|
Хидоят сабоклари
|
|
03.04.2012 г. |
 «Кўпчилик тасаввуфнинг келиб чиқишини бошқа динларга, жумладан, буддизмга боғлайдилар. Бошқа манбаларда эса Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврларига боғлайдилар. Илтимос, тасаввуф қачон ва қаердан бошланганлиги ҳақида маълумот берсангиз».
– Тасаввуф сўзининг келиб чиқиши ҳақида турли фикрлар мавжуд. Улардан: “суф” жун, “соф” покиза, “саф” – мусулмонларнинг қатори сўзларидан ёки Муҳаммад алайҳиссалом даврида Мадинадаги масжид олдидаги суффада ўтириб, фақат илм ўрганиш билан машғул бўладиган “аҳл ас-суффа” – суффа аҳли номидан олинган бўлиши мумкин дегувчилар бор. Абулқосим ал-Қушайрий (ваф. ҳ. 465 й.): “Суфий, тасаввуф сўзларининг араб тилида қиёси ёки келиб чиқиши учрамайди. У лақабга ўхшаган сўз”, – дейди.
Манба ва адабиётларда келтирилишича, суфийларнинг биринчи кўриниши зоҳидлик бўлиб, ҳижратнинг иккинчи асрида, Умавийлар сулоласининг ҳукмронлик йилларида жамиятдаги қонунбузарликлардан норози ҳолда ажраб чиқувчилардан вужудга келган. Имом Қушайрий ўзининг «Рисолайи қушайриййа» асарида: “Тасаввуф Муҳаммад (а.с.) даврида ҳам, саҳобийлар даврида ҳам бўлган”, – дейди. Тасаввуф силсилалари икки йўл, Али ибн Аби Толиб ёки Абу Бакр ас-Сиддиқ орқали эса Муҳаммад (а.с.)га бориб тақалади. Яъни бундан тасаввуф янги нарса эмас, балки Пайғамбар (а.с.) давридан бошланган деган хулоса келиб чиқади. Энди тассаввуф таълимотига буддавийлик, христианлик ёки бошқа бирор диннинг таъсири бўлганми, деган саволга тўхталсак, шундай дегувчилар йўқ эмас. Масалан, Идрис Шоҳнинг асарларини кўрсак, у тасаввуфда буддавийлик, христианлик, яҳудийлик, ҳиндуийлик, Юнон фалсафасининг унсурлари-элементлари бор дейди. Буларнинг ҳар бирида ҳам таркидунёчилик ёки дарвишлик ғоялари каби ўхшаш тарафлари учрагани учунгина улар бир-биридан олган дейиш тўғри бўлмайди. Тасаввуфнинг келиб чиқишида бошқа диннинг ўрни йўқ, аммо кейинчалик унинг баъзи йўналишларида исломга тўғри келмайдиган ақидалар пайдо бўлишида маълум таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Яъни тасаввуф амал, тақводир, улар тўлиқ ислом ақидасига мос бўлиши керак. Бунинг учун эса илм керак, чунки илмсизлик орқали турли нотўғри ғоялар келиб чиқиши мумкин. Имом Молик айтадиларки: “Кимки фақиҳ бўлса-ю, суфий бўлмаса, у фосиқдир, кимки, суфий бўлса-ю, фақиҳ бўлмаса, у кофирдир”. Булар ҳақида тасаввуф мавзусидаги дарсларда тўлиқроқ маълумот олиш имкониятига эга бўласизлар.
|
|
Шоу-бизнес
|
|
03.04.2012 г. |
 Таваллуди: 1984 йил, 3 июл. Фарғона шаҳри.Ёқтиради: меҳмон кутишни.Ҳаётдаги шиори: “Ҳамиша олға!”
– Сурайё, фарзандли бўлганингиздан кейин ижодингизда бироз танаффус қилишга қарор қилгансиз чоғи?
