Нодир Жонузоқ
1.
Севги!
Нима у?
Ким айта олади унинг аслини?
Моҳиятини тушунтира олар ким?
Афсус...
У – баҳайбат, улкан сир. Эшик-туйнуги йўқ қалъа. Ҳар гал уни забт этдим деб ўйларлар. Билмасларки ўзлари асир, банди...
Севги – кўҳна зиндон.
Маҳкумлар бесаноқ: Мажнун, Фарҳод, Ромео, княз Мишкин...
Улар гир айлана бўлиб давра қуриб ўтиришаркан, ўртадаги ёлғиз атиргулга киприк қоқмай термулишади. Гоҳ-гоҳ кимдир оҳ тортаркан, атиргул ғунчаси енгил елпинади. Ошиқлар дунёсига нур сочади бу Гул. Бироқ у қаердан келган, бу чиройни унга ким бахш этган, сири нимада – ҳеч ким билмайди...
Ишқ аҳлининг кўксида уриб турган ҳам аслида юрак эмас – қирмизи атиргул...
Ким билади, балки Арш ҳам атиргул шаклидадир...
2.
- Севги йўқ нарса, - дейди дунёнинг қирқига чидаб, эллиги сари эна бошлаган акамиз.
- Бор! – дейди ўжарлик билан ёш йигитча. – Фақат уни ҳис қилиш учун юрак керак...
- Ҳали ёшсан-да, - унга ачингандай қарайди суҳбатдоши. – Уйлан, оила қур – кейин биласан севги борми-йўқми...
Йигитча индамайди.
Хаёлида чиройли қизнинг фариштамонанд чеҳраси жонланади. Ўзи билиб-билмай жилмая бошлайди. Унинг сирли табассумини кўрган суҳбатдоши бу ҳолни ўзича талқин қилади: демак, охир-оқибат менинг фикримга қўшилди...
Ҳолбуки... бунгача ҳали кўп бор.
Ҳали чиройли қизни бошқа бировга узатиб юборишади.
Ҳали йигит «менга усиз ҳаёт йўқ» деб ўз жонига қасд қилмоқчи бўлади.
Ҳали у тақдирга тан бериб, бир аёлнинг тан маҳрамига айланади.
Ҳали бирин-кетин унинг фарзандлари туғилади.
Ҳали у рўзғор ташвишлари остида қолиб майишади ва сабза кўнгли туршакдай бужмайиб қотади ва...
...Бир куни ёшгина ўсмирга қарата фалсафа сўқа бошлайди:
- Севги бу – йўқ нарса, иним. Ҳали ёшсан-да...
Шу гапни айтгач, кечаси у туш кўради: ёшлигида уйқусини ўғирлаган соҳибжамол қиз «ҳали шунақами» дегандай унга қараб қовоқ уяди. Аразлайди. У ҳаяжондан терлаб уйғониб кетади. Узоқ вақт ухлай олмайди. Эски альбомни қўлига олиб ёшлик хотираларига берилади. Бехосдан чап кўксига қўлини қўяди. Юраги борлиги эсига тушади.
Бироқ... ҳали бунгача кўп вақт бор...
3.
У ўз севган қизига уйланди. Гарчи ота-онаси, қариндош-уруғлари қарши бўлса-да, аҳдида қаттиқ турди – ниятига етди. Гўё дунёда ундан бахтли одам йўқ эди. Худди қанот ёзиб, еттинчи осмонда учарди. Бироқ бу парвоз вақт ўтган сари пасая бошлади. Ва бир куни оёғи ерга тегиб бошқалар қатори заминда пилдираб юра бошлади. Ҳар қанча қўлини силкимасин – учолмади. Унга қанот бағишлаган пари эса оддий, бошқалар қатори аёлга айланиб қолди. Сеҳрини йўқотди. Бир пайтлар уни энтиктирган қош-кўзига қараркан, елка қисиб, ҳайрон бўлади: бугун унинг ҳамма нарсаси бор, бироқ... шу... севги деганлари қаёққадир ғойиб бўлди-да. Ҳолбуки бир замонлар ҳеч нарсаси йўқ эди – севгидан бошқа... Тавба...
Энди тунлари хотинига терс ўгирилиб ётаркан, ўзича ўйлайди: севги ҳам бир матоҳга ўхшайди шекилли – вақт ўтган сари эскираркан...
