|
Савол: Масжидимиз имоми исломиятнинг бошланишида мусулмонларни намозларини Масжидул Ақсо томонга қараб ўқиган, дедилар. Бундан келиб чиқадики, қибла Масжидул Ақсо бўлган. Ҳозир эса, биз Масжидул Ҳаромга қараб намоз ўқиймиз. Қибла ўзгарганми? Бунинг ҳикмати нима?
Жавоб: Аллоҳ таолонинг қилган ишларининг ҳеч бири беҳикмат эмас. Нимаики, ўзгарган бўлса, унинг ўзига яраша ҳикмати илоҳийси бордир. Қибланинг Масжидул Ақсо томонда бўлиб, кейинчалик Масжидул Ҳаром томонга ўзгарганида ҳам ҳикмат бор. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: «Одамларнинг нодонлари: «Улар (мусулмонлар) илгари юзланган қиблаларидан воз кечишларига боис нима экан?» дейишади. Айтинг: «Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. У ўзи хоҳлаган кишиларни тўғри йўлга бошлайди» (Бақара, 142).
Қибланинг Масжидул Ақсодан масжидул Ҳаромга ўзгариши тўғрисидаги мазкур оятнинг сабаби нузули қуйидагича:
Барро (р.а.) айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага келиб ўн олти ёки ўн етти ой Байтул Мақдисга қараб намоз ўқидилар. У киши Каъба тарафга юзланишни яхши кўрардилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Гоҳо юзингизни осмонга қаратганингизни кўряпмиз…» оятини нозил қилди. Шунда нодон одамлар яъни яҳудийлар:-Уларни юзланган қиблаларидан нима ўзгартирди?-дейишди. Шунда Аллоҳ «Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир», деди (Имом Бухорий ривояти).
Қуйидаги оятлар сўзимизнинг далилидир: яъни: «Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун «ўрта уммат» қилиб қўйдик. Сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлар ичида ким пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик (қайта тикладик). Албатта, бу (ўз қибласини ўзгартириш) Аллоҳ ҳидоят этган кишилардан ўзгалар учун оғир ишдир. Аллоҳ имонларингизни (Байтул-Мақдисга қараб ўқиган олдинги намозларингиз ажрини) зое кетказмас. Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир». Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг) Сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) юзингизни ўзгартирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй, мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангиз, юзларингизни ўша тарафга бурингиз! Аҳли китоблар буни Парвардигорлари томонидан (келган) ҳақиқат (илоҳий фармон) эканини яхши биладилар. Аллоҳ уларнинг қилмишларидан ғофил эмасдир» (Бақара, 143-144).
Калбийнинг ривоятида Ибн Аббос (р.а.) айтади: Расулулоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаларидан бир қанчалари Байтул Мақдисга қараб намоз ўқилаётган пайтларда вафот этган эдилар. Асъад ибн Зирора, Бани Нажжор уруғидан Абу Умома, Бани Салама уруғидан Баро ибн Маърур ва бошқалар шулар жумласидандир. Уларнинг қариндошлари келиб: Эй Расулуллоҳ, биродарларимиз олдинги қибла вақтида вафот этишди. Кейин эса, Аллоҳ сизни Иброҳим қибласига бурди. Энди биродарларимизнинг аҳволи қандай бўлади?-дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
(Олдинги қибла вақтида) Расулуллоҳ (с.а.в.) Жаброил (а.с.)га: «Аллоҳ мени яҳудийларнинг қибласидан бошқа тарафга ўзгартиришини хоҳлардим», дедилар. У киши Каъбани назарда тутдилар, чунки у Иброҳимнинг қибласи эди. Жаброил (а.с.) эса: «Мен ҳам сиз каби бир бандаман, ҳеч нарсага эга эмасман. Сиз Иброҳимнинг қибласига юзлантиришини Раббингиздан сўранг», деди-да, кетди. Расулуллоҳ (с.а.в.) эса, Жаброил (а.с.)дан умид қилиб осмонга тез-тез қараб қола бошладилар. Шунда Аллоҳ: «Гоҳо юзингиз самода кезганини кўрамиз…» оятини нозил қилди.
Барро ибн Озиб (р.а.)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Мадинага келганимиздан кейин ўн етти ой Байтул Мақдисга қараб намоз ўқидик. Сўнг Аллоҳ Азза ва Жалла пайғамбарининг истагини рўёбга чиқариб мазкур оятни нозил қилди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
***
Савол: Аҳли сунна вал жамоанинг асосий тўрт мазҳаблари-ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари бўлиб, мусулмонлар ер юзининг турли жойлари мазкур мазҳабларга эътиқод қилиб келадилар. Бизнинг мазҳабимиз қолган мазҳабларга нисбатан ер юзида кенг тарқалган ва нуфуси ҳам кўп. Илтимос, ҳанафийлик ва шу мазҳабнинг асосчиси ҳақида маълумот берсангиз.