– Албатта, бу табиий ҳол-ку. Деярли барча ижодкор аёллар фарзандли бўлгач, ижодларида бироз узулиш рўй беради. Ҳомиладорлик чоғимда ҳам халқ хизматида бўлганим учун фарзандли бўлганимдан кейин ижодда танаффус қилмасликни ният қилгандим. Лекин ижодимга нисбатан она меҳри устун келди. Фарзандимнинг суяги бироз қотгунча фақат унинг тарбияси билан шуғулланишга аҳд қилдим. Очиғи, ана қизим куляпти, энди йиғлаяпти, деб икки йиллик танаффус қандай ўтиб кетганлигини билмай қолдим (кулиб).
– Ҳали ёш бўлганингиз учун фарзанд парвариши ва тарбияси борасида тажрибага эга эмассиз. Хўш, бу борада кимнинг кўмагига суянаяпсиз?
– Турмуш ўртоғим билан тўйдан кейин алоҳида яшашга қарор қилганмиз. Бола парваришида билмаганларимни яқинларимдан сўраб, аста-секин ўрганаяпман. Ҳеч ким онасининг қорнидан ҳамма нарсани ўрганиб туғилмайди. Қўлдан келганча турмуш ўртоғим билан қизимиз Садафга тарбия беряпмиз. У бир ёшга тўлар-тўлмас қарсак чалиб ўйнайдиган одат чиқарди. Унинг бундай қилиқларини кўриб, санъаткор бўлишидан жуда қўрқяпман.
– Қўрқяпман?! Бу нима деганингиз?
– Аёл киши учун оила билан санъатни тенг тутиш ниҳоятда қийин экан. Яхши ҳамки, тақдир мени санъатни тушунадиган инсон билан учраштирди. Бундай имконият ҳаммага ҳам берилавермайди. Шунинг учун қизим бирор ҳунар соҳиби бўлишини жуда истайман.
– Билишимча, турмуш ўртоғингиз билан анча йил дўст бўлиб, кейин оила қургансиз. Дўстингиздан севги изҳорини эшитиш бироз ғалати бўлса керак-а?
– Турмуш ўртоғим мендан аввал Ўзбекистон давлат консерваториясининг созандалик бўлимида таҳсил олган. Иккимиз ҳам санъаткор бўлганимиз учун кўп масалаларда у билан маслаҳатлашардим. Бу каби суҳбатлар бора-бора бизни яқинлаштирди, яқин дўстга айландик. Ҳусан мени севишини дилдан ҳис қилардим. Лекин у айримларга ўхшаб, очиқчасига севишини айтмаган. Менинг ҳам қизлик ғурурим устун келиб, дилимдагиларни айтмасдим. Шунинг учун турмуш қуриш таклифини айтганда, буни оддий қабул қилдим. Ҳатто тўй кунимиз аниқ бўлганда ҳам қўл ушлашганча кўча-куйда юриб, муҳаббатимизни достон қилмадик. Бизнинг муҳаббатимиз – яширин севги.
– Сизга “Арзанда жоним” қўшиғингиз катта шуҳрат олиб келди. Нега яна шу каби дардли қўшиқларни ижро этмаяпсиз?
– Дард-ку етарли, лекин... (кулиб). Бу қўшиқнинг яралиши ҳам бир омад эди. Бир куни турмуш ўртоғимга бастакор Бунёд Абдуллаев “Арзанда жоним” қўшиғининг мусиқаси ва матнини бериб: “Сурайё айтолармикан?” – дебди. Шеърни ўқиб, кўзларим ёшланди. Бундай дардли шеърни ким ёзганлигига жуда қизиқдим. Ахир бу каби дардли, аламли шеърни ҳар ким ҳам ёзавермайди. Ундаги “Ёримга айладим жонимни фидо, ногоҳ келиб, деди хайр, алвидо”,
эътиборимни тортди. Аввалига уни “Замин FМ” радиосида бериб бордик. У кўпчиликка маъқул келди, чоғи, бошқа радиолар ҳам айлантира бошлашди. Радио тўлқинларида қўшиғимни “Мухлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда”, деб беришса, ўзимни йиғидан тийиб туролмасдим. Кейин шу қўшиғимга клип суратга олиш таклиф қилинди. Клип журналист Ойбек Алиевнинг ғояси асосида суратга олинди. Бунинг учун Ойбек акага миннатдорчилик билдираман.
– Сизни бир қўшиқ билан “кўтарилган” хонандалар тоифасига киритиш мумкинми?
