 «Марс» шоколадининг номи сайёра номига эмас, унинг асосчиси номига қўйилганини билмасангиз керак. Бу шоколадни америкалик қандолатпаз Форрест Марс ўйлаб топган. Унинг маҳсулотлари сирасига нафақат «Марс», балки «Snickers», «Milky Way», «M&M’s», «Bounty», «Twix» шоколадлари, «Uncle Ben’s» қайнатма гуручи ва ҳатто «Pedigree», «Whiskas» ва «Kitecat» ит ва мушуклар овқатлари ҳам киради.
Бу маҳсулотлар юқори сифати ва албатта, Форрест Марснинг қобилияти эвазига жаҳон бозорини эгаллаб улгурган. 1999 йилда 95 ёшида вафот этган шоколад қироли фарзандларига нафақат машҳур брендни, балки ҳамон кўпайишда давом этаётган миллиардларни ҳам мерос қилиб кетди. 2004 йилги «Форбс» рейтингида унинг икки ўғли ва қизи – кичик Форрест, Жон ва Жаклинлар 27, 28, 29-ўринларда қайд этилган. Уларнинг ҳар бирида 10,5 миллиард доллар бойлик мавжуд.
ХАЁЛПАРАСТ ТАЛАБА
Форрест Марснинг таржимаи ҳоли матбуотчилар учун доим сир бўлиб келган. Чунки «Шоколад қироли» оммага кўриниш беришни ёқтирмасди. У умри давомида фақат икки мартагина матбуотга интервью берган. Ана шу интервьюлар асосида оммага маълум бўлгани шуки, у Миннесота штатида майда қандолатпаз оиласида таваллуд топган.
Франклин Марс ва унинг рафиқаси Этел арзон конфетлар ишлаб чиқариш билан шуғулланишарди. Бу конфетлар ортидан келадиган даромад оилани боқишга аранг етарди. Шундай бўлса-да, улар ўғилларининг ўқишга киришига имкон яратиб беришганди. Форрест яхши ўқигани сабабли Йел университетининг стипендиясини ютиб олиб, ўқишга киришга муваффақ бўлди.
Ўқишга киришга-кирди-ю, қорин муаммоси кўндаланг келгач, пул топиш учун дарсдан кейин ишлашга мажбур бўлди. Иш ўша пайтда эндигина тамаки бозорига кириб келган «Camel» компаниясидан топилди. Форрестга реклама плакатларини шаҳар бўйлаб ёпиштириб чиқишни топширишди. У бу ишни аъло даражада уддалади. У плакатларни шаҳардаги барча бекатлар ва дўконлар витриналарига ёпиштириб чиқди. Аммо эртаси куни жанжал кўтарилди. Дўкондорлар полицияга мурожаат этиб, сўроқсиз ёпиштирилган реклама плакатлари учун чора кўришни сўрашди. Компания Форрестга ҳайфсан бериб, плакатларни дўконлар витриналаридан кўчириб чиқишни буюрди. Бу эса қайсар Форрестга ёқмади. У кечаси билан қолган плакатларни ҳам дўконларга ёпиштириб чиқди-ю, шаҳардан қадамини узди. Полициядан яшириниб, ота-онасининг уйида бирмунча муддат яшириниб юришга мажбур бўлди.
Яшириниб юрган кезларида отаси иккаласи янги шоколадни ўйлаб топишди.
Ишлатилган маҳсулотлар қолдиқларини ташлаб юбораётган отасига Форрест улардан яна бирор мақсадда фойдаланиш мумкинлигини айтади. Ўғлининг хаёлпарастлигини билган Фрэнк кулиб қўя қолади. Аммо қайсар Форрест конфет қолдиқларини қуюқ кўпик билан аралаштириб, шоколад ясашга муваффақ бўлди. Бу шоколадга «Milky Way» деб ном берилди. Шоколад омма орасида жуда тез машҳур бўлиб кетди ва оила бунинг ортидан бир йилда 800 минг доллар фойда кўрди. Муваффақиятдан руҳланиб кетган Фрэнк уйини, машинасини янгилади, янги кийимлар сотиб олди. Аммо ота-ўғил ўртасида нифоқ келиб чиқди. Форрестнинг хаёл чегараси кенгайиб борар, у шоколадлари билан жаҳон бозорини забт этиш мақсадида эди. Бироқ отаси унинг бу ишига қаршилик қилар, унинг учун топаётган даромади маъқул кўринарди. Отаси билан келишмай қолган Форрест даромаддан 50 минг доллар ўз улушини олди-да, Британияга жўнаб кетди.
ШИРИНЛИК ЭМАС, ТАОМ
30 йилларда Европада аҳвол оғир эди. Форрестнинг шоколадларини европаликлар яхши кутиб олишмади. Чунки инглизлар анъаналарига содиқ миллат бўлиб, ширинликни ортиқча харажат деб билишар, унга пул сарфлашни маъқул кўришмасди. Хаёлпараст ва қайсар Форрест бунинг ҳам йўлини топди. У «Марс» номли янги шоколад ишлаб чиқаришни йўлга қўйди ва унинг рекламасига қуйидаги шиорни ўйлаб топди: «Бу шунчаки ширинлик эмас, «Марс» бу таом».
