 Абдулқодир Шашмаз ўғли Нежати Шашмазнинг мутахассислиги туризм соҳаси бўлиб, таълимни Канадада олган. Америкада олти йил яшаган Шашмаз 2001 йилда оиласини зиёрат қилиш учун Туркияга келади.
Қайтиш билетини 11 сентябрга олган Нежати террорчилик воқеалари сабабли АҚШга боролмайди ва кейинчалик у ерга қайтиб бориш фикридан воз кечади.
Ҳаётини Туркияда давом эттиришга қарор қилган Нежати Анқара шаҳрида суғурта агентлигини очади. Бир оз вақт ўтгач эса, продюсер Ўсман Синав билан бир иш юзасидан кўришиш учун Истанбулга боради. Ўсман Синавнинг «Бир сериал устида иш бошладик, сени бош ролга таклиф қилиш ниятидаман», деган таклифига ўйлаб кўриш учун вақт олади ва бир ойдан сўнг таклифга розилик билдиради.
Ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборган “Қашқирлар макони” лойиҳасида иштирок этган Нежати Шашмаз шахсий ҳаётидан асар ҳам қолмаганини таъкидлайди. “Мени фақат Анқарадагина исмим билан чақиришади”, - дейди Нежати.- Истанбулда ҳамма Пўлат деб мурожаат қилади”.
Нежатининг Ражи Шашмаз (“Қашқирлар макони” сериали сценарий муаллифи) ва Зубейр Шашмаз исмли укалари бор.
Тўлиқ исми: Муҳаммад Нежати Шашмаз.
Туғилган йили: 15 декабр, 1971 йил.
Туғилган жойи: Сивриже, Элазиг, Туркия.
Бўйи: 173 см.
-Анча йиллар олдин шеърий китобингиз чиққан, уни дўстларингизга, яқинларингизга тарқатган экансиз. Ана ўша китобни ҳозир қайтадан нашр эттириб, мухлисларингиз эътиборига ҳавола этиш ниятингиз борми?
-У китобни йигирма ёшимда чиқараман деб режалаштиргандим ва бу ишни амалга оширдим. Албатта, китобимни мухлисларимга ҳавола этсам дейман. Аммо орадан анча вақт ўтди. Китобни қайтадан кўриб чиқиш, янгича услубда қиёфа бериш керак. Афсуски, ҳозир бу ишга умуман вақтим йўқ.
-Сиз билан суҳбатлашганда “Қашқирлар макони”га оид савол бермасликнинг иложи йўқ. “Қашқирлар макони”нинг мухлислари Пўлат Алемдардан қанчалик таъсирланган деб ўйлайсиз?
-Фақат яхши маънода таъсирланган деб ҳисоблайман.
-Нега Пўлат Алемдарга ўзингиз овоз бермагансиз?
-“Қашқирлар макони”нинг дастлабки қисмларини суратга олишни бошлаганимизда Америкадан яқинда қайтган пайтларим эди. Овоз тоним маъқул келишига қарамай, Америкада узоқ йил истиқомат қилганим талаффузимга ўз таъсирини ўтказган эди. Шунинг учун дастлаб мен ўйнаган қаҳрамонга Арда исмли дўстимиз овоз берди. Кейинчалик бу вазифа Умут Табакка юклатилди. Ҳозир ҳам Умут Табак овоз беряпти. Мухлислар бу овозга ўрганиб қолганлари учун ҳам “Қашқирлар макони”да овоз бериш ҳақида ўйлаганим йўқ. Бошқа лойиҳаларда эса албатта ўз овозим билан қатнашишни истайман.
-Дублёрдан фойдаланган саҳналарингиз ҳам бўлдими?
-Ҳа, ҳозиргача икки саҳнада дублёрлардан фойдаландим. Аммо бир саҳнадаги ижромиз учун дублёрлар ҳам бизни олқишладилар. Мемати билан портлаш саҳналаридан бирида камерага юзимиз тушиши шарт бўлгани учун дублёрлардан фойдаланишнинг иложи бўлмади. Суратга олиш якунлангандан сўнг дублёр дўстларимиз келиб, бизни табриклашди. Дублёрлардан ўзимдан кўра кўпроқ гуруҳни ўйлаб фойдаланаман. Чунки, кичик бир сабаб бўлиб суратга олиш жараёнида иштирок эта олмай қолсам, гуруҳ аъзолари ҳам барча ишни тўхтатиб туришга мажбур бўлиб қолади.
-“Қашқирлар макони”нинг бу қадар машҳур бўлишига нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?
-Мен Нежати Шашмаз бўлиб суратга олиш жойига келиб, Пўлат қиёфамни кийиб саҳнада рол ижро этаман. Бир мисол келтирмоқчиман. Бир саҳнада бурним қонаши керак эди. Ишончли чиқиши учун бўёқни бурнимга шунчалик кўп тортиб рол ижро этибманки, телевизорда мени кўрган бувим дарҳол қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўради. Демак, инсонларга воқеаларнинг ҳақиқийлигини намойиш эта оляпмиз. Бу бизнинг ютуғимиз.
-Нежати Шашмаз бугунгача қайси иши учун пушаймон бўлган?
-Ҳозиргача фақат бир марта қилган ишимдан пушаймон бўлганман. Икки йил олдин сигарет чекишни ташлаган эдим, аммо яна чекишни бошлаб юбордим. Бундан бошқа пушаймон бўладиган иш қилмаганман.
-Хориж актёрларидан кимлар сизга маъқул келади?
-Ал Пачино ва Роберт Де Ниро.
-“Қашқирлар макони”нинг сценарийсини укангиз ёзади. Шундай экан, уни аввалдан ўқиб, баъзи тузатишлар киритасизми?
-Йўқ. Мен ҳам бошқалар қатори сценарийни қачон актёрларга беришса, ўшанда ўқийман.
–Жонлантирган қаҳрамонингизнинг қайси хислати сизга кўпроқ маъқул келади?
-Пўлатнинг ориятли экани менга кўпроқ ёқади. Шу хислати учун ҳам кўплар Пўлатни яхши кўрса керак деб ўйлайман.
-“Қашқирлар макони”дан сўнг шу жанрда кўплаб сериаллар намойиш этилди. Аммо ҳеч бири “Қашқирлар макони”чалик машҳур бўла олмади. Бунинг сири нимада?
-Ҳеч қачон фотонусха оригиналга тенг бўла олмайди. Нотариусга борсангиз ҳам фотонусха асл нусханинг ўрнини босмайди-ку, ахир! Бу гапларни бошқаларни камситиш учун гапираётганим йўқ, чунки улар ҳам меҳнат қилишган. Аммо биз биринчи бор ўзига хос йўналишда ижод қилганимиз учун ҳам кўпроқ севилишимизни оддий ҳол деб ҳисоблайман.
-Нежати Шашмазнинг ҳаётида ҳам Пўлатники каби севги борми?
-Элиф каби севилган кимса йўқ.
Ойша Нур тайёрлади.
|