|
ЭРТАКЛАРДАГИ ЖИННИ КЎРГАНМАН |
|
|
|
25.01.2012 г. |
 Болалигимда Тошкентнинг Навоий кўчасида жойлашган собиқ ярмарка тепасидаги маҳаллада, уйларининг деворлари нураб кетган эски ҳовлида яшардик. Бир томони ташландиқ жарлик эди. Кечқурунлари ҳаммаёқ зимистон бўлиб кетарди. Бир куни ярим тунда уйқусираганча ҳожатхонага кирдим. Кимдир ортимдан киргандек бўлди. Бундай қарасам, эртакларда тасвирланган қулоқлари эшакникига ўхшаш узун-узун, катта-катта кўзлари ташқарига чиқиб кетган, тўртта туёғи бор, узун думи қайрилган ғалати махлуқ деворга ёпишиб турибди. Олти яшар боламан, нафас олишга ҳам қўрқиб, унга тикилиб туравердим. У мен томонга калласини ўгириб қаради-да, узун тилини кўрсатганча “Э-э-э...” деган овоз чиқариб, мени масхара қилди ва шу заҳоти ғойиб бўлди. Жон ҳолатда ҳожатхонадан қочиб чиқдиму ҳушимдан кетиб йиқилдим. Кўзимни очганимда тепамда салла кийган нуроний чол дам солиб ўтирган экан. То эски ҳовлимиз бузилиб, бошқа ерга кўчиб кетмагунимизга қадар тунда ташқарига чиқишга қўрқиб яшадим. Болаликдаги қўрқув вужудимни тарк этганидан кейин уни яна бир бор кўришни истадим. Агар яна унга дуч келсам, думидан ушлаб олиб, таъзирини берган бўлардим.
Равшан Мансуров, Тошкент шаҳри
|