|
МЕНИ БОШҚА ИШГА ЎТКАЗИШМОҚЧИ… |
|
|
|
06.02.2012 г. |
Untitled Document
«Мен бир корхонада қоровул бўлиб ишлайман. Корхона раҳбари мени мажбуран бошқа, ўзим истамаган вазифага ўтказмоқчи. Агар унамасам, меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи. Бунга раҳбарнинг ҳаққи борми? Қандай йўл тутай?»
– Бу ҳолда бошқа ишга ўтказиш сабаблари ёритилмаганлиги сабабли қонунчиликдаги тартибни эслатиб ўтмоқчимиз. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 91-моддасига асосан меҳнат шартномасида шартлашиб олинмаган иш жойини ўзгартириш меҳнат шартларини ўзгартириш деб ҳисобланмайди ва бу ҳақда ходим билан келишиш талаб қилинмайди.
Лекин бошқа доимий ишга ўтказишга (ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартиришга) – унга бошқа мутахассислик, малака, лавозимга оид ишни топширишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкин.
Агар объектив сабабларга кўра (100-модда иккинчи қисмининг 1, 2 ва 6-бандлари ва 106-модданинг 2-банди) меҳнат шартномасида белгилаб қўйилган меҳнат вазифаси доирасида ишни давом эттириш мумкин бўлмаса, иш берувчи ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган ишни (ходим бажараётган ишига ёки эгаллаб турган лавозимига номувофиқ бўлса, мутахассислиги бўйича бир мунча кам малака талаб этиладиган бошқа ишни), бундай иш бўлмаган тақдирда эса корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин.
Шунингдек, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади.
Бошқа ишга ўтказиш муддати тугагач, иш берувчи ходимга унинг аввалги ишини бериши шарт.
Меҳнат кодексининг 95-моддасида кўрсатилганидек, ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши муносабати билан ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим соғлигига тўғри келмайдиган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас.
Ходим вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврда унга бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади.
Жавоб “Mavluda konsalt” адвокатлик бюроси
томонидан тайёрланди.
|