7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

Бош сахифа arrow Шоу-бизнес arrow УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ СОХТА “УЛУҒБЕК”ЛАРНИ ФОШ ҚИЛАДИ!
УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ СОХТА “УЛУҒБЕК”ЛАРНИ ФОШ ҚИЛАДИ! Принтер учун E-mailга юбориш
07.02.2012 г.
Image

Ўтган йили “Кўзларингга қараб”, “Бемор” каби қўшиқлар кириб бормаган хонадон қолмади, десак муболаға бўлмайди. Аслида бундай оммалашув шу қўшиқлар ижрочисининг даври келганини билдиради. Кузатган бўлсангиз, қайси хонанданинг омади чопса, у қайси қўшиқни куйлашидан қатъи назар, кўпчиликка бирдек ёқиб кетаверади. Улуғбекда ҳам бу ҳолат кузатиляпти. Мисол тариқасида санайдиган бўлсак, 2011 йилда у “Кўрмадим”, “Кўзларингга қараб”, “Оҳ, алам”, “Бемор” (ўзбекча-русча), “Хумора”, “Жоним” каби қўшиқлари билан рейтинги юқори санъаткорлар сафида эканлигини исботлаб қўйди. Аммо негадир тақдимот маросимида у ғолиб бўла олмади. Демак, суҳбатимизни шу жойидан бошлаймиз...  

Ижодий ҳаёт
– 2011 йил кўп қўшиқларингиз хитга айланди. Лекин тақдимот маросимида ғолибликни қўлга кирита олмадингиз? Алам қилмадими?
– Йўқ. Алам қилмади. Негаки, бунга ўзимни тайёрлаб улгурганман. Очиғи, бундан уч-тўрт йил олдин шунақа тақдирлаш маросимларида номзодим қўйилиб, ғолиб бўла олмаган пайтларим бироз хафа бўлардим, ўксинардим. Бугунга келиб шу нарсани тушуниб етяпманки, турли хил тақдирлашлар инсон ҳаётида у даражада муҳим эмас экан. Қолаверса, мен 2007 йилда “Йилнинг энг яхши эркак хонандаси” ҳамда “Йилнинг энг яхши клипи” номинациялари ғолиби бўлганман. Демак, фахрлансам бўлади ва мен бу чўққини забт этдим. Шундай бўлса ҳам бу йилги номинациялар орасидан қайсидирларига номзодим кўрсатилмаганидан ҳайратландим-у, лекин яна мен бу совринларга эришганман, мендан кейин ҳам яна кимлардир бунга эришиши керак, деган фикрларим менга таскин берди.
– Ўтган йил сўнгида Райҳон билан дуэт хабари тарқалди. Зулхумор Мўминова, Сардор Раҳимхон ва Зиёда билан дуэт куйлаганингизни инобатга олиб, Улуғбек фақат рейтинги яхши хонандалар билангина дуэтлар куйлайди, дея хулоса қилиш мумкин...
– Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлашим кераки, шу пайтгача куйлаган дуэтларимдан бирортаси ҳам менинг таклифим билан куйланмаган. Булар айнан ўша хонандалар томонидан тушган таклифлар ёки қайсидир лойиҳа асосида куйланган. Энди Райҳон билан куйланган дуэтга келадиган бўлсак, бу қизиқ бўлди. Очиғи, у билан салом-алигимиз бўлган-у, лекин иккимиз ҳам бир-биримизни яқиндан билмасдик. Дўстона муносабатларимиз ҳам шаклланмаганди. Бир куни Райҳон мени радиодаги “Love story” лойиҳасига таклиф қилди. Суҳбат давомида шунақа ҳолат юзага келдики, Райҳон мени ўзи учун, мен Райҳонни ўзим учун кашф этдим. Бу орада эса мухлисларимизнинг тинимсиз қўнғироқлари асосида шундай савол тушиб қолди: «Нега сизлар дуэт куйламагансизлар?» Бу саволга Райҳон қизиқиб қолди ва шу таклиф ўртага ташланди. Шу сабаб бўлиб Райҳон томонидан “Алдандим” номли дуэт қўшиқ ёзилди ва биз шуни куйладик.
Нега бу дуэт тезда тингловчиларга ҳавола этилмади?
– Ҳа шу саволни кутгандим. Чунки бунинг ўзига яраша сабаб бор эди. Ҳар иккимизнинг ҳам бу дуэтдан олдин мухлисларимизга ҳавола этишимиз керак бўлган қўшиқларимиз бўлганлиги туфайли бу намойиш бироз ортга сурилди. Мана ниҳоят, вақти-соати келди. 27 январ куни, яъни эртага ушбу дуэтни мухлисларимиз барча радиотўлқинларда тинглаш имкониятига эга бўлишади. Лекин энг қизиғи шундаки, қўшиқ номи иккита. Биринчиси “Ўқилмаган китоб”, иккинчиси “Алдандим”. Қайси бир ном тингловчилар қалбидан жой олса, шуниси қолади.
– Райҳоннинг концерти қолдирилди. Бунга қанақа муносабат билдирасиз?
– Малайзиядан қайтган куним шу хабарни эшитиб ҳайрон бўлдим. Чунки ҳар йили февралда унинг концерт беришига кўникиб қолган эдим. Шу сабаб дарҳол унга қўнғироқ қилдим. Райҳоннинг айтишига қараганда, унинг концерт бераётганига бу йил ўн йил тўлиши муносабати билан ушбу юбилей санани мутлақо бошқача ўтказишни хоҳлаган ва режадаги концертга улгура олмаган. Кейинги йили яхшилаб тайёргарлик кўрган ҳолда ўтказишини маълум қилди. Яна бир гап-сўзларга қараганда, унинг концерти шу йили ҳам бўлиб қолиши мумкин экан.
– Бу йил Шаҳзоданинг ҳам етти кун концерт бериши ҳақидаги гап-сўзлар бор. Балки шу хабар Райҳоннинг концертларига таъсир қилгандир?
– Мен бундай ўйламайман. Чунки Райҳон ҳеч қачон бировга қараб қолиб ёки бошқа санъаткорнинг кучидан қўрқиб концерт қилмайдиган санъаткор эмас! У ўз кучига ва мухлисларига ишонади. Қолаверса, Райҳон ва Шаҳзода мутлақо бир-бирига солиштириб бўлмайдиган иккита зўр хонанда.   
Атрофлича
– Ижодингиз гуриллаган йиллар…
– 2005, 2007, 2009-2011 йиллар. Орадаги йилларда юқорида айтганимдек, кимнингдир мендан фойдаланишига йўл қўйиб бердим ва айрим ҳолатларда бошимга тушган бу кунлар учун хасталаниб қолдим. Шукрки, яқинлар ва менга ишонадиганлар орқали оёққа туриб, мана яна кундан кунга ижодий муваффақиятларга ҳам эришяпман.
– “Машҳурлар шоуси” орқали яхшигина шоу бошловчиси эканлигингизни намойиш этдингиз. Лекин телебошловчиликка ёки шоулар ташкил қилишга қизиқмайсиз?
– Очиғи, mashhur.uz интернет портали томонидан ташкил қилинган шу шоуда тасодифан бошловчилик қилиш насиб этди. Бу ҳолатнинг шунчалик шов-шув бўлишини сезмаган эдим. Бундан жуда хурсандман. Лекин олдин телевидение, радиолардан нимадир лойиҳалар қилиб бошловчилик қилишимни айтишганда рози бўлмагандим. Негаки, икки қуённинг ортидан югурган одам ҳеч нарсага эриша олмайди. Мен эса ижоддан четланиб қолишни хоҳламайман. Телевидениеда кўрсатувларга бошловчилик қилмаётганимнинг яна бир сабаби бизнинг кун тартибимиз ўзимизга боғлиқ бўлмаганлигида. Қайсидир хизматга чақириб қолишса, менга ишонган одамларнинг юзини ерга қаратиб қўйишим мумкин. Балки йиллар ўтиб, ўз шоумни ташкил қиларман.
– Ўзингиз шахсан эълон қилишни хоҳлаган янгилик?
– Азиз мухлисларим, мен “Одноклассники”да ўз “профилим”ни очдим. Бунга мени мажбур қилган ҳолат айнан менинг номимдан Улуғбек Раҳматуллаев бўлиб олиб мухлисларимни аладаётган ва бошқа ҳамкасбларим устидан турли хил мағзаваларни ағдараётган нопок кимсаларнинг борлиги бўлди. Тасаввур қилинг, интернетда роппа-роса 45 та “Улуғбек”лар ўтириб олишибди. Шунинг учун мен бунга курашиш ниятида ўз профилимни рўйхатдан ўтказдим. Энг қизиғи, рўйхатдан ўз номим билан эмас ulug`bek original номи билан ўтдим. Нега дейсизми? Чунки ўзимнинг номим билан аллақачон очиб бўлишган. Фурсатдан фойдаланиб барча мухлисларимга ўша сайтга кирсангиз, фақатгина ulug`bek original номи билан боғланишингизни ва бошқа Улуғбекларни унутишингизни сўрайман. Қолганлар сохта! Мен очган профилда яна мухлисларни ишонтириши мумкин бўлган жиҳат унда менга укам Дилшод Раҳматуллаев дўстлашиш таклифини жўнатганлиги. Илтимос, бошқа алданиб юрманг!
– Омон бўлинг. Суҳбат учун мухлислар номидан сизга ташаккур. Сиз ҳам алданманг!

