У Ҳиндистон «қироли» эканлигига аллақачон кўникиб бўлдик. Ўз мухлисларидан, уларнинг қўллаб-қувватлашидан миннатдор актёр бугун фаолияти давомида рўй берган кўнгилсиз воқеалар, жанжаллар ҳақида гапиришга аҳд қилди.
– 2009 йилда деярли кўринмадингиз. Аммо 2010 йил Шоҳрух Хон йили бўладиган кўринади...
– Бошқа актёрларга ҳам имкон беришимиз керак. Томошабин ёмонни кўрмаса, яхшининг қадрини қаердан билади? Ҳазиллашдим.
Аммо ёмон жарангламади.
Назаримда, бир оз ёқимсиз жаранглади. Ҳозирда учта фильмда суратга тушяпман. Бундан-да кўпроқ ишларга улгуришни хоҳлардим, аммо елкадан олган жароҳатим бунга имкон бермаяпти. Ҳеч бир иш бесабаб бўлмайди, ёмон иш қилгандирманки, Худо мени шу тариқа жазолади. Лекин афсусда эмасман, чунки фарзандларим ёнида бўлишга вақт топдим. Уларнинг тарбияси билан шахсан ўзим шуғулланяпман. Мендан фарқли ўлароқ улар яхши тарбия кўрган болалар бўлиб камол топишади деган умиддаман.
– Фарах Хон ўзининг янги лойиҳасига Акшай Кумарни таклиф қилди. Бу ҳолат ўрталарингиздаги дўстлик ришталарига путур етказмадими?
– Шахсан менга ҳеч қандай таъсир ўтказгани йўқ. Ҳамма негадир Фарах ўз киносига Акшайни таклиф қилса, бу менинг ғазабимни келтириши керак деб ўйлайди. Аммо нега? Тўғри, Фарах мени ўз фильмига чақирган эди, энди бошқа бировни таклиф қиляпти. Нима, энди мен унинг ёнига бориб, «сен нега бундай қилдинг?» деб сўроққа тутишим керакми? Бу Фарахнинг ихтиёрида-ку, ахир. Мен билан бирга ишламаган одамларга ёмонлик раво кўрмайман ҳечам. Фарахга фақат яхшилик тилайман. У ажойиб фильммейкер. Фарах менга «сен мана бу актёрлар билан ишла» деб кўрсатма бермас экан, нега мен унга ақл ўргатишим керак?!
– Амир Хон билан муносабатларингиз қандай?
– Фикримча, Амир бир неча бор менинг ҳазилларимни жиддий қабул қилган. Унинг қайтарган жавобларидан ранжиганим йўқ. Амир Хонни ҳурмат қиламан. У билан ҳеч қачон жиддий хафалашиб қолмаганмиз. Илгарилари бирорта ҳазил гап айтишдан олдин «Амир, мен фалондақа ҳазил қилмоқчиман, майлими?» деб ундан рухсат сўрардим. Ҳозир эса шукрки, у билан ўзаро тил топишдик. Хоҳлаган мавзуда гаплашишимиз, бир-биримиз билан ҳазиллашишимиз мумкин. У ажойиб йигит, виждонли инсон, истеъдодли киноактёр. Бир сўз билан айтганда, давримизнинг буюк актёрларидан бири. Унинг фильмларини томоша қилиб тураман. Гоҳ-гоҳида қўнғироқлашиб турамиз. Амир Хоннинг гапи билан айганда «Ҳаммаси зўр!».
– Салмон Хон билан-чи, ярашиб олдингизми?
– Йўқ, Салмон билан гаплашмайман. Унинг ҳам менга кўзи учиб тургани йўқ, бу аниқ. Иккимиз икки хил табиатли инсонлармиз, ўз оламимиздагина бахтлимиз, ўз яқинларимиз учун яхшимиз. Худди шундай бўлиб қолиши керак. Йўқ, ўйламанг, бу душманчилик, ғазаб ёки нафрат белгиси эмас. Кўпинча «жамоат жойларда бир-бирингиздан узоқроқ юришга ҳаракат қиласизларми» деб савол беришади... Ростини айтаман, йўқ. Мабодо учрашиб қолдик дейлик, на илож, қўлимиздан нима ҳам келарди? Салмоннинг фильмларидан кўнглим тўқ. Мумбайга борганимда оиласи, қолаверса, ўзи ҳам мени жуда илиқ қарши олди ва ҳозиргача шундай. Салмон Хоннинг яқинлари жуда мулойим ва бағрикенг инсонлар. Фақат иккимиз бир-биримизга тиш қайраймиз. Лекин энди ёш эмасмиз, шу боис бу муаммони ҳал қилиш керак деб ўйлайман. Ҳар биримиз ўз фикримизда собит турганимиз учун ҳам ўртамиздаги келишмовчилик барҳам топгани йўқ.
|