– Бундай дейишингизни истамасдим. “Битта қўшиқнинг ортидан келган шуҳратдан қўрқиш керак. Тез ёнган аланга тезда сўнади”, – деб насиҳат қилишган устозларим. Балки, халққа танилишимда “Арзанда жоним”нинг ўрни каттадир. Унга клип суратга олдик, бир нечта телеканалларда айлантирдик, фильм учун саундтрек бўлди... Агар бошқа қўшиқларимни ҳам шундай айлантирганимда... Хоразмлик хонанда Муродбек Қиличев билан “Қалбим кўзида” номли дуэтни ижро этдим. Назаримда, у ижро этган дуэтларим орасида энг яхшиси бўлса керак. Унда ортиқча нола, овозда ҳеч қандай зўриқиш йўқлиги боис яйраб ижро этдим. Имкон бўлганда, бу қўшиққа ҳам клип суратга олардик.
– Тўй-хизматларга ҳам фарзандингизни олиб борганингиз ҳақида эшитдик. Сурайё, бу билан нимани исботламоқчисиз?
– Тўғри, бир неча марта хизматларга қизимни ҳам олиб боришимга тўғри келди. Юқорида айтганимдек, унинг парвариши билан фақат мен ва турмуш ўртоғим шуғулланамиз. Бундан ташқари, қизим Садафдан бир зум ҳам айрилишни истамайман. Афсуски, орамизда яхши инсонлар билан бирга ёмонлар ҳам кўплаб топилади. Кейинчалик унга кўз тегишидан қўрқиб, Садафни одамларнинг эътиборидан узоқлаштиришга ҳаракат қиляпман. Худо барчага ҳам фарзанд беравермайди. Инсонлар орасида ўзганинг бахтини кўролмайдиганлар ҳам кўп экан. Ниҳолдек нозик қизимни улардан ҳимоя қилишим кераклигини тушуниб етдим. Сиз айтгандек, одамларга ниманидир исботлашни хаёлимга ҳам келтирмаганман.
– Кўп тушкунликка тушасиз, чоғи?
– Тушкунликка тушиш... (бироз ўйланиб). Балки, характеримдаги бироз жиддийлик сабаб шундай хулосага келгандирсиз. Бу гап билан умуман тушкунликка тушмайман, демоқчи эмасман. Санъатда ва оилада ҳар қандай вазиятлар бўлиб туради. Айниқса, санъатнинг ортидан келадиган тушкунликларга кўникиб ҳам қолдим.
– Тушкунликдан қандай қутуласиз?
– Бундай дамларда фақат турмуш ўртоғимга суянаман. Халқимиз санъатни севади. Шу билан бирга, одамлар негадир санъаткор ҳақида бўлар-бўлмас миш-мишларни ҳам тарқатишади. “У ундай экан, бу бундай экан”, деган сўзлари кўнгилни хижил қилади. Ўзим ҳақимдаги пичир-пичирлар юрагимга ниш бўлиб санчилади. Ахир санъаткор ҳам оддий инсон. Тангри биридан сиққан бўлса, бошқасидан сийлашига ишонаман. Очиғи, одамларнинг юзаки меҳр-мурувват кўрсатишларини истамайман.
– Сизни кўпчилик Озода Саидзода ва Гулсанам Мамазоитовага тақлид қилишингизни айтаади. Бу фикрга муносабатингиз қандай?
– Уларга тақлид эмас, ҳавас қиламан. Сиз қаердан эшитгансиз билмадим-у, кўпчилик овозим уларнинг овозига ўхшашини айтган. “Барча қўшиқлар бор-йўғи еттита нотада ижро этилади, шунинг учун бир-бирига ўхшаса керак”, – деб қўяман.
– Санъаткор маълум бир чўққига эришгандан кейин “антиқа” касалликка чалинади. Сиз-чи?
– Юлдузлик касаллиги ҳақида гапиряпсиз. Биласизми, инсон иш кўпайган сари атрофдагиларга беэътибор бўла бошлар экан. Баъзан кимнингдир саломига алик оламан, бошқасининг олдидан беэътибор ўтиб кетаман. Чунки хаёлида ижод билан боғлиқ ўй-фикрлар тинмай айланаётган бўлади. Бундай ҳолат фақат санъаткорда эмас, бошқа касб соҳибларида ҳам бўлиб туради. Яқинларим ёки бирон танишларимга беэътибор бўлаётган бўлсам, узр сўрайман.