Жавоб: Бу зоти шарифнинг исмлари Нўъмон ва оталарининг исми Собит бўлиб, ҳижрий сананинг 80-йили (милодий-699 йил) Ироқнинг Куфа шаҳрида таваллуд топганлар. 70 йил умр кўриб, 150-ҳижрий (767-милодий) йилида Куфада вафот этганлар.
Бу буюк имомимиз тўғрисида халқимиз ўзларига яраша, керакли маълумотларга эга. Ул зот тўғрисида уламоларимиз кўп гапиришган, маноқиблари, фазлу фазоиллари хусусида бир қанча китоб ва рисолалар ёзилган. Шунинг учун мавзу бўйича батафсил тўхталиб ўтирмасдан бошқа мужтаҳид ва фуқаҳоларга насиб этмаган ўнта фазилатларини баён қилишга ҳаракат қиламиз.
- Буюк имомимиз Имом Аъзам (р.а.)нинг таъриф ва тавсифларига доир шундай ҳадис ва ривоятлар борки, бошқа тобеинлар ва мужтаҳид уламоларнинг бирортасига бу нарса насиб бўлмаган. Масалан, Абу Ҳурайра (рз) ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтган эканлар, яъни: «Умматим ичидан Абу Ҳанифа деб аталувчи бир зот чиқади. Ана ўша зот қиёмат куни умматимнинг чироғидир» («Жомеъ ал-Масонид» китоби).
Бу каби Имом Аъзам (рҳ.) ҳақларидаги башоратларни ўз ичида мужассам этган ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин.
2. Имом Аъзам (рҳ.) саҳобалар яшаб турган асрда туғилиб, бир неча саҳобалардан сабоқ олганлар. Яъни ҳижрий сананинг 80-йили таваллуд топганлар. Саҳобаларнинг энг охиргилари биринчи ҳижрий асрнинг охири ва иккинчи ҳижрий асрнинг бошларида вафот этганлар. Саҳобалар даврини топиш тўрт мазҳаб соҳиблари ичида фақат Имом Аъзам (рҳ.)га насиб этган.
3. Саҳобалардан бевосита ҳадис ривоят қилиш ҳам фақат тўртта мазҳаб соҳибларидан Имом Аъзам (рҳ.)га насиб этган. Бунга «Муснад» деб аталмиш ҳадис тўпламларини мутолаа қилган киши гувоҳ бўлади.
4. Маълумки, иккинчи ҳижрий асрнинг биринчи ярми тобиинлар даври бўлган. Имом Аъзам худди шу машҳур тобиинлар ичидан ўзларининг фазлу фазоиллари билан машҳури жаҳон бўлдилар.
5. Йирик тобиинларнинг аксарияти Имом Аъзам (рҳ.)нинг сўзлари ва фатволарини кейинги авлодга нақл этганлар.
6. Илмда шуҳрат қозонган тобиинларнинг тўрт мингтасига шогирд сифатида улардан сабоқ олиб камолга етганлар.
7. Шогирдлари ичидан Абу Юсуф, Муҳаммад, Зуфар, Ҳасан каби машҳур мужтаҳидлар чиққан. Бу неъмат соҳибмазҳаблардан ҳеч бирига насиб бўлмаган.
8. Қуръон ва ҳадислардан ҳукм чиқариш ва ижтиҳод қоидаларини тузиш ҳамда сиёсий масалаларни ҳаммадан кўп баён қилиш ҳам биринчи бўлиб ул зоти шарифга ато этилди.
9. Тирикчиликлари ўзларининг ҳалол касбидан бўлди. Бошқалардан олиш ўрнига илм ва фиқҳ аҳлига ўз бойликларидан сарф қилар эдилар.
10. Дунё матоҳи ва мансабидан парҳез қилган ҳолда турли қийнов билан шаҳидлик мартабасини топиш ҳам буюк имомимиз Абу Ҳанифа (рҳ.)га насиб бўлган.
