7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

СМАРТФОН ЎЗ-ЎЗИНИ ҚУВВАТЛАЙДИ
Янгиликлар
20.03.2012 г.
Image

Лондон нанотехнологиялар маркази тадқиқотчиси Арман Ахнуд смартфонлар ўзларини қувватлай олиши учун янги услубни таклиф қилмоқда. 
Ишлаб чиқилган ўзига хос фотоэлемент дсплейнинг орқа қисмига ўрнатилади ва айнан дисплейдан чиқаётган ёруғлик ҳамда иссиқликни энергияга айлантириб, яна қайтариб узатади. Тадиқиқотчининг маълум қилишича, дисплейларга узатилаётган ёруғликнинг фақат 36 фоизигина бевосита дисплейни ёритиш учун нур таратишга, қолгани эса турли тарафларга бефойда сарфланади. Ахнуд яратган фотоэлементлар эса айнан ўша бефойда нурларни тутиб қолади.
Албатта, ҳозирча янги технология тўлиқ ишлаш имконини бермайди. Лекин тадқиқотчи келажакда бу тизимнинг фойдали иш коэфицентини 90 фоизгача оширишни мўлжалламоқда.

 
ОСИЁ ҚУРОЛЛАНМОҚДА
Янгиликлар
20.03.2012 г.
Image

Стокгольм Тинчлик муаммолари тадқиқоти халқаро институтининг маълум қилишича, сўнгги беш йил ичида дунёда қурол-яроғ савдоси 25 фоизга ўсган.
Дунё бўйича сотиб олинган жами қуролларнинг нақ 44 фоизи Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келар экан. Европада бу борадаги кўрсаткич 17 фоизни, Шимолий ва Жанубий Америкада 11 фоизни, Африкада эса 9 фоизни ташкил этади.
Энг кўп қурол-яроғ сотиб оладиган давлат Ҳиндистондир. У охирги беш йил ичида жаҳон бозоридаги қуролларнинг 10 фоизини харид қилган. Кейинги йирик қурол сотиб олувчилар Жанубий Корея (6%), Покистон (5%), Хитой (5%) ва Сингапур (4%) ҳисобланади.
2007-2011 йиллар давомида Сурия қурол-яроғ сотиб олишни 580 фоизга, Венесуэла эса 555 фоизга кўпайтирган.

 
ФРАНЦИЯ: МАКТАБ ЎҚҚА ТУТИЛДИ
Янгиликлар
20.03.2012 г.
Image

Кеча Франциянинг Тулуза шаҳрида номаълум жиноятчи яҳудий мактабини ўққа тутди. Натижада уч нафар бола ва бир ўқитувчи ҳалок бўлди, 17 ёшли ўсмир эса оғир жароҳатланди.
Жиноятчи скутерига ўтириб қочиб кетишга муваффақ бўлган, полиция унинг изига тушган. Маълумотларга кўра, март бошида Монтобан шаҳрида банкомат олдида турган уч нафар ҳарбий хизматчиларга қарата ўқ узган шахс ҳам айнан шу жиноятчидир. Ҳарбийларнинг икки нафари воқеа жойида вафот этган, учинчи эса жиддий жароҳат олган. Жиноятчи уларнинг пулларига тегмаган.
Мактабга ва ҳарбийларга қилинган ҳужум пайтида битта қурол ишлатилгани аниқланди.
Тулузага келган президент Николя Саркози бу воқеага миллий фожеа бўлганини, жиноятчи яҳудийлар ва мусулмонларнинг душмани эканини айтди. Монтобанда ўлдирилган ҳарбийлар мусулмон бўлган.
Бугун Франция мактабларида қурбонлар хотирасига бир дақиқа сукут сақланади.

 
ЯНГИ РАҲБАР ИШДАН БЎШАТИБ ЮБОРСА...
Савол сиздан
20.03.2012 г.
Image

«Ишхонамиз таъсисчилари ўзгариб, янги раҳбарлар ишдан бўшашимизни талаб қилишди. Лекин ўрганган жойимиздан кетгимиз келмаяпти, янги раҳбарлар шундай талаб қўйишга ҳақлими?»

