|
24.04.2012 г. |
Untitled Document
Март кунларининг бирида сайрга чиққан 26 ёшли америкалик Кристина Болден кутилмаганда йиқилиб тушди. Шифокорлар унда томирлар аневризмаси туфайли бош мия ҳалок бўлганини қайд этишди.
Кристина эгизакларга ҳомиладор эди. Унинг яқинлари шифокорлардан ҳали туғилмаган болаларни асраб қолишни қаттиқ илтимос қилишди. Докторлар аёлнинг танасини тирикликни қувватлаб турувчи аппаратга улашди, ҳомиладорликнинг 25-ҳафтасида эса кесар кесиш йўли орқали эгизак ўғил болалар дунёга келди. Шундан кейин Кристинанинг танаси аппаратдан узилди.
Чақалоқларнинг бўйи 15 см бўлиб, вазни атиги 1 кило. Айни пайтда улар интенсив терапия курсидан ўтяпти.
«Чақалоқлар яшаб кетишига умид қиляпмиз, – дейди Мичиган институти клиникаси профессори Косман Вандевен. – Лекин улар жуда кичкина, шунинг учун бирор аниқ фикр айта олмаймиз».
|
|
|
23.04.2012 г. |
 Жорий йил биринчи чораги якунларига кўра, спам тарқатиш бўйича Ҳиндистон дунёда биринчи ўринга чиқиб олди.
Бу ҳақда ахборот хавфсизлиги билан шуғулланувчи Sophos компанияси маълум қилди.
Шундай қилиб, январь-март ойларида дунё бўйлаб тарқатилган спамларнинг 9,3 фоизи айнан Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келади.
АҚШнинг бу борадаги кўрсаткичи сал камроқ – 8,3 фоиз. Айтиш керакки, ўтган йилнинг худди шу даврида энг кўп спам «сеҳрли диёр»дан тарқалар эди (13,7 фоиз).
«Чақирилмаган меҳмонлар»ни тарқатишда Жанубий Корея (5,7%), Индонезия (5%) ва Россия (5%) ҳам анчагина фаол.
Sophos компаниясининг таъкидлашича, спам тарқатиш борган сари камаймоқда. Чунки спамчилар спам жўнатишнинг самараси камлигини англаб етишмоқда ва ижтимоий тармоқларда «жонбозлик» кўрсатишни маъқул кўришмоқда.
|
|
|
23.04.2012 г. |
 Юртимизда 5 ёшгача бўлган болаларни полиомиелит касаллигига қарши эмлаш кунлари бошланди.
Саккизта вилоятда ўтказилиши кўзда тутилган мазкур тадбир 28 апрелга қадар давом этади. Тадбирнинг кейинги босқичини 21-26 май кунлари амалга ошириш режалаштирилган.
Эмлаш учун Россияда ишлаб чиқарилган ва сифати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сертификати билан тасдиқланган вакцина ишлатилади.
Тадбирни уюшқоқлик билан амалга ошириш мақсадида 5200 та эмлаш бригадалари ва пунктлари тайёрланди, эмлаш ишларига 6300 нафар шифокор ва 16 минг ҳамшира жалб этилган.
Ўзбекистонда полиомиелит касаллиги 1996 йилда тугатилган. 2003 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан юртимиз чиндан ҳам ёввойи полиовирусдан холи ҳудуд эканлигини тасдиқловчи махсус сертификат тақдим этилган.
Юртимизда полиомиелитга чалиниш ҳолатлари қайд этилмаса-да, бу касалликка қарши профилактика чора-тадбирлари мунтазам олиб борилади. Чунки айрим қўшни давлатларда бу касаллик ҳали тугатилмаган.
|
|
|
20.04.2012 г. |
 Нуфузли «Форс» журнали Россиянинг 200 нафар энг бой бизнесменлари рўйхатини эълон қилди.
Журнал маълумотига кўра, бир йил ичида россиялик миллиардерлар сони бештага камайиб, 96 нафарга тушиб қолган. 200 нафар бизнесменнинг жами бойлиги 446,3 миллиардни ташкил этди, бир йил аввал эса бу рақам 498,6 миллиардга тенг эди. Шунингдек, рўйхатнинг ўтган йилги етакчиси Владимир Лисин ўрнини Алишер Усмонов эгаллади.
«Металлоинвест» асосчиси ва «Газпроминвестхолдинг» бош директори Алишер Усмонов бир йил ичида бойлигини 17,7 миллиард доллардан 18,1 миллиард долларга кўпайтиришга муваффақ бўлган.
Рўйхатнинг иккинчи ўрнини Новолипецк металлургия комбинати соҳиби Владимир Лисин эгаллаган. Бир йилда унинг бойлиги нақ 8 миллиард долларга камайиб, 15,9 миллиард долларга тушиб қолган.
Илк учликнинг охирида «Северсталь» соҳиби Алексей Мордашов бор. Эндиликда унинг бойлиги ўтган йилгидек 18,5 эмас, балки 15,3 миллиард долларга тенг.
Рўйхатга, шунингдек, Владимир Потанин ($14,5 млрд), Вагит Аликперов ($13,5 млрд), Михаил Прохоров ($13,2 млрд), Михаил Фридман ($13,4 млрд), Виктор Вексельберг ($12,4 млрд), Роман Абрамович ($12,1 млрд) ва Леонид Михельсон ($9,1 млрд) ҳам киритилган.
Дени Бажаев эндигина 16 ёшда, бироқ унинг бойлиги 750 миллион долларни ташкил этади. У ҳам «Форбс» рўйхатидан жой олган.
|
|
|
20.04.2012 г. |
 Олимларнинг маълум қилишича, кўпинча қурғоқчиликдан азият чекадиган Африка қитъаси каттагина ер ости сув захирасига эга.
Британия геология хизмати ҳамда Лондон университети коллежи тадқиқотчилари сув захираларининг батафсил харитасини тузишди. Уларнинг билдиришича, бу сувлар истеъмолга яроқлидир.
Африканинг ер остидаги сув захиралари ер устидаги сув миқдоридан 100 баравар кўп экан. Тадқиқотчилар захирадан фойдаланиш учун қўл насослари билан таъминланган қудуқлар тармоғини яратишни таклиф этишмоқда.
Африканинг кўпгина ҳудудларида чучук сув катта муаммога айланган. Статистик маълумотларга кўра, мазкур қитъада 300 миллиондан ортиқ аҳоли сув танқислигидан қийналади.
|
|
|
|
<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>
|
| Натижалар 10 - 18 591 |