«Марс» ақл бовар қилмас даражада машҳур бўлиб кетди. Бундан фойдаланган Форрест бошқа номлар билан ҳам шоколадлар ишлаб чиқара бошлади. Бу шоколадлар Форрест ўйлаб топадиган шиорлар сабаб жуда тез оммалашиб кетарди. «Твикс – ширин қаламчалар», «Шоколаднинг қалиндан-қалин қатлами», «Қиёси йўқ лаззат», «Юлдузлар Марсни танлашди», «Қўлда эмас, оғизда эриб кетади», «Ҳар кун шундай ажойиб ўтиши керак».
Форрест фабрикаларида қатъий қоида ҳукм сурарди. У ишга ўз вақтида келган ходимларга ҳар ойда 10 фоиз қўшимча ойлик тўлар, ишчилардан сифат, масъулият ва эркинликни талаб қиларди. Гарчи ишчиларни қадрласа-да, энг оддий хатони ҳам кечирмасди.
ИТ ВА МУШУКЛАР УЧУН
30-йиллар охирларида компания ит ва мушуклар учун консерваланган озуқалар ишлаб чиқаришни бошлади. Шоколад фабрикасига ит ва мушукларнинг нима алоқаси бор дерсиз? Бунга тасодиф сабаб бўлди. Гап шундаки, Форрестнинг фабрикаси ёнида гўшт комбинати бор эди. Гўшт чиқиндиларининг бадбўй ҳиди фабрика ишчиларининг асабини бузар, бу ҳол Форрестга ҳам ёқмасди. Асаби бузилиб турган Форрестнинг миясига бирдан чиқиндилардан ит-мушуклар учун консерва ишлаб чиқариш фикри келиб қолди. У дарҳол гўшт комбинати билан гаплашиб, шартнома имзолади. Орадан ҳеч қанча ўтмай бозорда «Whiskas» консервалари пайдо бўлди. Уй ҳайвонларини ўз фарзандларидек қадрлайдиган европалик уй бекалари учун бу айни муддао эди. Буни Форрест биларди.
Гўшт комбинатларидан арзон-гаровга сотиб олинган чиқиндилар консерва ҳолида ақл бовар қилмас даромадни келтирарди. Аммо иккинчи жаҳон уруши бошланиб қолди-ю, маҳсулотлар касодга учрай бошлади. Бир қанча компаниялар инқирозга учради. Бироқ Форрест бунинг ҳам йўлини топди. У урушдаги аскарлар учун керак бўладиган қайнатилган гуруч маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. «Uncle Ben’s» номини олган бу консервалар Марснинг шуҳратини тиклаб берди-ю узоқ вақт фойда келтира олмади. Дунёнинг турли мамлакатларида «Uncle Ben’s»га ўхшаш маҳсулотлар кўпайиб кетди. Гарчи Марс бу маҳсулотлар саноатини тўхтатмаган бўлса-да, эътиборни бошқа маҳсулотга қаратишга мажбур бўлди.
Уруш яна бир шоколаднинг дунёга келишига сабаб бўлди. Чўнтакда эриб кетадиган шоколадлар аскарлар учун ноқулайлик туғдираётганини сезган Форрест «M&M’s» шоколад доначаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Яна бозор эгалланди. Ҳарбийлар учун ўйлаб топилган доначалар оддий халқ орасида ҳам машҳур бўлиб кетди.
ВАЗМИН МИЛЛИАРДЕР
80-йилларда журналистлар Форрест Марсга «Шоколад денгизининг акуласи» деган лақаб беришди. У ҳақиқатан ҳам акулага айланиб бўлганди. У ҳатто компаниядаги ҳамкори Брюс Мюррейни ҳам амаллаб акционерлар қаторидан сиқиб чиқариб, ягона раҳбарга айланиб олганди.
1973 йили Марс компаниясига яна бир Форрест ишга кирди. Бу катта Форрест Марснинг ўғли кичик Форрест эди. У отаси тириклигидаёқ асосий ишни ўз қўлига олди. Отаси топган миллиардларнинг икки баравар кўпайишига сабаб бўлди. 1999 йилда катта Форрест вафот этди. Компания фарзандлари қўлига ўтди. Улар худди оталари каби қатъий принцип асосида иш бошқаришмоқда. Марслар оиласи «Форбс» рейтингида 46-ўринда қайд этилган.
Ҳозирда «Марс» компанияси жаҳон бозорида турли маҳсулотлар йўналишида лидер ҳисобланади. Дунёнинг 65 мамлакатида компаниянинг 98та фабрикаси, 219та офиси мавжуд. Унинг маҳсулотлари бешта қитъанинг 100дан ортиқ мамлакатида сотилади.
Мадаминбек тайёрлади.
|