Зуҳра опа сиз азизлар эътиборига ўзининг энг севимли ҳамда бир зумда тайёрланадиган таоми- «Тухумли кабоб» рецептини ҳавола этади.
«Тухумли кабоб»
Керакли масаллиқлар:
Тухум-1 дона.
Ёғли қийма-0,5 кг..
Кўкатлар.
Туз, зираворлар (таъбга кўра).
Тайёрланиши:
Қийма ичига таъбга кўра туз ва зираворлар солиниб, яхшилаб аралаштирилади. Сўнгра устига тухум чақилиб, яна аралаштирилади. Тайёр ҳолатга келган қиймага узунчоқ шакл бериб чиқилади.
Духовканинг листи ўсимлик мойи билан обдон ёғланиб, «кабоб»чалар лист устига териб чиқилади. Таом қиздирилган духовка ичида 40 дақиқа давомида пиширилади. Кабобларни сомонча шаклида тўғралиб, қизиган ёғда пишириб олинган картошка билан бирга дастурхонга тортиш мумкин. Кўкатлар билан безак беришни унутманг. Ёқимли иштаҳа!
- Зуҳра опа, мухлисларингиз қалбига «Бойвачча» фильмида яратган бақироқ аёл образи орқали кириб бордингиз десам…
- Муболаға қилмаган бўласиз. Шу ролим мени элга танитди, шу образ орқали Зуҳра Солиева бўлдим. Биласизми, фильмга таклиф тушган вақтларидаёқ яқинларимга «Кўрасизлар, шу рол ҳали мени машҳур қилиб юборади» деб айтганман! Ва шундай бўлди ҳам…
- Ие, башоратчиликдан ҳам оз-моз хабарим бор денг?!
- Йўқ, башоратчи эмасман, лекин нима бўлишини олдиндан сезаман.
- Зуҳра опа, бугун мухлисларингизга гўштли таом рецептини ҳавола этдингиз. Ўзи қандай таомларни севиб истеъмол қиласиз?
- Фақат гўштли. Туғилган кун ёки тўй-ҳашамларга борсам ҳам нуқул гўштли таом, салат олиб келишларини буюраман. Уйда гўшт бўлмаса, таом тайёрламайман. Сосиска ва тухум еб юравераман.
Зуҳра Солиевадан бекалар учун фойдали маслаҳатлар
- Гўштли таомларни тайёрлашда ёш жониворларнинг гўштидан фойдаланган маъқул. Гўштнинг ёш ҳайвонники эканлигини аниқлаш жуда осон: олти ҳафтагача бўлган жонивор гўшти оч пушти ва оч қизил рангларда бўлади.
- Гўшт ёғсиз қатиқ ичига солиб олиниб, салқин жойда сақланса, тўрт-беш кун давомида бузилмайди. Шунингдек, гўштга лимон шарбатини сепиб, салқин жойда сақлаш мумкин.
Узумли пирог
Керакли масаллиқлар:
Хамирига:
Ун-500 гр.
Хамиртуруш-42 гр.
Сут-300 мл.
Шакар-75 гр.
Туз- ярим чой қошиқ.
Безак учун:
Кишмиш-1 кг.
Шакар-50 гр.
Ўсимлик мойи-6 ош қошиқ.
Тайёрланиши: Хамирни тайёрлаб олиш учун элакдан ўтказилган ун идишга солиниб, ўртасидан чуқурча ўйилади. Илиқ сутда эритилган хамиртуруш шакар билан бирга чуқурчага солинади. Хамиртуруш устига озроқ ун туширилиб, идиш ошхона сочиғи билан ёпилади ва 15 дақиқага иссиқ жойга олиб қўйилади. Сўнг хамиртурушли эритма ичига озроқ туз солиниб, миксер ёрдамида хамир қорилади. Хамир яна 20 дақиқага тиндириш учун олиб қўйилади. Сўнг яхшилаб муштланиб, яна 30 дақиқага олиб қўйилади. Духовка қиздирилади. Лист ёғланади. Узум ювиб, қуритилади, меваси алоҳида ажратиб олинади. Хамир лист устига текис қилиб ёйилиб, узум доналари териб чиқилади ва шакар сепилади. Пирог тайёр ҳолатга келгач, устидан ўсимлик мойи қуйилади. Пишириқ 40 дақиқа давомида духовкада пиширилади. Тайёр бўлишига 10 дақиқа қолганида усти куймаслиги учун махсус қоғоз билан ёпиш мумкин. Ширинлик дастурхонга совитилган ҳолда тортилади.
Гули тайёрлади.
|