7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

Бош сахифа arrow Интервью arrow Фурқат Файзиев: «Санъат интилган ва ўқимишлиларники бўлмоғи лозим»
Фурқат Файзиев: «Санъат интилган ва ўқимишлиларники бўлмоғи лозим» Принтер учун E-mailга юбориш
30.06.2010 г.
Image
Замонавий ўзбек киноси ҳозир изланишда. У ҳар хил йўналишларда, ранго-ранг жанрларда, турлича савияда бўлган видео, кино ва мультфильмларнинг суратга олинаётган «ўтиш даврида» ўз аксини топмоқда.

Ўз даврида довруғи юксакларга кўтарилган ўзбек миллий киносанъати билан унинг ҳозирги даври орасидаги объектив сабабларга кўра пайдо бўлган узилишни тўлдириш, тиклаш анча мушкул иш. Бу «бинонинг ҳамма жойини таъмирлагандан кўра, уни қайта қурган афзал»дек гап. Энг муҳими, мазкур тиклаш жараёнининг ёш, иқтидорли, фидойи жонкуярлари борки, ўзбек киноси ҳали ўзининг асл шуҳратини кўрсатиши шубҳасиз. Ана шундай юрагида ўти, ҳар бир ўзгаришга ўз фикри ва нуқтаи назари бор ижодкор – Файзиевлар сулоласи давомчиларидан бири Фурқат Файзиевдир.  