Кимдир айтган эди: севги ҳам дарахтдай гап – уни парвариш қилиб турмасанг, қурийди.
4.
Севги ҳақида ёзмаган шоир, ёзувчи, донишманд, файласуф йўқ бўлса керак. Ҳамма ўз билганини, ҳис қилганини илгари сурган. Бироқ ҳалигача ягона таъриф-тавсиф йўқ. Айтилган фикр-мулоҳазалар бир-бирига зид, қарама-қарши... Севгининг сири ҳам шунда асли.
Севги – икки жинснинг бир-бирига табиий талпиниши ҳосиласи, у висол билан якунланади дейди ғарблик мутафаккир.
Ишқ – бу маъшуқа чеҳрасида Ҳақнинг тажалли этишидир» дейди шарқлик донишманд.
Ҳарҳолда ишқ деганлари севгидан кўра кенгроқ тушунча шекилли. Навоий ҳазратларига кўра, ишқ – пок нигоҳ билан пок юз пок ҳолатда назар солмоқдир.
Севги бу – кўзгу. Севгилимиз юзига назар ташларканмиз, Ҳаётбахш Кучнинг биргина зарраси инъикосидан бехуд бўламиз. Аслини, бор бўйича кўрсак не ҳолга тушарканмиз?! Худди томчида Қуёш акс этганидек, севги орқали бутун оламнинг, тирикликнинг моҳиятини ҳис қила бошлаймиз.
Севаётган одам бу - ўзини таниётган, англаётган одамдир бизнингча.
Бир умр севмасдан ўтаётган одам – ўз моҳиятидан бехабар кимсадир.
Улуғ ҳаким севгини касалликлар сирасига қўшган эди. Майли, шундай бўла қолсин. Биз бу касаллик билан оғришга розимиз. Токи кўз олдимиздан дағал, қуруқ дунё манзаралари чекиниб, гулистон эшиклари очилсин. Булбул нағмалари, атиргул бўйлари маст қилсин бизни...
Кимки севгига чалинишдан қўрқиб ўзини эҳтиёт қиларкан, демак, у яшашдан ҳам қўрқади. Чинакамига яшашдан демоқчиман...
Ньютон кашф қилган бутун олам тортишиш қонуни илм-фанда қандай изоҳланади – ҳозир эсимда йўқ, бироқ унинг моҳияти муҳаббатдан иборат. Негаки, бутун оламни тортиб, ўзаро бирлаштириб, мувозанатни ушлаб турган куч – Муҳаббатдир.
У йўқолган куни қиёмат қойим бўлади...
СЕВГИ
1.
Ўз вақтида келмайди
Асл севги ҳеч.
Эрта келар ва ёки
Келар пича кеч.
Келар ногоҳ уйғонган
Тунги қуюндай.
Борингни остин-устун
Қилар куюнмай.
Севги – айни саратон
Ёққан лайлакқор.
Ёки музга муз тегиб
Ўт чиқса... Зинҳор –
Бу оловни ўчирма,
Кафтингда тутгил.
Атиргулга айланар
Аланга – кутгил.
Ўша – дилни музлатиб
Яна куйдирган.
Бемаҳалда бўзлатиб
Қаҳ-қаҳ кулдирган.
Саросимага тушма
Ташриф қилса гар.
Юрагингга муҳрини
Босару – кетар.
Бу дегани – одамсан
Ташвиш чекма ҳеч.
Асл севги ё эрта,
Ёки келар кеч...
2..
Севги – иблис чалаётган куй,
Севги – фариштанинг ноласи.
Тингламайман дейсиз-у, аммо
Унга асир бўлиб қоласиз.
Севги – чаён томизган заҳар,
Севги – асаларининг боли.
Қўл чўзмайман дейсиз-у, лекин
Тўйсангиз ҳам ейсиз ётволиб.
Севги – дув-дув ёғаётган чўғ,
Севги – қиш чилласининг музи.
Этагингиз силкийсиз, бироқ
Кетолмайсиз пойингиз узиб.
Севги – чақмоқ сингари оний,
Севги – ҳар лаҳзасида бақо.
Шу боис бахт кулиб боқар-у...
Бахтли бўлолмайсиз мутлақо!
|