– Суҳбат мобайнида турмуш ўртоғингизга бир неча бор қўнғироқ қилдингиз. Руҳшуносларнинг фикрича, турмуш ўртоғини тез-тез безовта қилиб турадиганлар, ўта рашкчи инсонлар саналишар экан…
– Тўғри, рашкчи эканлигим рост. Лекин ҳозир рашк туфайли унга қўнғироқ қилаётганим йўқ. Бир-икки ҳафта ичида мухлисларга янги таронани тақдим этмоқчимиз. Унинг барча югур-югурларини Ҳусан акамга ишониб топширганман (кулиб). Рашк борасидаги саволингизга келсак, ҳеч қачон сабабсиз рашк қилмайман. Агар унинг ҳаракатларида бирор ўзгаришни сезиб қолсам, жим ўтармаслигим аниқ.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Келгуси ишларингизда омад ёр бўлсин!
Наргиза Муродова суҳбатлашди.
|
|
Мутолаа
|
|
03.04.2012 г. |
 ЙИҒЛАМАНГ
Доим хушнуд яшанг, шод яшанг фақат,
Қайғу кўчасига яқин йўламанг.
Кўзингиз ёшига қилолмам тоқат,
Фақат сиз йиғламанг... йиғламанг...
Оймома жилмайсин кулгичингизда,
Ойдек чеҳрангизни ғамдан доғламанг.
Майли, қараб ўтманг кўз учингизда,
Фақат сиз йиғламанг... йиғламанг...
Агар истасангиз унутинг мутлоқ,
Ёдингизга тушсам, бир бор йўқламанг.
Ғунча лабингизга инмасин титроқ,
Фақат сиз йиғламанг... йиғламанг...
Оромингиз бузиб гоҳо тунлари,
Тушингизга кирсам, майли, ухламанг.
Нохуш хаёлларни четлатинг нари,
Фақат сиз йиғламанг... йиғламанг...
Қисматнинг қасдидан кўнглимиз ғаш-ку,
Сиз ҳам аламларга қанот боғламанг.
Шу инжу ёшларга арзисам кошки,
Фақат сиз йиғламанг... йиғламанг...
Соғинчдан хаста дил оқса эзилиб,
Қошингизга борсам, дардим тингламанг.
Кетсам бу оламдан паймонам тўлиб,
Фақат сиз йиғламанг... йиғламанг…
Рустам Жабборов
ШУНДАЙ СЕВАМАН
Бир ўзгача оташда ёниб,
Не-не пари-ҳурлардан тониб,
Гоҳ ўзимдан ўзим қизғониб,
Мен бир қизни шундай севаман.
Қўлим тегмас билакларига,
Беш кетаман кўйлакларига,
Жон бериб соч турмакларига,
Мен бир қизни шундай севаман.
Чидаб фироқ, ишва, нозига,
Маҳлиёман мен овозига,
Ташна бўлиб кўнгил розига,
Мен бир қизни шундай севаман.
Ой бўлса у осмони ўзим,
Гул бўлса у боғбони ўзим,
Бир кулса у қурбони ўзим,
Мен бир қизни шундай севаман.
Тақдир менга толе бермаса,
Қаршимда ой бошин эгмаса,
Уйланмайман менга тегмаса,
Мен бир қизни шундай севаман.
Боқмасмикин менга ҳам бироз,
Ҳар кечада йиғлаганим рост,
Изларига жоним пояндоз,
Мен бир қизни шундай севаман.
Қаршисида лолман, забонсиз,
Дедим зўрға, дилда ҳамон сиз,
Деди: кетинг, жуда ёмонсиз!
Мен бир қизни шундай севаман…
Бахтиёр Ортиқов, Андижон вилояти
|
|
Бу ажиб дунё
|
|
03.04.2012 г. |
Untitled Document
- Ҳар йили дунёда ишлаб чиқариладиган бетонни сайёрамиз аҳолисига тақсимланса, бир кишига қарийб бир тоннадан тўғри келади.