– Меҳнат шартномаси қуйидаги сабабларга кўра бекор қилиниши мумкин:
1) тарафларнинг келишувига кўра. Ушбу асосга биноан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин;
2) тарафлардан бирининг ташаббуси билан;
3) муддатнинг тугаши билан;
4) тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра;
5) меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра. Меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш тўғрисидаги шарт меҳнат шартномасида бу шартнома иш берувчи томонидан корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилганда, шунингдек, қонунда йўл қўйиладиган бошқа ҳолларда ҳам назарда тутилиши мумкин;
 6) янги муддатга сайланмаганлиги (танлов бўйича ўтмаганлиги) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этганлиги муносабати билан.
Сизнинг ишхонангиз янги раҳбарлари Меҳнат кодексининг 98-моддасига асосан иш юритишлари ва уни билишлари лозим эди. Яъни корхона мулкдори алмашганда, шунингдек, корхона қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилганда) меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверади.
Янги мулкдор корхонанинг раҳбари унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир.
 Корхонанинг бошқа ходимлари билан эса меҳнат шартномаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳолда бекор қилиниши мумкин. Корхонанинг бир орган бўйсунувидан бошқа орган бўйсунувига ўтказилиши меҳнат шартномасининг амал қилишини тўхтатмайди.
Мавлуда Боймирзаева, адвокат

 
ЯПОНЛАР АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИГА ҚАРШИ
Янгиликлар
19.03.2012 г.
Image

Япония аҳолисининг 80 фоизи атом энергетикасидан буткул воз кечиш тарафдори. «Токио симбун» газетаси ўтказган сўронома натижаси шуни кўрсатмоқда.
Сўровномада иштирок этганларнинг 54 фоизи айни пайтда атом саноати ишлаб чиқараётган энергетика ресурсларига эҳтиёж борлигини, бироқ келажакда атом энергетикасидан бутунлай воз кечиш кераклигини билдирган.
Табиийки, одамларнинг хавотири ўтган йили юз берган «Фукусима-1» атом электрстанцияси ҳалокати билан боғлиқ. Декабр ойида Япония ҳукумати «Фукусима-1»даги ҳолат тамомила барқарорлашганини эълон қилган эди. Бироқ «Токио симбун» сўровномаси қатнашчиларининг 92 фоизи ҳали ҳам ушбу АЭС борасида ҳадикда эканликларини айтишган.

 
ҲАВОНИНГ ТАҲДИДИ…
Янгиликлар
19.03.2012 г.
Image

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) мутахассислари фикрича, дунёда ҳавонинг ифлосланиши туфайли нафас йўллари хасталикларидан ўлиш ҳолатлари кўпаймоқда. 2050 йилга бориб бундай ҳолатлар сони икки баравар ортиб, 3,6 миллионга етади.
Мутахассислар тайёрлаган «2050 йилгача атроф муҳит ҳолати истиқболлари: бефарқлик оқибатлари» деб номланган лойиҳада инсон саломатлигига таъсир кўрсатувчи «табиий омиллар» орасида ифлосланган ҳаво биринчи ўринга қўйилган. Шунингдек, бу каби омиллар қаторида сифатсиз сув ва абгор санитария шароитлари ҳам тилга олинган.
ИҲТТ ҳавода чанг зарралари миқдорининг ортишидан хавотир билдирган. Чанг зарралари, айниқса, Хитой ва Ҳиндистон аҳолиси саломатлигига катта таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундан ташқари, олимлар дунё аҳолиси сув танқислиги билан ҳам юзлашишини айтишмоқда. Яқин келажакда сувга бўлган эҳтиёж 55 фоизга ортади. Бунинг натижасида сайёрамиз аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи сув етишмаслигидан қийналади. Айниқса, Африканинг шимоли ва жанубий минтақалари, Жанубий ҳамда Марказий Осиёда бу муаммонинг кескинлашиши кутилмоқда.

 
<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

Натижалар 97 - 112 1385