7х7 лойиҳаси
1. «Акфа Медиа» бу... (давом эттиринг)
Ойбек: Продюсерлик маркази.
Нигора: Биринчи мактаб.
2. Ҳақиқий шарқ аёли… (давом эттиринг)
Ойбек: Нодирабегим ва Тўмарис.
Нигора: Турмуш ўртоғига вафодор ёр, меҳрибон ва жонкуяр она.
3. Эсласангиз юзингизга табассум югурадиган воқеа?
Ойбек: Гастрол сафарларининг бирида Нигоранинг пошнаси саҳна полига тиқилиб қолганини эсласам ўзимни кулгидан тўхтатолмайман. Ўтган ҳафта бўлиб ўтган «Универсиада-2010» спорт мусобақаларининг ёпилиш маросимида яна бир пой туфлиси ечилиб кетса денг. Нигора нима қиларини билмай, иккинчи пойини ҳам ечиб, майдонни ялангоёқ айланишга мажбур бўлди.
Нигора: Замира исмли опам бор. Менга жуда ўхшайди. Кўчада бирга кетаётганимизда мен қолиб опамлардан дастхат олишган.
4. Бошлаган ишингизни охиригача етказасизми?
Ойбек: Агар бошлаган ишим муваффақиятли тугашини ҳис қилсам, охирига етказаман.
Нигора: Иложи борича ҳаракат қиламан.
5. Танишув сайтларига кириб турасизми?
Ойбек: Йўқ.
Нигора: Йўқ. Фақат электрон почтам ҳамда расмий веб сайтимизга кираман.
6. Қандай русумдаги автомобилни ёқтирасиз?
Ойбек: Автомашиналарга унчалик қизиқмайман. Аммо ёқадигани «Camry».
Нигора: «Ferrari».
7. Нимадан қаттиқ ранжишингиз мумкин?
Ойбек: Ёлғон гаплардан.
Нигора: Яқинларим ҳақида ёмон гапиришса.
8. Шоу-бизнесга кириб келгунингизга қадар қайси хонандаларнинг қўшиқларини севиб тинглагансиз?
Ойбек: Шаҳноз, собиқ «Сетора» гуруҳи, хориж эстрадасидан эса «Backstreet Boy» гуруҳи қўшиқларини тинглардим.
Нигора: Муҳриддин Холиқовнинг қўшиқларини.
9. Севимли фильмингиз?
Ойбек: «Эйс Вентура».
Нигора: Фантастик ҳамда қўрқинчли жанрда суратга олинган фильмларни ёқтираман.
10. Қандай русумдаги уяли алоқа телефонидан фойдаланасиз?
Ойбек: Nokia 6300.
Нигора: Nokia 6700.
11. Қандай либосда ўзингизни қулай ҳис қиласиз?
Ойбек: Спорт услубидаги либосларда.
Нигора: Спорт услубидаги либосларда.
12. Хоббингиз?
Ойбек: Фотосуратга олиш, боулинг ҳамда интернет.
Нигора: Ўзим учун мусиқани баланд овозда қўйиб олган ҳолда рақсга тушиш.
13. Компьютер ва интернетсиз неча кун хотиржам яшай оласиз?
Ойбек: Гастрол сафарига чиққанимизда чидашга ҳаракат қиламан. Аммо шунда ҳам телефонимдан кираман.
Нигора: Олдин бемалол юрардим. Ҳозир менимча бир кун юришим мумкин.
14. Тиланчиларга садақа берасизми?
Ойбек: Шароитга қараб.
Нигора: «Йўл-йўлакай садақа бериб бўлмайди» дейишади. Бундайлардан узоқроқ юришга ҳаракат қиламан. Ҳақиқатан муҳтожлигини сезсам садақа бераман.
15. Кўзгуга қараганингизда хаёлингиздан қандай фикр ўтади?
Ойбек: «Соқолим ўсиб кетибди, олишим керак» деган фикр ўтади.
Нигора: «Кўзимни икки хил бўябманми? Сал семириб қолибманми?» деган хавотирли ўйлар ўтади.
16. Охирги марта қачон маза қилиб кулдингиз?
Ойбек: Кеча.