Имом Аъзам (рҳ.)нинг бу қадар фазлу фазоиллари ва илму ҳилмлари бўлишига қарамай, ўз замонларида ҳам, кейинги даврларда ҳам ул зотга ҳасад қилиш, қадрларини туширишга ҳаракат қилиш, шаънларига туҳмат ва бўҳтонларни ёғдириш каби ношойиста хатти-ҳаракатлар бўлиб келган. Шундай ноўрин таъналардан бири «Имом Аъзам» ҳадислар қолиб, ўз ақли ва фикри билан масала айтган. Ҳадислардан жуда оз миқдорда ўзлаштирган»-деган ғаразли гаплардир. Ваҳоланки, маълум бўлишича, ул зот аввало Қуръонга, сўнгра ҳадисларга, ундан сўнг саҳобаларнинг сўзларига суяниб, ундан кейин тобиинларнинг сўзлари билан ҳам ҳисоблашиб, сўнгра ўз хулосаларини баён этар эканлар. Ҳадия ривоятига келсак, ҳозир қўлимизда 15 та ҳадис тўпламлари мавжуд. Уларнинг ҳар бирини «Муснад» деб номлаганлар. Шу 15та «муснад»ларини тўплаб бир китоб шаклига келтирган зот ҳам ўзимизнинг юртдошимиз Абул-Муайид Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Хоразмийдирлар. Бу зот 593/1196 йилда туғилиб, 665/1257 йилда вафот этганлар.
Мазҳабимиз асосчиси буюк мужтаҳид Имом Аъзам Абу Ҳанифа (рҳ.)нинг фазлу фазоиллари, ижод ва фатволари ҳақида жуда кўп маълумотларни келтириш мумкин.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи мажидида хоҳлаган бандасига илму ҳикмат ато этишини марҳамат қилиб шундай дейди: яъни: «У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар» (Бақара, 269).
Мана шу ва бошқа оят ва ҳадисларга биноан айтишимиз жоизки, умматнинг чироғи саналмиш Абу Ҳанифа-Имом Аъзамдек зотнинг мазҳабида бўлганимиз ва юртимиздан чиқиб, шу мазҳабнинг кенг ёйилиши ва шаръий фатволарнинг халқимизга етказиб беришда бебаҳо асарлари билан ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган олиму уламо, фақиҳу фуқаҳоларнинг бизнинг заминимиздан чиқариб қўйгани ҳамда дунё мусулмонларининг 62 фоизи шу мазҳабга мансуб экани учун Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг ўзига чексиз ҳамду санолар ва бениҳоя шукроналар айтишимиз ва шундай ҳидоят йўлини кўрсатиб берадиган тўғри йўлимиз турганда турли залолат ҳамда гумроҳликка олиб борадиган оқим ва тоифаларнинг тузоғига тушиб қолмасликни ҳам Ўзидан сўраб турмоғимиз лозим бўлади.
***
Савол: Ҳар бир вояга етган йигит-қиз ўзига муносиб жуфти ҳалол учратишни орзу қилади. Мусулмон йигит ёки қиз ўзига жуфт танлаганида нималарга эътибор бериши керак?
Жавоб: Ҳар бир йигит, қиз балоғат ёшига етгач хаёлан, бир кун келиб ўзига жуфт бўлажак умр йўлдошининг сифатларини белгилай бошлайди.
Инсонларнинг бу сифатларга қарашлари тарбияларига кўра турличадир. Кимдир шаклий сифатларни-бўй, ранг ва кўз шаклларини ўзининг шарти деб белгиласа, бошқа биров мол ва бойликка эътибор беради. Яна бири бўлажак жуфтининг обрў-эътиборига, насабига диққат қилади.
Ҳақиқатдан ҳам бу сифатларнинг барчаси матлуб ва марғуб. Унга эга бўлган жуфтни излашга тўсиқ йўқ. Аммо бу сифатларнинг ҳаммасидан яхшироқ ва фойдалироқ бир сифат ҳам бор. У диёнат сифатидир.
Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аёлга моли, обрўйи, жамоли ва дини учун уйланилади. Диёнатли аёлни танла, барака топасан!» деганлари, диёнатли аёлдан бошқа аёлга уйлансанг, пушаймон бўласан, деганларидир.
Бинобарин, йигитнинг мақсади диёнатли қизга уйланиш бўлиши керак. Агар қиз диёнатли бўлиб, устига мол, обрў ва гўзаллик соҳибаси ҳам бўлса жуда яхши. Аммо мол, обрў ва гўзаллик эгаси бўлса-ю, диёнатсиз бўлса, фазилат бўлмайди. Молдор диёнатсиз аёл бўйсунмас, диёнатсиз гўзал аёл мағрур, обрўли диёнатсиз аёл такаббур бўлади. Диёнатли аёл гўзал, молдор ва обрўли бўлса ҳам, камтар ва хушхулқ бўлади.
Қайд этилган ушбу сифат ва ҳоллар аёлгагина хос ва аёлдагина матлуб бўлмай, эркакларга ҳам хос ва тегишлидир. Зеро, қиз ҳам йигитнинг келишганлиги, бойлиги ё обрў ва насабига алданиб қолмай, диёнатли йигитни қидириши керак. Диёнатли ва солиҳ йигит жуфт бўлиш учун энг муҳим сифатларга эга йигитдир. Қолган сифатлар диёнатдан кейинги даражада турадиган сифатлардир.