УНИНГ 12 ТАНЛОВИ
Санъат ва шоу-бизнес
1. Озодбек Назарбеков, Жаҳонгир Отажонов, Отабек Муҳаммадзоҳид?
– Мендан ҳамиша маслаҳатларини аямайдиган инсон бу Озодбек Назарбеков.
2. “Болалар”, “Шаҳзод”, “Хўжа”?
– “Болалар” гуруҳи.
3. Шаҳзода, Райҳон, Лола?
– Райҳон.
4. Рухшона, Дилсўз, Ширина?
– Рухшона.
5. “Давр”, “Уммон”, “Беном”?
– “Давр” кўпроқ ёқади.
6. “Сурхон”, “Сато”, “Сарбон”?
– Сўнгги пайтларда “Сато” анча кўзга ташланяпти.
7. Севинч Мўминова, Нилуфар Усмонова, Зиёда?
– Нилуфар Усмонова.
8. Алишер Узоқов, Адиз Ражабов, Азиз Раметов?
– Алишер Узоқов.
9. Дилноза Кубаева, Жамила Ғофурова, Шаҳзода Матчонова?
– Дилноза Кубаева.
10. “Заковат”, “Қопқон”, “Брейн ринг”?
– “Қопқон” ўйини қизиқарлироқ.
11. Лола Зуннунова, Роксана, Севдо Ниёзова?
– Севдо Ниёзова ва “Тошкент оқшомлари” кўрсатуви.
12. “Мирза” театри, “Ҳандалак”, “Қаҳқаҳа”?
– “Мирза” театри.
Бахтиёр Расулов суҳбатлашди.

 
« Олдинги   Кейинги »