|
20.03.2012 г. |
 Стокгольм Тинчлик муаммолари тадқиқоти халқаро институтининг маълум қилишича, сўнгги беш йил ичида дунёда қурол-яроғ савдоси 25 фоизга ўсган.
Дунё бўйича сотиб олинган жами қуролларнинг нақ 44 фоизи Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келар экан. Европада бу борадаги кўрсаткич 17 фоизни, Шимолий ва Жанубий Америкада 11 фоизни, Африкада эса 9 фоизни ташкил этади.
Энг кўп қурол-яроғ сотиб оладиган давлат Ҳиндистондир. У охирги беш йил ичида жаҳон бозоридаги қуролларнинг 10 фоизини харид қилган. Кейинги йирик қурол сотиб олувчилар Жанубий Корея (6%), Покистон (5%), Хитой (5%) ва Сингапур (4%) ҳисобланади.
2007-2011 йиллар давомида Сурия қурол-яроғ сотиб олишни 580 фоизга, Венесуэла эса 555 фоизга кўпайтирган.
|
|
|
20.03.2012 г. |
 Кеча Франциянинг Тулуза шаҳрида номаълум жиноятчи яҳудий мактабини ўққа тутди. Натижада уч нафар бола ва бир ўқитувчи ҳалок бўлди, 17 ёшли ўсмир эса оғир жароҳатланди.
Жиноятчи скутерига ўтириб қочиб кетишга муваффақ бўлган, полиция унинг изига тушган. Маълумотларга кўра, март бошида Монтобан шаҳрида банкомат олдида турган уч нафар ҳарбий хизматчиларга қарата ўқ узган шахс ҳам айнан шу жиноятчидир. Ҳарбийларнинг икки нафари воқеа жойида вафот этган, учинчи эса жиддий жароҳат олган. Жиноятчи уларнинг пулларига тегмаган.
Мактабга ва ҳарбийларга қилинган ҳужум пайтида битта қурол ишлатилгани аниқланди.
Тулузага келган президент Николя Саркози бу воқеага миллий фожеа бўлганини, жиноятчи яҳудийлар ва мусулмонларнинг душмани эканини айтди. Монтобанда ўлдирилган ҳарбийлар мусулмон бўлган.
Бугун Франция мактабларида қурбонлар хотирасига бир дақиқа сукут сақланади.
|
|
|
19.03.2012 г. |
 Япония аҳолисининг 80 фоизи атом энергетикасидан буткул воз кечиш тарафдори. «Токио симбун» газетаси ўтказган сўронома натижаси шуни кўрсатмоқда.
Сўровномада иштирок этганларнинг 54 фоизи айни пайтда атом саноати ишлаб чиқараётган энергетика ресурсларига эҳтиёж борлигини, бироқ келажакда атом энергетикасидан бутунлай воз кечиш кераклигини билдирган.
Табиийки, одамларнинг хавотири ўтган йили юз берган «Фукусима-1» атом электрстанцияси ҳалокати билан боғлиқ. Декабр ойида Япония ҳукумати «Фукусима-1»даги ҳолат тамомила барқарорлашганини эълон қилган эди. Бироқ «Токио симбун» сўровномаси қатнашчиларининг 92 фоизи ҳали ҳам ушбу АЭС борасида ҳадикда эканликларини айтишган.
|
|
|
19.03.2012 г. |
 Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) мутахассислари фикрича, дунёда ҳавонинг ифлосланиши туфайли нафас йўллари хасталикларидан ўлиш ҳолатлари кўпаймоқда. 2050 йилга бориб бундай ҳолатлар сони икки баравар ортиб, 3,6 миллионга етади.
Мутахассислар тайёрлаган «2050 йилгача атроф муҳит ҳолати истиқболлари: бефарқлик оқибатлари» деб номланган лойиҳада инсон саломатлигига таъсир кўрсатувчи «табиий омиллар» орасида ифлосланган ҳаво биринчи ўринга қўйилган. Шунингдек, бу каби омиллар қаторида сифатсиз сув ва абгор санитария шароитлари ҳам тилга олинган.
ИҲТТ ҳавода чанг зарралари миқдорининг ортишидан хавотир билдирган. Чанг зарралари, айниқса, Хитой ва Ҳиндистон аҳолиси саломатлигига катта таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундан ташқари, олимлар дунё аҳолиси сув танқислиги билан ҳам юзлашишини айтишмоқда. Яқин келажакда сувга бўлган эҳтиёж 55 фоизга ортади. Бунинг натижасида сайёрамиз аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи сув етишмаслигидан қийналади. Айниқса, Африканинг шимоли ва жанубий минтақалари, Жанубий ҳамда Марказий Осиёда бу муаммонинг кескинлашиши кутилмоқда.
|
|
|
16.03.2012 г. |
 Британияда чоп этиладиган The Times газетаси дунёдаги энг яхши 100 та университет номини эълон қилди.
Айтиш керакки, рўйхатдаги нақ 44 та ўринни АҚШ университетлари эгаллаган. Европадаги олий ўқув даргоҳлари эса аввалги йилдагилардан камроқ ўрин олди. Масалан, 2010 йилда рўйхатга Британиянинг 12 та университети кирган бўлса, бу сафар уларнинг сони 2 тага камайган. Шунингдек, Нидерландиянинг 5 та, Германия ва Франциянинг 4 тадан, Швейцария ва Швециянинг 3 тадан университетлари мазкур юзталикка киришга муваффақ бўлди. Бу борада Осиёда ўсиш кузатиляпти, жорий йилги рўйхатда Япония, Хитой, Жанубий Корея ва Сингапур университетларининг сони ортган.
The Times нашрига кўра дунёнинг энг яхши 10 университети қуйидагилардир:
1. Гарвард университети (АҚШ);
2. Массачусетс технология институти (АҚШ);
3. Кембриж университети (Британия);
4. Стэнфорд университети (АҚШ);
5. Берклидаги Калифорния университети (АҚШ);
6. Оксфорд университети (Британия);
7. Принстон университети (АҚШ);
8. Токио университети (Япония);
9. Лос-Анжелесдаги Калифорния университети (АҚШ);
10. Йел университети (АҚШ).
|
|
|
|
<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>
|
| Натижалар 46 - 54 591 |