 “ШОДЛИК” ПИРОЖНИЙСИ
Керакли масаллиқлар: 2 та тухум, 1 ст. шакар, 250 гр сариёғ, 1 ст. сметана, 1 банка қуйилтирилган сут, 3 ст. ун, 1 чой қошиқ истеъмол содаси ва сирка.
Тайёрланиши: тухумларни оппоқ рангга келгунча кўпиртирамиз. Сўнг шакар солиб, кўпиртиришда давом этамиз. Сметана, ярим банка қуйилтирилган сут, сода ва сиркани солиб, яхшилаб аралаштирамиз. Аралашмага эланган ун қўшиб, қуюқроқ хамир қорамиз. Хамирнинг кўриниши сумалакка ўхшашиб кетиши керак. Уни қошиқ ёрдамида газ патнисига ёямиз. Агар газ печингиз куйдириб юборишидан қўрқсангиз, патнисни ёғланг ёки махсус қоғоз билан бирга пиширинг. Ярим тайёр пирожний пишгач, уни совитамиз. Сўнг махсус қолипчалар ёки пиёла ёрдамида турли шаклларда кесиб оламиз. Энди кремни тайёрласак ҳам бўлади. Хона ҳароратида эриган сариёғга ярим банка қуйилтирилган сут қўшиб, крем тайёрлаймиз. Крем қумоқ-қумоқ бўлмаслигига аҳамият беринг. Иккита бир хил шаклдаги пирожний бўлакларини олиб, уларни крем билан ёпиштирамиз. Устига ҳам исталган шакллар билан безатишингиз мумкин. Агар бу борада тажрибасиз бўлсангиз, устига бир текисда крем суртиб, майдаланган ёнғоқ бўлакларига қориб олинг.
ПИЁЗЛИ ЎРАМА НОН
Керакли масаллиқлар: 500 гр ун, 1 ош қошиқ хамиртуруш ва шакар, 2-3 дона пиёз, 1 та тухум, туз ва седана керак бўлади.
Тайёрланиши: ушбу ноннинг тайёрланиши оддий ва камхаржлиги билан ажралиб туради. Ишни хамиртурушни ошириб олишдан бошлаймиз. Пиёлага 1 ош қошиқ хамиртуруш ва шакар солиб, унга илиқ сув қўшамиз. Устига иккинчи пиёлани бостириб, 10-15 дақиқа кутамиз. Идишга ун солиб, хамиртуруш ва тузли сувни қўшамиз. Ўртача қаттиқликдаги хамир қорамиз. Уни ошириш учун иссиқ ерда 1-1,5 соат тиндирамиз. Хамир тингач, уни тухумдек зувалачаларга бўлиб, ёйиб оламиз. Унга майдалаб тўғралган пиёзни қўшиб, қуйидагича ўраймиз. Сўнг рулет шаклида ўраб, устига тухум ва седана доначаларини сепамиз. Нон 200-220 даражадаги ҳароратда 40-45 дақиқа пиширилади.
“МОВИЙ ОСМОН” САЛАТИ
Керакли масаллиқлар: 500 гр товуқ гўшти, 4-5 та тухум, 2 дона пиёз, 200 гр консерваланган қўзиқорин, кўкатлар, туз ва майонез.
Тайёрланиши: товуқ гўштини сувда қайнатамиз. Алоҳида идишга эса тухумларни чақиб, туз соламиз. Ундан қуймоқ тайёрлаб, товада қовурамиз. Консерваланган қўзиқорин ва тухумни сомонча шаклида тўғраймиз. Пиёзни эса майда паррак шаклида тўғраб, ёғда қовуриб оламиз. Пиёз оч олтинрангга киргач, уни товуқ қайнатмасига қўшамиз. Сўнг 15 дақиқа ўтиб, гўштни алоҳида идишга оламиз. Уни ҳам сомонча шаклида тўғраб, қўзиқорин ва тухумга қўшамиз. Салатга таъбга кўра туз солиб, майонез билан аралаштирасиз. Салатни безатишда кўкатлардан фойдаланишни тавсия этамиз.
|