Нигора: Кеча. Ойбек билан биргаликда юзимизни ҳар хил кўринишда расмга олиб, маза қилиб кулдик. Кулиш фойдали. Ҳаммага кулиб юришни масалаҳат бераман.
17. Йигит киши йиғлаб туриши керакми?
Ойбек: Одам ичида йиғилиб қолган дардларини чиқариши керак...
Нигора: Йигит киши ота-онаси вафот этганда, фарзандли бўлганда, севган инсонини йўқотганида йиғлаши мумкин.
18. Пулга ҳамма нарсани сотиб олиш мумкинми?
Ойбек: (Ўйланиб) Йўқ.
Нигора: Мумкин эмас.
19. Илк марта мустақил ишлаб топган пулингиз?
Ойбек: Дадамлар ошпаз бўлиб ишлардилар. Улар бошқа ишга ўтганларидан сўнг, уларнинг ўрниларига бир ҳафта кабоб пишириб сотганман.
Нигора: 13 ёшимда ўзим тарбияланган боғчага тарбиячи ёрдамчиси бўлиб ишга кирганман. Ўшанда илк маротаба пул ишлаб топганман.
20. Қайси фильмни томоша қилиб охирида кўз ёш тўккансиз?
Ойбек: Мурод Ражабов, Бобур Йўлдошев ва Раъно Шодиева иштирокидаги «Мактуб» фильмини томоша қилиб роса йиғладим.
Нигора: Ҳинд фильмларини томоша қилсам, албатта йиғлайман. Масалан: «Боғбон», «Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин». Ўзи табиатан таъсирчанман.
21. Сиз билмайдиган, лекин эгаллашни хоҳлайдиган соҳа?
Ойбек: Космонавт бўлишни хоҳлайман.
Нигора: Акушер-гинеколог.
22. Санъатимиздаги энг кўркам ва сизга ёқадиган уч нафар хонандани санаб ўтинг?
Ойбек: Лола, Феруза Латипова, Шаҳноз.
Нигора: (Кулиб) Мен, Ойбек ва мен. Бу албатта ҳазил. Насиба Абдуллаева, Ғуломжон Ёқубов.
23. Эркак кишидаги қайси хусусият кечиришга лойиқ эмас?
Ойбек: Хиёнаткор эркакни.
Нигора: Аёлни деб фарзандларини ташлаб кетадиган эркаклар кечиримга лойиқ эмас.
24. Ноҳақ бўлган тақдирингизда хатоингизни осонликча тан оласизми?
Ойбек: Албатта. Агар ноҳақлигимни сезиб қолсам, шу заҳотиёқ ўз узримни сўрайман.
Нигора: Йўқ.
25. Универсиада бу... (давом эттиринг)
Ойбек: Ўзбекистон ёшларининг спорт байрами.
Нигора: Спорт билан шуғулланувчи талабаларга ўзини кўрсатишга имкон берувчи мусобақа.
26. Шоу-бизнес юлдузига айланганингиздан буён сизга хушомад қиладиганлар сони кўпайиб қолгандир?
Ойбек: Албатта. Лекин хушомад қилувчилардан узоқроқ юришга ҳаракат қиламан.
Нигора: Билмадим, ҳеч эътибор бермаган эканман.
27. Мактаб давридаги сиз учун унутилмас жазо?
Ойбек: Соч олдирмаганим учун сочимни ўқитувчимиз кесиб қўйганлари.
Нигора: Тарих дарсида жавоб бера олмаганим учун жазо тариқасида ўқитувчим мени бутун синф олдида рақсга туширганлар.
28. Бугунги кун ёшларининг олдида турган энг улуғ вазифа нима деб ҳисоблайсиз?
Ойбек: Ўзбекстон ёшлари нималарга қодир эканлигини бутун дунёга кўрсатиш.
Нигора: Яхши билим олиш, берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш.
29. Агар жониворга айланиб қолганингизда...
Ойбек: Мушукка айланишни хоҳлардим.
Нигора: Жажжигина кучукчага айланган бўлардим.
30. Сеҳрли таёқча қўлингизга тушиб қолганида...
Ойбек: Ҳаммага соғлик тилаган бўлардим.
Нигора: Ҳамма бахтли бўлишини сўрардим.
