 «Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Кўпларимиз исрофгарларнинг исрофгарига айланиб бўлганмиз.
Машаққат ва ҳамма нарсадан ўзни қайтаришлар эвазига йиллаб йиққан молимизни ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кунда совуриб юборамиз. Бирор буюмнинг (масалан, улов, рўзғор ашёси ёки кийим-кечакнинг) арзонроғи тургани ҳолда бошқаларни лол қолдириш мақсадида энг қимматини сотиб оламиз. Сув, озиқ-овқат, кийим-бош, ёқилғи ва бошқа неъматларни исроф қилиш соҳасида-ку ҳар қандай миллатни ортда қолдирамиз.
Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Бир замондош олим айтганидек, исрофнинг энг кичиги таом еган косангдаги ёғ юқини тозаламасликдир. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш учун уйларни ҳаддан ташқари ҳашаматли ва дабдабали қилиш, уларни хориждан келтирилган қимматбаҳо ашёлар билан жиҳозлаш, кийимнинг янги урф бўлгани (модадаги) изидан пул сочиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам давримиздаги исрофнинг кўринишларидандир.
Пойтахт тўйхоналаридан бирида ўтказилган «марҳумни хотирлаш» маросими дастурхонига тортилган неъматларнинг кўплигидан, ранг-баранглигидан, қимматбаҳолигидан ҳамма ҳайратда қолди. Ҳатто меҳмонлардан бири таажжубини яшира олмай: «Пул топибди-ю, аммо сал ҳаддидан ошибди-да», – деди. Шунда маросимга келган отахонлардан бири мезбоннинг бу такаллуфини оқламоқчи бўлгандай: «Ҳа, энди Аллоҳ давлат берибди, шунақа савобли ишларга сарф қилади-да, агар уни ичкиликка, хотинбозликка ёки қиморга сочиб юборганида нима дея олардик?» – деб тасалли берди. Тўғри, унга мўл-кўл давлат берилган бўлса, инсончилик туфайли буни элга билдиргиси келади, катта сарфлар билан ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатмоқчи бўлади.
Лекин ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса, буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш (контракт) пулини тўлай олмаётган бир талабага елка қўйиб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир танишини қўллаб юбориш мумкин-ку!
Газетларда пўртахол ёки банан ҳосили кутилганидан ортиб кетса, унинг баҳоси тушиб, фойда камайиб кетишидан қўрққан сармоядорларнинг тонна-тонна неъматларни муҳтожларга тарқатмай уммонларга ағдаришгани ҳақида кўп марта ёзишган. Яна шуниси ажабланарлики, улар меваларни одамлар сувдан чиқариб олмасин, деган хавфда соҳилларга ҳеч кимни яқинлаштирмайдиган соқчиларни ҳам тайинлашади.
Наманганнинг янги шаҳар қисмида яшовчи бир аёлнинг ҳикоясига қулоқ солинг: «Эрим вафот этиб, учта болам билан икки хонали «дом»да нафақасиз қолдик. Тўғри, очимиздан ўлаётганимиз йўқ, Аллоҳ тирик бандасининг ризқини бериб тураркан. Лекин ҳозир осмондан чалпак ёғилармикан, деб кутиб ўтирадиган пайт эмас. Қолаверса, «сендан ҳаракат, Худодан баракат», деган гап ҳам бор. Ишлай десам, иш тополмадим. Ўйлай-ўйлай, бир қўшнимнинг маслаҳати билан ёндаги хонадонда турадиган бойвачча йигитнинг уйини тозалаб туришга ёлландим. У туманлардан бирида яшайди, дам олиш кунлари улфатлари билан базм қилиш учун шу хонадонни сотиб олган. Шартлашганимизга кўра, уларнинг «базми» тугаб, туманига кетганидан кейин хонадонни йиғиштириб-тозалайман. Лекин ҳар гал тозалагани у ерга кириб, хўрлигимдан йиғи келади. Еб-ичилганидан ортган қанча-қанча қимматбаҳо пишлоқ, қўлбости (колбаса), қази, шоколад каби неъматлар, мева-чевалар шундоғича яроқсиз ҳолда қолаверади. Чунки эгаси рухсат бермагани учун мен болаларимга едиришдан тийиламан, сўрагани бетим чидамайди. Ўчириб кетилган музхонадаги ортиб қолган анчагина гўшт-ёғ, тансиқ таомлар ҳам айниб бўлган, фақат чиқариб ташлаш керак, холос. Ахир кетаётганида мени чақириб, «Манавиларни саранжомлаб олинг», – деса асакаси кетармикин? Ўзим айтай, десам, отасиинг амалига, қўлидаги давлатига қўнқайган қўрс йигитнинг жаҳлини чиқаришдан қўрқаман. Хуллас, «кимдир унга зор, кимдир қилар хор», деганларидай, исрофнинг касри бир куни унга уриб хароб қилмасайди, деб қўрқаман».
Исрофгарчиликнинг охири надомат билан тугайди, ҳалокат билан якунланади. Исрофгар қанчалик бой бўлмасин, оқибатда барибир камбағалга айланади.
Исрофгарлардан бири Суқрот ҳакимга камбағал бўлиб қолганидан шикоят қилди. Суқрот ўша одамга шундай маслаҳат берди: «Исрофингга бир чегара қўйиб, пулингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг ўнгланади». Улуғ донишманднинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туйилмайдими?
Баҳодир Муҳаммадиев
|