7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

Бош сахифа arrow Хидоят сабоклари arrow ОТА – ОИЛА САРБОНИ
ОТА – ОИЛА САРБОНИ Принтер учун E-mailга юбориш
03.02.2012 г.
Image

Жорий йил мамлакатимизда “Мустаҳкам оила” йили деб эълон қилинди. Оила қачон мустаҳкам бўлади? Қачонки оила бошлиғи фарзанд тарбиясию оиланинг барча юмушларини қўлига олса. Оила ҳам кичкина бир давлат, уни тўла-тўкис бошқариш лозим. Бу вазифа эса оталар зиммасига юкланган.
Юртимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурмоқда. Бозорларимизда тўкин-сочинлик, мўл-кўлчилик, ҳамма нарса муҳайё. Аёлларимиз ҳам эркаклар билан баб-баравар барча жабҳаларда фаолият юритишяпти. Айниқса, тижорат соҳасида аёллар кўпроқ уддабуролик қилишмоқда. Шу боис пул топиш йўлларини ҳам улар пухта эгаллашяпти. Бу ишларнинг барчаси яхши. Бироқ оилада фарзандлар тарбияси масаласи четга чиқиб қолмаяптимикан? Назаримизда, оилада отанинг роли бир оз пасайиб қолаётгандек. Унинг мавқеи тушиб бораётгандек.
Халқимизда «отанг ётган уйнинг томига чиқма», деган пурҳикмат мақол бежиз яратилмаган. Ота падари бузруквор дейилади. Унга оиланинг устуни, оилани барча офатлардан сақлагувчиси, ҳимоячиси, боқувчиси деб қаралади. Қиз узатилаётганда бекорга отанинг дуоси сўралмайди. Бунда ҳикмат кўп. Ота дуосини олган қиз борган жойида тош қотади. Ўша ерда палак ёзиб, ўзидан кўпайиб, бола-чақа орттиради. Яъни отанинг дуоси ижобат бўлади. Ота қарғишига учраган, унинг панд-насиҳатларига қулоқ солмаганларнинг ҳаётда ҳеч қачон косаси оқарган эмас. Бу хусусда “Қобуснома”да шундай ёзилган: “Эй фарзанд, билгинким, ақл юзасидан фарзандга ота-онани иззат ва ҳурмат қилиш вожибдир. Нединким, унинг асли ота ва онадур. Ота ва онанинг нима учун ҳурмат қилурман, деб кўнглингга келтурмағил, билгинки, улар сенинг учун ўлимга ҳам тайёр турадурлар”.
Фарзанд ота насиҳатларига қарши иш тутдими, демак, ўша кундан бошлаб ота дили ранжийди, муҳаббати эса камайиш сари юз тутади. Бундан хабардор бўлган ён-атрофдагилар, қариндош-уруғларнинг ҳам ёмон фарзанддан ихлоси қайтади. Ота ўз фарзандларини қанчалик севса, шу фарзанд одамлар орасида шунча ҳурмат топаверади. Аксинча бўлса, одамлар: “Агар бу фарзанд яхши бўлганда эди, отаси уни ёмон кўрмасди”, – деб айтадилар.
Ота ҳурмат-иззатини қозонган фарзанд ўз тенгдошлари орасида ҳам ҳурматли бўлади. Катта бўлганда эса одоб ва ҳусну хулқдан одамлар ичида эътибор қозонади. Натижада ҳаёт ҳам ширин ва гўзал кўринади.
Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ота ҳурматига сазовор фарзанд қанақа-ю, унинг насиҳатини қулоққа илмай, тортишадиган, отасини ранжитадиган фарзанднинг ҳаёти қанақа?
Абдулқодир Нурий ал-Барзанжий шундай ёзади: “Фарзанднинг отасига нисбатан амал қилиши керак бўлган одобларидан бири шуки, ўз отасига камтарликни ифодаловчи ва ҳурматни изҳор этувчи лойиқ сўз билангина мурожаат қилади. Ота олдида ниҳоятда одоб билан ўтиради. Ота овозига нисбатан ўз овозини баланд қилиб гапирмайди”.
Энди қуйидаги воқеани диққат қилинг.
Бир киши уч ўғил фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Барчасини олий маълумотли, уй-жойли қилди. Фарзандларни обрўли жойларга ишга жойлаштирди. Фарзандлар эса амал пиллапояларидан кўтарилиб, яхши мартабаларга эришдилар. Ота эса кексайиб, касалманд бўлиб қолди. Фарзандлар аввалига қарашиб туришди, кейин эса ўз ҳолига ташлаб қўйишди. Ниҳоят, тошбағир фарзандлар отани қариялар уйига топширишди. Афсуски, орамизда онда-сонда бўлса-да, ана шундайлар ҳам учраб туради.
Отам оилада қаттиққўл, лекин кези келганда, меҳрибон, ғамхўр инсон эдилар. Тўққиз нафар фарзанддан бирортамиз гап қайтариш у ёқда турсин, юзларига тик қаролмасдик. Худога шукр, бугунги кунда барчамиз оилали, бола-чақали, неварали бўлиб кетганмиз. Отамнинг ҳурматини қанчалик жойига қўя олдик, бунга бир нима дейиш қийин, албатта. У киши оламдан ўтганига 17 йил бўлган бўлса-да, ҳамон ўгитлари қулоқларим остида жаранглайди. Ҳаётимнинг энг оғир дамида ва қувончли кезларида падаримни бот-бот эслайман. Эвоҳ, шу дам отам ёнимда бўлмадилар-да, дейман. Орадан шунча йиллар ўтган бўлса-да, ёрдамларига ҳамон муҳтожлик сезаман. Ота белнинг қуввати, хонадоннинг давлати. Оталарнинг дуоси борки, юрт тинч, мамлакат обод.
Ота ҳукмрон бўлган оилада ҳамма нарса ўз ўрнида бўлади. Қайсики, оилада парокандалик бўлса, билингки, у ерда отанинг ўрни йўқ. Хоҳ у мамлакат бўлсин, хоҳ оила. Нима бўлганда ҳам ота оиланинг сарбони, унинг ҳурматини жойига қўйиб эъзозлаш лозим. Оталар соғ-омон бўлишсин!
Иззат Аҳмедов

 
« Олдинги   Кейинги »