31. Бир кун келиб мана шу кунлар ўтиб кетиши мумкинлигидан қўрқмайсизми?
Ойбек: Тақдирда битилгани бўлади.
Нигора: Бугун бормиз, аммо эртага ҳам бор бўламизми, бу ҳақда ўйлаб туришимиз керак.
32. Агар сизга кимдир ёмон қўшиқчи деб баҳо берганида хафа бўлармидингиз?
Ойбек: Йўқ. Бу унинг шахсий фикри.
Нигора: Салгина хафа бўлардим, лекин хали камчиликларим бор экан» деб ўз устимда ишлаган бўлардим.
33. Шоу-бизнесдаги ўхшатиш, солиштиришларга муносабатингиз?
Ойбек: Ижобий.
Нигора: Менимча, солиштириш бўлмаса ўсиш бўлмайди.
34. Ойбек-Нигорага ўхшашни хоҳлайдиган ёшларга маслаҳатингиз?
Ойбек: Доим севиб-севилиб юрсинлар.
Нигора: Ўхшашлик ҳеч кимга омад келтирмайди, ўзлигини намоён қилишларини хоҳлардим.
35. «Аёлнинг ўрни уйда» деган фикрга қўшиласизми?
Ойбек: Ҳа.
Нигора: Аёл ишласа бунинг нимаси ёмон? Аёл уйда ўтирса, гўзаллиги, ҳаётга бўлган қизиқиши йўқолиши мумкин.
36. Ойбек, Нигорани танимайдиган одамга уни қандай таърифлаган бўлардингиз? (Шу савол Нигорага ҳам берилади)
Ойбек: Юзида холи бор қиз.
Нигора: Менинг ёнимда юрадиган, мен билан ашула айтадиган бола.
37. Пул сиз учун қанчалик муҳим?
Ойбек: Керак.
Нигора: Эҳтиёж сезмайман.
38. Ўзингизга ишонмай қолган вақтлар ҳам бўлиб турадими?
Ойбек: Бўлиб туради. Лекин инсон тушкунликка тушмаслиги лозим.
Нигора: Бундай пайтларда Ойбек ва оилам далда беради.
39. Бир марта хонандалик касбини танлаган инсон умрининг охиригача шу касбга содиқ қоладими?
Ойбек: Нега энди? Ўзини бошқа соҳада синаб кўриши ҳам мумкин.
Нигора: Содиқ қолади. Бу касб инсонни ўзига қанчалик мафтун қилишини сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз.
40. Яхши хонанда бўлиш учун нима қилиш керак?
Ойбек: Овозда дард бўлиши керак.
Нигора: Аллоҳ берган истеъдоддан унумли фойдаланиш керак.
41. Куйлашдан бўш вақтларингизда нима билан шуғулланасиз?
Ойбек: Шеър ёзаман.
Нигора: Компьютер ўйнаб ўтираман.
42. Продюсерингиз бир қўшиқни ижро этишни таклиф қиляпти, аммо онангиз ижро этишингизга қарши. Қандай йўл тутасиз?
Ойбек: Онамнинг гапини икки қилмайман.
Нигора: Онам қарши бўлсалар, продюсерим «куйлайсан» демаган бўларди, менимча.
43. 70га кирганингизда ўзингизни қандай овунтирасиз?
Ойбек: Саёҳатга чиқиб, дунё кезаман.
Нигора: Шириндан-шакар невараларимни ёнимга чақириб, эртак айтиб ўтираман.
Биттасини танланг...
44. Ажал ёки мангулик?
Ойбек: Ажал.
Нигора: Ажал.
45. «Кока-кола» ёки «Спрайт»?
Ойбек: «Фанта».
Нигора: «Спрайт».
46. Қора ёки оқ?
Ойбек: Яшил рангни яхши кўраман, лекин қора ранг инсонни озғин кўрсатади.
Нигора: Оқ.
47. Қиш ёки ёз?
Ойбек: Ёз.
Нигора: Ёз.
48. Тоҳир Малик ёки Ўткир Ҳошимов?
Ойбек: Ўткир Ҳошимов.
Нигора: Тоҳир Малик.
49. Мушук ёки ит?
Ойбек: Мушук. Ит ҳам яхши жонивор.
Нигора: Ит.
|