга деса кечаси билан футбол ўйнаб чиқмайдими.
9 октябр. Қаранг, жуда қизиқ. Пенальтини ҳам 11 метрлик масофадан бажаришади ва ҳар бир жамоа сафида 11 нафар футболчи ҳаракат қилади. Ажойиб ўхшашлик, шундай эмасми? Балки, бу атайлаб шу тарзда ўйлаб топилгандир? Эҳ-хе, бу ўйинда шунақа жумбоқлардан қанчаси бор-а? Улар камида иккиталиги аниқ.
20 октябр. 30 га кирдим. Тамом! Мен қарияман. Энди захира ўриндиғида ҳамма менга жой бўшатишни бошлайди…
11 ноябр. Мураббий билан чин дилдан гаплашиб олдим. Билсам, ҳаёти расво экан! Унга ҳасад қилмай қўйдим.
Азиз Комилов тайёрлади.

 
ЮРАГИМГА ЁҒДИ ЁМҒИРЛАР
Мутолаа
28.02.2012 г.
Image

Икки кун тинимсиз ёмғир ёғди. Ёмғир ер юзига эмас, менинг юрагимга, ичимга ёғди гўё. Кўзимдан тошиб чиқишга шай бўлиб турган ёшларим гўё ёмғир бўлиб юзларимни ювгандек туйилди менга. Ич-этимни кемириб, дарду ҳасратимга айланган туйғуларим ҳам шу ёмғирга қўшилиб бутун борлиқни эгаллаб олгандек бўлди. Бақиргим келди. Фарёд ургим келди. Бутун дунёни қоп-қора булутлар эгаллаб, ҳамма ёқда кўз ёшларим оқаётгандек туйилди менга. Ўзимни шу қадар бахтсиз, шунчалар ожиз ҳис қилдим. Кимгадир зорлигимни сездим...
Тўрт бекатни пиёда босиб ўтдим. Ёмғир шариллаб ёғиб, ҳамма ёғим шалаббо бўлган эса-да, танам совуқни сезмас, кўксимни бир ўт куйдираётгандек менга ҳаво етишмасди. Сочларимдан сизиб тушаётган ёмғир томчилари бир армон сингари юзларимни силар, уларни бағримга қаттиқроқ босгим, қучоқлагим келарди. Ҳа, ёмғир томчиларини бағримга босгим келарди жуда. Зеро, ёлғиз ҳамроҳим улар эди. Улар менинг кўнглимдан нелар кечаётганини англарди, назаримда. Кўксимдан отилиб чиқишга шай фарёдимни ҳам эшитгандилар. Шунинг учун ҳам мени ёлғиз қўйишни истамаётгандек эдилар. Қаранг, ҳатто улар ҳам менинг дардимни ҳис қила билди. Менга ҳамроҳ бўлди. Аммо сиз...
Шунча чорласам-да, чақирсам-да, овозимни эшитмайсиз. Етиб бормайди сизга менинг нола-фиғонларим. Гўё қулоғингиз кар, кўзларингиз... Йўқ, йўқ, мен сизни айбламоқчи эмасман. Бунда сизнинг айбингиз йўқ. Мен ўзим гуноҳкорман. Ахир шу пайтгача сизга кўксимда тош каби қотиб ётган дардларимнинг ақалли зиғирчасини ҳам айтганим, билдирганим йўқ. Билдирмайман, айтмайман ҳам. Негалигини биласизми? Чунки ҳозир кўзларимдан ёмғирдай тошаётган, ёмғирга айланиб осмондан қуйилаётган ёшларимни кўришингизни, ожизлигимни билишингизни истамайман. Ҳатто сизга-да кўрсатолмайман юрагимнинг қанчалар дардмандлигини. Ҳатто сизга-да очиқ-ошкор айтолмайман мени қандай изтироблар қийнаётганини. Билсангиз эди, бунинг нақадар оғирлигини. Кўксида улкан, зил тошни кўтариб юриш қанчалик оғирлигини билсангиз эди.
