7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

Бош сахифа arrow Саломатлик arrow ҚИМИРЛАБ ТУРИНГ, СЕМИРИБ КЕТМАЙСИЗ…
ҚИМИРЛАБ ТУРИНГ, СЕМИРИБ КЕТМАЙСИЗ… Принтер учун E-mailга юбориш
08.01.2012 г.
Image

Сўнгги вақтларда “гиподинамия” атамаси жуда урфга кирди. Бу сўз инсоннинг камроқ ҳаракатланиши ва, умуман, мушакларини камроқ ишлатишини билдиради.
Замонавий ҳаётнинг ўзига хос тарафи шундан иборатки, гиподинамия ижтимоий ҳолатга айланиб бормоқда. Жисмоний куч сарфлаш учун баҳона борган сари камаймоқда. Лифтлар, жамоат транспорти, ишлаб чиқаришнинг механизациялаштирилиши... Семизлик қишлоқ аҳолисига нисбатан шаҳарликларда кўпроқ учраши, жисмоний меҳнат билан шуғулланувчиларга нисбатан ақлий меҳнат кишилари кўпроқ ортиқча вазндан азият чекишлари ҳам айнан камҳаракатлилик билан боғлиқдир.
Шундай ҳолатлар ҳам маълумки, лифти йўқ уйнинг бешинчи қаватида яшайдиган одам зиналардан яёв кўтарилаверишдан безор бўлиб, биринчи қаватдаги хонадонга кўчиб ўтади-ю кескин семира бошлайди. Кўпинча собиқ спортчилар спорт билан шуғулланишни тўхтатганларидан кейин ортиқча вазн муаммоси пайдо бўлади. Баъзан ҳарбий хизматни тугатиб қайтган йигитлар тўсатдан семириб кетишади.
Гиподинамия ёки, тўғрироқ қилиб айтганда, муайян қувват сарфланишининг қисқариши бир қатор ҳолатларда юз бериши мумкин. Масалан, бир йигит уйланади ва энди илгаригидек учрашувларга югурмайди, ташвишланмайди, қайғурмайди. Ёки ишхонадаги феъли оғир раҳбар кетиб, ўрнига яхши бошлиқ келади ва барча ходимларнинг “жони кириб” қолади, таранг тортилган асаблари бўшашади. Бир одам ишга шаҳар транспорти ортидан чопиб юрарди. У автомобил сотиб олади. Энди ишга ҳам, дўконга ҳам ўтириб бориб, ўтириб қайтадиган бўлади...
Ҳаводан семирадиганлар...
Семириб кетаётган одамдан ўз ҳолатининг сабаби суриштирилганда, у ажабланиб, “Билмадим, назаримда ҳар доимгидек яшаяпман ва еб-ичяпман”, деб жавоб беради. Аммо таги суриштирилганида, кўпинча бундай бўлиб чиқмайди. Ё спортни ташлаган, ёки уйланган, ёхуд машина сотиб олган...
Инсон ҳаётининг ҳар ўн йилидан сўнг қувват сарфланиши тахминан 10 фоизга камайиши меъёрий ҳол эканлигини биласизми? Яъни ўттиз ёшлилар йигирма ёшдагиларга нисбатан 10 фоиз кам, қирқ ёшдагилар 20 фоиз, эллик ёшдагилар 30 фоиз камроқ қувват сарфлашади ва ҳоказо.
Бу эса асосий алмашинув, яъни асосий ҳаётий функциялар – нафас олиш, юрак фаолияти, жигар, буйраклар, ичакларнинг ишлаши, бўшашган мушакларнинг озиқланиши ва шу кабилар учун тинч ҳолатдаги қувват сарфланиши камайиши билан боғлиқ. Ёш ўтгани сайин организм нисбатан кўпроқ тежаб яшашни ўрганади. Иқтисод-ку, ўз йўлига, аммо ёш ўта боргани сари вазн ҳам орта бориши яхши маълум бўлган ҳолатдир. Бир ўйлаб кўринг-а, йигирма ёшли қизларда ортиқча вазн муаммоси 15 фоиз учраса, ўттиз ёшли аёлларда бу кўрсаткич 27 фоиздан ошади, қирқ ёшлиларда эса 50 фоизга яқинлашади.
Шундай экан, гиподинамия ёки қувват сарфланишининг қисқариши вазн ошишининг ўта кенг тарқалган сабабчисидир.
Нега гиподинамия вазн ошишига сабачи бўлади? Бу масалани кенгроқ муҳокама қилишдан олдин, баъзи нарсаларни билиб олишимиз шарт. Мушаклар ёғларни тутиб олувчи энг яхши қопқондир. Организмдаги бор ёғнинг 90 фоизи айнан мушакларда оксидланади ёки қувватга айланиб, йўқолади.
Камҳаракатлилик – семизликнинг дўсти!
Бундан ташқари, ишлаётган мушакларда ёғнинг оксидланиши кўп маротаба кучаяди. Табиийки, агар инсон мушакларини камроқ ишлатса, улардаги ёғ ҳам камроқ оксидланади. Ваҳоланки, мушакларнинг иши ҳар доим ҳам кўзга ташланавермайди. Масалан, мушакларнинг ҳаётий фаоллигини олайлик. Бу мушакларнинг тез-тез қисқариши бўлиб, уларнинг ишлашга тайёрлигини белгилайди. Ушбу қисқаришларни қўллаб-қувватлаб туриш учун ҳам қувват сарфланади.
Эҳтимол, мушакларнинг ҳаётий фаоллиги кайфиятга боғлиқ эканлигини кўпчилигингиз пайқаган бўлсангиз керак. Кайфиятимиз қанчалик яхши бўлса, мушакларнинг ҳаётий фаоллиги ҳам шунчалик юқори бўлади. Бундан келиб чиқадики, яхши кайфиятдаги инсон кайфияти бузуқ одамга нисбатан кўпроқ қувват сарфлар экан.
Яна бир мисол. Одамлар тиниб-тинчимас, бир жойда ўтиролмайдиган ёки, аксинча, сусткаш, ҳаракатлари аниқ бўлишини кўп пайқаймиз. Бундай одамлар муайян миқдордаги ишни айни бир хил вақт ичида тенг бажаришлари мумкин. Иккинчи тоифадагилар бундай ишни кўпроқ бажара оладилар ҳам. Улар шошилишмайди, ҳаракатлари аниқ ва тежамкор бўлади. Аммо биринчи тоифадагилар ортиқча ҳаракат қилганларининг шарофати билангина кўпроқ қувват сарфлашади. Агар эътибор берсангиз, биринчи тоифадаги одамларнинг вазни ҳар доим меъёрдагидек бўлишини, иккинчилари эса доимо ортиқча вазндан азият чекишларини кўрасиз...

 
« Олдинги   Кейинги »