2009 йилда Ўзбекистонда Давлат маблағлари ҳисобига 10та, хусусий киностудиялар пулига 35та бадиий, 80та ҳужжатли ва илмий–оммабоп фильмлар суратга олиниб томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Ана шу фильмларга турли минбарлардан туриб ўз нуқтаи назарини билдираётганлар кўп. Қатордан қолмаслик учун сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим.
– Ҳозир драматургия суст, махсус кино учун ёзадиган ёзувчилар йўқ. Илгари ўқимишли сценарийнавислар тайёрланган. Ўшалар билан бирга режиссёрлар ҳар бир фильмнинг бутун суратга олиш жараёнини олдиндан кўриб, билиб, сценарий ёзишган. Ҳозир эса ўқимишли санъаткорлар кам. Яқинда бир санъат олийгоҳининг 4-курс талабаси Пушкинни биринчи космонавт деб мени лол қолдирди. Ана шу актёр ҳозир қайсидир санъат даргоҳида ижод қиляпти. Ҳозирги айрим ёшларда билимга интилиш, чанқоқлик ўрнига афсуски, мансаб эгаллаш, пул, давлат орттиришга интилиш кўпроқ. Бунда айбни ўзимиздан қидиришимиз лозим. Чунки биз кўпинча пулнинг қудрати хақида тез-тез гапирамиз. «Ҳамма нарсани пул ҳал қилади» деймиз. Санъат бу ўзгача соҳа. Унинг ўзига яраша талаблари бор. У оёққа туриши учун вақт ва маблағ керак. Фильмлар асосан фестиваллар учун, тижорат мақсадларида олинадиган фильмлар, фалсафий, ўйлантирувчи ҳамда сиёсий фильмлар бўлади. Илгари «Ўзбекфильм»да йилига 12та бадиий фильм суратга олинарди. Улардан 5-6тасигина ўзини оқласа, қолганлари мафкура учун хизмат қиларди.
- Шубҳасиз, ўзини оқлабгина қолмай, йиллар давомида даромадлар ҳам келтираётган фильмлар рўйхатида «Алибобо ва қирқ қароқчи» фильми пешқадамлик қилмоқда.
- Отам Латиф Файзиев билан ҳиндистонлик  Меҳра ҳамкорлигида 1979 йили яратилган «Али бобо ва қирқ қароқчи» фильми ўз пайтида 80 миллион рубл даромад келтириб, собиқ иттифоқда пешқадамлик қилганлиги маълум.  
- Бир куни суҳбатда маърузачи ғарб мутахассисининг ютуқларини кўкларга кўтариб гапирганда, мен «бизда ҳам ғарбдагидек ижодкор ёки мутахассис уй-рўзғор ташвишларидан холи бўлиб, тегишли шароит яратилган бўлганда эди, ундан машҳур олиму фозил ёки санъаткор кўпроқ чиқиши табиий бўлармиди» деб ўйлагандим.
- Шубҳасиз, ижод эркин ва мустақил бўлсагина самарали бўлади. Лоқайдлик қилмасдан ёшлар билан кўпроқ ишлашимиз, уларни катта бир ғоя сари интилтиришимиз лозим. Уларни Бальзакни, Достоевскийни, Навоийни, Қодирийни ўқишга, Пикассо ва Рембрандт асарлари билан танишишга мажбур қилишимиз керак.  
- Мен ҳам яқинда Ҳамза номли театр музейидан марҳум актёр Неъмат Қосимов хақида материал излаб борганимда театр маъмури «Неъмат Қосимов Алишер Навоий номли опера театрида ишлаяпти» деб ҳайрон қолдирганини эсимга туширдингиз. Машҳур санъаткорларнинг айтишича, илгари театрга ҳатто қоровул ва фаррошларни ҳам санъатдан бохабарларини ишга олишар экан. Ўз навбатида таниқли актёрлар ҳам театрга эрта келиб аввало қоровул билан бир дам суҳбатлашиб, сўнг ижодхоналарига кириб кетар эканлар. Бу аввало одамгарчиликдан дарак берса, иккинчидан, улар ҳам бир бутун театр муҳитини ташкил этишда муҳим бўғин ҳисобланганлигини кўрсатади.
- «Қиролни қирол қиладиган унинг атрофидагилари, қуршови» деган бир машҳур донишманд. Отам раҳматли мени касбидан, лавозимидан қатъи назар ўз ишини биладиган мутахассисларни ҳурмат қилишга ўргатганлар. Нима ҳам дердим, театр қоровуллари ҳам ўз жойида кино жараёнининг бир мурвати ҳисобланади. Ўшасиз кино олинмайди, экран юзини кўрмайди...   
-Яқинда кинорежиссёрлар Шуҳрат Аббосов ва Исамат Эргашевлар билан бўлган суҳбатда машҳур аждодларимиз ҳақида тарихий фильмлар яратилмаётганлигининг сабаблари, ҳатто чет эллик киночиларнинг шу мақсаддаги уринишларига ҳам тегишли муносабат билдирмаганимиз ҳақида куюниб гапирдилар. Шу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?
-Тарихий фильм фақат катта маблағ ҳисобига яратилиши мумкин. Аввало шундай эҳтиёжнинг қанчалик муҳимлигини исботлаш лозим. Кўп нарсани вазият, шароит белгилайди. Ундан ташқари, тарихий фильм учун алоҳида сценарий ёзилиши ва махсус катта кўламли тайёргарлик кўриш талаб этилади. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, чет элликларни бу ерга фақат даромад етаклаб келади. Бизга эса тарихий қаҳрамоннинг қандай яратилиши барибир эмас.
- Ҳозир замона зайли билан актёрлар-ку майли, ҳатто санъатдан бутунлай хабари бўлмаганлар ҳам режиссёрликка қўл урмоқдалар. Маълумки, Фурқат Файзиев режиссёрлик дипломига эга бўлса-да, қатор фильмларда суратга тушиб томошабинларга кўпроқ актёр сифатида ҳам танилган. Касбларингизнинг қай бирига устунлик берасиз?