- Озон қатламининг атмосферадаги концентрацияси 1 фоизга камайиши тери саратони ривожланишини 6 фоизга кўпайтиради.
- Кислотали ёмғир илк бор 1852 йилда кузатилган.
- XVIII асрнинг ўрталарига келиб 1 миллион 700 мингта ҳайвон ва ўсимликлар аниқланиб, уларга ном берилган.
- Одам йилига ўртача 4 килограмм озиқ-овқат қўшимчалари, консервантлар, бўёқлар ва шунга ўхшаш моддаларни ейди.
- Ривожланган мамлакат фуқароси харид қилган озиқ-овқатнинг ўртача 14 фоизини ахлатга ташлаб юборади.
- Бошқа ҳафта кунларига қараганда сешанбада чақалоқлар кўпроқ дунёга келади.
- Сақичларга каучук қўшилади. Шунинг учун ҳам уларни шишириб, пуфак ясай оламиз.
- Дунёда фақатгина Андаманд оролларидагилар ва пигмейлар оловдан фойдаланишмайди.
- Чилидаги Атакама саҳросидаги Калама деб аталувчи ҳудудда ҳеч қачон ёмғир ёғмайди.
- Кундузи булутлар тундагидан баландроқда бўлади.
- Иккинчи жаҳон урушигача АҚШда қора танлилар армияга олинмаган.
- Меркурийда кун йилдан икки баравар узоқроқ. Сайёра ўз ўқи атрофида жуда секин айланади, Қуёшни эса 88 кунда айланиб ўтади.
- Статистикага кўра, сайёрамизда номаълум учар жисмлар Марс Ерга максимал яқинлашганида энг кўп кузатилади.
|
|
Янгиликлар
|
|
02.04.2012 г. |
 Олимларнинг айтишича, Японияга қаттиқ ер силкиниши кейин баландлиги 30 метрга етадиган цунами ёпирилиши мумкин.
Япон олимлари «Нанкай ёриғи»нинг силжиси натижасида яқин ўн йил ичида кучли зилзила рўй бериши мумкинлигини айтишмоқда.
«Нанкай ёриғи» океан тубида жойлашган бўлиб, узунлиги 900 километрга етади. Мазкур ёриқнинг силжиши натижасида охирги марта 1946 йилда магнитудаси 8,1 га тенг зилзила рўй берган ва кучли цунами 35 мингдан ортиқ турар жойни вайронага айлантирган эди.
2003 йилда ўтказилган тадқиқотдан кейин агар зилзила рўй берса, цунамининг баландлиги 20 метрга етиши айтилган эди. Бироқ энди олимлар айрим ҳудудларда унинг баландлиги 30 метрдан ошиши ҳақида огоҳлантиришмоқда. Айниқса, Коти префектураси (Сикоку ороли) катта талафот кўради, у ерда цунамининг баландлиги 34,4 метрга етиши эҳтимоли бор. Токио соҳилларига эса 2,3 метрли сув тўлқини ёпирилади.
|
|
Янгиликлар
|
|
02.04.2012 г. |
 АҚШда бўлиб ўтган аукционда Уитни Хьюстоннинг кийимлари 80 минг долларга сотилди.
Онлайн режимда ўтказилган ким ошди савдосида марҳум қўшиқчига тегишли айрим либослар ҳамда тақинчоқлар янги эгаларини топди. Маълум бўлишича, Хьюстон ўлимидан олдин қарзларидан қутулиш учун ушбу буюмларни сотмоқчи бўлган, лекин харидорлар ҳар бирига узоғи билан минг доллар таклиф қилишган. Ўлдинг, азиз бўлдинг, деганлари шудир-да…
Эслатиб ўтамиз, 48 ёшли Уитни Хьюстон шу йилнинг Лос-Анжелесдаги «Беверли Хилтон» меҳмонхонасида жонсиз ҳолатда топилган эди. Экспертизада аниқланишича, қўшиқчи ванна қабул қилаётганида юрак хуружига учраган, бунга эса унинг кокаин истеъмол қилгани сабаб бўлгани айтилмоқда.
|
|