Диёнатли йигит хотинини ҳар томонлама асрайди ва ҳимоя қилади. У билан тотув яшайди, унинг инжиқликларини кўтаради. Энг муҳими, уни яхши кўради ва эъзозлайди, бордию ёмон кўрса, унга зулм қилмайди. Агар аёл бирга турмушни истамаса, уни қийнаб ушлаб турмайди, йўлини очиб қўяди.
Оилавий ҳаёт қийинчилик ва масъулиятларга тўладир. У ҳолатлар ўзгаришнинг бир улкан майдони бўлиб, оила мол ёки мансаб асосига қурилган бўлса, мол кетгач, нима бўлади, мансаб олинсачи? Чирой ва обрўга асосланган оилаларда бу ҳолатлар ўзгарсачи? Шубҳасиз, оилавий ҳаётда «инқилоб» бўлади. Келишмовчилик бош кўтаради. Зеро, оила мустаҳкам асосга эмас, балки беқарор таянч ва шахсий истакларга таянган эди.
Аммо диёнат сифати эътиборга олиниб, оила қурилсачи? Дину диёнатли мусулмон қалбидаги мустаҳкам ва собит ақидадир. Мусулмоннинг сўзлари ва ишлари унга асосланади ва шундан келиб чиқиб бошқалар билан муомала қилади.
Диёнатли эр ёки аёл кенгчиликда Аллоҳ таолога шукр қилади, қийинчиликда сабрли бўлади, воқеъликка имону сабр билан ёндашади, жуфти ҳалолига вафо кўрсатади.
***
Савол: Камтарлик мўминга хос фазилат бўлиб, бу хислат ўз соҳибини безайди. Гоҳо кўча-кўйда манманлик билан ғурурланиб юрадиган кишиларни кўриб қоламиз. Ундайларга ислом динида қандай кўрсатмалар бор?
Жавоб: Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни тавозеъли, камтар ва мулойим бўлишга буюрди.
Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
«Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг!» (Шуаро, 215).
Шунингдек, такаббурлик, бировни менсимаслик Аллоҳ ёқтирмайдиган ва қайтарган ёмон хулқлардан эканини хабар беради.
«Одамлардан (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон, 18).
Камтарликка тарғиб қилувчи, мутакаббирликни ёмонлаб, ундан қайтарувчи ҳадислар жуда кўп. Улардан баъзиларини келтирамиз.
Иёз ибн Химор (р.а.)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Аллоҳ менга ваҳий қилиб (деди): «Камтарин бўлинглар. Токи биров бировга фахрланмасин. Бирон киши бирон кишига зулм қилмасин» (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қалбида зарра оғирлигича кибр бўлган киши жаннатга кирмайди» (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра (р.а.) айтадилар: «Бир киши (чиройли) кийимда, ўзига оро бериб, сочи таралган ҳолда кибр билан қадам босиб юриб борар эди. Тўсатдан Аллоҳ уни ерга юттириб юборди. Энди у қиёмат кунигача ерга шўнғиб кетаверади» (Имом Муслим ривояти).
Саҳобалар ва салафи солиҳлардан ҳам талабани мутакаббирлик, мақтанчоқлик ва ўзини биланд тутишдан қайтарганлари ривоят қилинган.
Умар ибн Хаттоб (р.а.) айтадилар: «Илмни ўрганинглар. Илм учун сокинлик ва ҳалимликни ўрганинглар. Сизлар таълим бераётганларга камтарин бўлинглар. Таълим олаётган кишиларга ҳам камтарин бўлинглар. Шафқатсиз олимлардан бўлманглар. Акс ҳолда илмингиз жоҳиллигингиздан устун бўла олмайди» (Жомиъу баянил илм ва фазлиҳ китобидан).
Мужоҳид (р.ҳ.) айтадилар: «Илмни уятчан одам ҳам, мутакаббир одам ҳам ўргана олмайди» (Ал-Мажмуъ) китобидан.)
Фузайл ибн Иёз айтадилар: «Аллоҳ таоло камтарин олимни яхши кўради. Шафқатсиз олимни ёмон кўради. Ким Аллоҳ учун камтарин бўлса Аллоҳ унга ҳимматини беради» (Ал-фақиҳ вал-мутафаққиҳ» китобидан).
Масруқ айтадилар: «Кишининг Аллоҳдан қўрқиши илмли эканига кифоя қилади. Кишининг илми билан мақтаниши эса, жоҳил эканига кифоя қилади».
Мўмин киши энг аввало, камтаринлик билан сифатланиши ҳамда ўзини баланд тутиш ва Аллоҳ берган илм билан мақтанишдан сақланиши керак. Шунингдек, у ўз қадрини билсин.
|