-»Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин» деганларидек, ҳар ким ўзи қойиллатадиган, билган ишини қилиши керак. Актёр актёрлигини, режиссёр режиссёрлигини қилгани маъқул. Лекин иккисини ҳам қойиллатадиган Сергей Бондарчук, Никита Михалков каби саноқли дарғалар бўлади.  Отам ҳам бутун умрлари давомида атиги тўрттагина-«Асосий зарба», «Тарас Шевченко», «Баҳор гуллаганда» ва «Улуғбек юлдузи» номли фильмларда суратга тушганлар. Аслида режиссёр сценарий ёзиш давомида бутун фильмни олдиндан кўра билади. Актёр эса фақат ўзининг ролини ўйнайди холос. Яхши режиссёрларнинг камлигидан баъзи актёрларнинг режиссурага қўл уриши бу овунчоқлик холос. Шунинг учун мен ўйнаган ролларимга ҳам актёр эмас, режиссёр сифатида четдан баҳо беришга уринаман.
 - «Шайтанат»даги совуқ, шафқатсиз боқишли, сиртдан қараганда хотиржам кўринса-да, қалбида ёвузлик, ғаразлик туғён ураётган Ҳосилбойвачча шу тарзда яратилган бўлганлиги учун ҳам сизнинг энг кўзга кўринган, элга танитган ролингиз бўлгандир?
– Мен «Шайтанат» фильмидаги ролимни ўйнашдан олдин, аввало китобни яхшилаб ўқиб чиқдим. Сўнг кўпчиликка маълум америкалик киночиларнинг «Чўқинтирган ота» фильмидаги катта ўғил образини синчковлик билан қайта-қайта кўриб ўргандим, уни тушунишга ҳаракат қилдим-да, Фурқат Файзиевдаги хислатларга қориштириб, сингдиришга уриндим.
– Демак, Сиз фильмда ўзингизни ўйнабсиз-да?
– Кўп жиҳатдан ҳа. Мен ижодий фаолиятим давомида 63та рол ўйнаган бўлсам, шундан иккитасидагина ўзимни ўйнадим. Ҳаётда одам ўлдирмаган, қаллоблик, ўғрилик қилмаган бўлсам-да, унинг ўрнига ўзимни қўйиб кўриб, қаҳрамоннинг ички дунёсини англашга ҳаракат қилдим. Машҳур кинорежиссёр Йўлдош Аъзамов айтганидек, «Актёр экранда найрангбоз, масхарабозлик қилиб эмас, қаҳрамонининг ҳаёти билан яшаши, унинг ўзи бўлиши керак».
-Сизнингча, актёр билан режиссёрнинг муносабатлари нималар асосида, қандай шаклланиши лозим?
- Қанақа актёр ёки режиссёрлигимга ўзимнинг баҳо беришим қийин. Лекин пайти келса режиссёр сифатида кутган нарсам чиқмагунча уларни ҳеч тинч қўймайман. Мен актёрнинг феъл-атвори, ички дунёси, фикру зикрини ўрганишга, тушунишга ҳаракат қиламан. Баъзи актёрларнинг ўзи шу чоққача билмаган хислатларини қаҳрамон орқали очишга уринаман. Суратга олиш майдонида режиссёр ҳал қилувчи одам. Бутун гуруҳ унинг йўлига юради, айтганини қилади. Чунки фильмнинг барча масъулияти унинг зиммасида бўлади.
-Сизнингча, образ яратиш билан рол ўйнашнинг фарқи борми?
- Миллий санъатимизнинг буюк алломалари ўргатганидек, «Актёр саҳнада, суратга олиш майдончасида бўлсин, қаҳрамонининг ҳаёти билан яшагандагина ҳаётий ва бадиийлик ҳақиқатига эришган образ яратиши мумкин. Агар шундай қилолмаса, актёрнинг борлигини ҳам ҳеч ким сезмайди. У қуруқ ижродан ўзга нарса бўлмайди». Образ яратишда ролнинг катта-кичиклиги, асосий ёки эпизодлигининг ҳеч аҳамияти йўқ. Тарихдан маълум, Наби Раҳимов, Раҳим Пирмуҳамедов, Нурхон Эшмуҳамедов, Сайфи Олимов, Ғани Аъзамов, Жўра Тожиев, Ҳамидулла Наримонов каби иқтидорли актёрлар кичик ролларни ҳам шундай маҳорат билан қойиллатиб яратишганки, унча-мунча бош ролдан кўра томошабин қалбига айнан ана шу кичик рол муҳрланади ва йиллар давомида қайта-қайта кўриб завқланаверади.
- Сизнингча, миллий руҳ нима?
-Биз кўпинча афсус, миллий руҳ билан миллатчиликни адаштириб юборамиз. Уларнинг фарқи шунчалик нозикки, бир-биридан ўтиб кетиши ҳеч гап эмас. Дўппи ёки атлас кийиб, ўзбекча гапиролган билан миллий руҳ инсонда бўлиб қолмайди. Менимча, у инсоннинг қалбида, онгида, тафаккурида шаклланмоғим лозим.
- Сиз ҳаётда самимий, иродали бўла оласизми?
- Баъзида кўришни хоҳламаган одамимни кўрмасликка олиб ўтиб кетишга ўзимда ирода топа оламан. Агар кўчада, чорраҳаларда ёш бақувват одам тиланчилик қилса, унга садақа бермасликка ҳаракат қиламан. «Ҳар бир одамда иблис бор» дейишади. Мен ўзимнинг салбий томонларимни биламан. Лекин ҳаммага ҳам ёқишим шартмаслигини ҳам биламан.
- Мухлисларга оилангизга оид нималарни маълум қилишингиз мумкин?
- Кўпчиликка маълум, отам раҳматли Латиф Файзиев машҳур кинорежиссёр, онам педиатр. Азали тақдир билан ўзим икки марта турмуш қурдим. Ўтган 42 йиллик умрим уларнинг «Сиз учун 1-,2-, ва 3-ўринларда ҳам иш, фақат ундан кейин оила «деб койишлари ҳақиқатлигини исботлади. Лекин нима бўлса-да,  фарзандларимнинг тарбиясига доимо вақт топишга ҳаракат қиламан. Уй-рўзғор ишларида асосан менинг даромадим ва қўл кучимдан фойдаланилади. Лекин керак бўлса, мен учун кир ювиш ёки уй тозалаш муаммо эмас. Амаким Ҳабибулло Файзиев ва Москвадаги жияним Жаҳонгир билан алоқамиз эҳтиёж даражасида ва чегараланган тарзда. Уйда бўш қолган ва кўнгил тусаган пайтларимда отамга ўхшаб фортепьяно чалиб, романслар айтишни хуш кўраман. «Ҳаётда ва ижодда нимага эришган бўлсам, фақат отамдан ўрнак олишга ҳаракат қилишим, уларнинг мероси ва ўгитларидан самарали фойдалана олганим туфайлидир» деб ўйлайман.

Суҳбатдош Ҳабибулло Абдулмажид.

 
« Олдинги   Кейинги »