|
Стюардесса самолётни қўндирди |
|
|
|
14.07.2010 г. |
|
American Airlines авиакомпаниясининг стюардессаси тоби қочиб қолган иккинчи учувчининг ўрнини эгаллаб, бортида 225 нафар йўловчилари бўлган самолётни қўндиришга ёрдамлашди.
Бу воқеа Сан-Франциско (Калифорния штати)дан Чикаго (Иллинойс штати)га кетаётган ҳаво кемасида содир бўлди. Бортида 225 нафар йўловчилар ва 7 нафар экипаж аъзолари бўлган лайнернинг иккинчи учувчиси гриппга ўхшаш касаллик белгилари пайдо бўлганидан сўнг, ўзини жуда ёмон ҳис эта бошлади.
“Тоби қочган иккинчи учувчи йўловчилар салонига ўтиб ўтирди. Шундан сўнг кема капитани йўловчиларга мурожаат этиб, учувчилик руҳсатномаси бўлган инсонлардан ёрдам сўради, — деб ҳикоя қилади American Airlines нинг расмий вакили Тим Вагнер. — Саёҳатчилар орасидан бундай одам топилмади, аммо стюардессалардан бирида тижорат авиакомпанияси учувчиси руҳсатномаси борлиги маълум бўлди. У иккинчи учувчининг ўрнини эгаллади, шундан сўнг капитан бошқарувидаги самолёт эсон-омон О'Хэйр халқаро аэропортига қўнди”.
Стюардесса экипаж аъзоларига керакли маълумотларни етказиб турди, шунингдек, қўниш олдидан текширувчи назорат рўйхатини ўқиди, бажариши лозим бўлган барча ишларни бемалол уддалади. Чикагога етиб келгач, маҳаллий шифохоналардан бирида тоби қочган учувчига зарурий тиббий ёрдам кўрсатилди.
|