Мен сизга ҳеч қачон ҳасрат қилмаганман. Қилмайман ҳам. Ундан кўра ерга кириб кетганим яхши. Сизда ачиниш, раҳм-шафқат туйғуларини уйғотишга уринмайман ҳеч қачон. Менга ачиниб қарашингизни, меҳрингизни садақа қилишингизни истамайман сира. Менга садақа қилинган меҳр, шафқатга айланган муҳаббат керакмас. Бундай меҳр-муҳаббатни қабул қилишга рози бўлган куним, билингки, юрагимни ҳам қатл этаман. Юраксиз яшай бошлайман. Аммо унда мен мен бўлмай қоламан. Сизга ҳам, дунёларга ҳам бегона бўлиб қоламан. Сиз эса бегонага меҳрингизни беролмайсиз. Ҳатто садақа ҳам қилолмайсиз. Шунинг учун бу ҳақда ҳеч қачон ўйламанг. Менинг гоҳо ғамга ботганимни кўрганингизда ҳам, “Бахтсиз экан” деган хаёлга бора кўрманг. Гарчи шундай бўлса ҳам, мен ҳеч қачон буни тан олмайман. Иқрор бўлмайман кўнглимдан ўтаётган туйғулар, қалбимни ўртаётган ҳислар мени ожиз қилиб кўяётгани, бахстиз кимсадай юрагимни ғамга ботираётганига. Сотқин нигоҳларим сизга қадалишига ҳам йўл қўймайман. Ишонинг, мен ўзимда шунга куч топа оламан. Иродам етади сизга қарамай, кўзларингизни кўрмай яшашга. Чунки мен учун шафқат тўла нигоҳларингизни кўриш ҳақорат. Менга ачиниб қарашингизни кўрмасам, бахтсиз, бечора деб ўйлашингизни билмасам, бас. Балки бошқалар садақа қилинган меҳрни қабул қила олар, шундай оғир юк билан яшашга сабри етар, аммо мен...
Биласизми, аслида ёмғир ёққанда, мен ўзимни бахтли сезаман. Тангри менга шафқат ёмғирини ёғдиряпти, тақдир менга ҳиммат кўрсатяпти, деб ўйлагим келади бундай чоғларда. Ёмғир томчилари баданимни жунжиктирса-да, эгним хўл бўлса-да, руҳим юксалади, кайфиятим кўтарилади, онгим тиниқлашади. Шу қисқа бахтиёрликдан ўзга нарсани ўйламай қоламан.
Аммо негадир бу гал бундай бўлмади. Бу гал ёмғир менга шафқат, ҳиммат эмас, балки хўрлик, ҳақорат тошларидай оғир туйилди. Шу гал сизни ёнимда кўргим, кўзларингизни бир он термилгим келди. Аммо кейин бу истагимдан ўзим уялиб, қўрқиб кетдим. Бир лаҳзалик ожизлигимдан, бахтсизлигимдан уялдим, билсангиз. Биламан, сиз ҳеч қачон мени бахтсиз кўришни, қийналишимни истамайсиз. Ёрдам беришга, юпанч-таскин бўлишга уринасиз. Буни инсонийлик бурчингиз деб биласиз. Бироқ бу нарса мени баттар бахтсиз қилишини тушунолмайсиз. Шунинг учун ҳам ўша дамда ўзимдан нафратланиб кетдим. Ёмғирда шалаббо бўлиб, худди ёмғир сувлари каби ерга сингиб кетгим келди. Осмондан эмас, юрагимдан тошиб чиққан ёмғирларнинг бағрида бир умр қолиб кетгим келди...
Сизга зорлигимни сездим. Аммо буни ҳеч қачон тан олмайман. Бу ёмғир ерга қайта ёғмагани сингари мен ҳам энди бундай ожизлик қилмайман...
СЕВДОРА

 
<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

Натижалар 145 - 160 1385