|
Савол: Рукудан тураётганда «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деб ўқиладиган сўздаги «самиъа» калимаси «эшитмоқ» деган маънони англатадими?
Жавоб: Йўқ, бу ерда «самиъа» сўзи «эшитмоқ» деган маънони англатмайди. Бунинг маъноси «қабул қилади» деганидир. Яъни, «Аллоҳ ҳамд айтганнинг ҳамдини қабул қилади», деганидир.
Пайғамбар(с.а.в.)дан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда: «Аллоҳумма инний аъузу бика мин илмин ла янфаъ ва мин қалбин ла яхшаъ ва мин нафсин ла ташбаъ ва мин дуъаин ла юсмаъ», дейилган. Яъни, «Эй Аллоҳим! Мен сендан фойда бермайдиган илмдан, сендан қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафс ва қабул бўлмайдиган дуолардан паноҳ сўрайман», дегани бўлиб, ҳадисдаги «ла юсмаъ» сўзи «эшитилмайдиган» эмас, балки «қабул бўлмайдиган» деган маънони ифода этади.
Савол: Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари:
«Шариатсиз тариқатга кирганларни,
Шайтон лаъин иймонини олар эрмиш», деганларида, нимани назарда тутганлар? Бугунги кунда аксарият шахсларнинг шариат илми аҳкомларидан хабари бўлмасдан ва унга риоя қилмасдан туриб ўзларини гўёки тариқатда юрганларини даъво қилаётганини қандай изоҳлайсиз?
Жавоб: Шариатдан маълум миқдорда билим ҳосил қилмай туриб, тариқатга қадам қўйишнинг ножоизлиги тўғрисида Хожа Аҳмад Яссавий ва бошқа машойихлар ҳам асарларида таъкидлаганлар. Масалан, Сўфи Оллоёр бобомиз ўзларининг «Саботул ожизин» номли китобларида:
Шариатсиз киши учса ҳавога,
Кўнгил берма анингдек худнамоға, деб, шариатга риоя қилмайдиган киши гарчи каромат кўрсатса ҳам унга ихлос қилмасликка буюрганлар.
Бинобарин, ҳозирги кунда тариқатга кирдим деб юрганларнинг аксарияти шариат аҳкомларини ўртаҳол ҳам билмасликларини ҳисобга олсак, уларнинг катта хатоликларга йўл қўйганликлари маълум бўлади. Улар аввало, таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж ва талоқ каби мавзуларга доир масалаларни яхши ўрганиб олишлари шарт. Айниқса, ақоид масалаларини яхши билиб олмай туриб, шариат ва тариқатни даъво қилиш мутлақо жоиз эмас.
Савол: «Тариқатнинг асоси Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар», дейишади. Буни қандай тушунмоқ керак?
Жавоб: Шариатнинг ҳам, тариқатнинг ҳам илдизлари Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларга асосланади. Лекин тариқат булардан ташқари кўпроқ тасаввуф машойихлари тузган қоидаларни ўз ичига олади. Тасаввуф тариқатлари кўп. Уларнинг ҳар бири ўз асосчиси тарафидан бошқа тариқатлардан фарқ қиладиган хусусиятларнинг қўшилиши билан ажралиб туради. Шунинг учун тариқат маълумоти Қуръон ва ҳадислардан олинган бўлса-да, ҳар бир тариқатнинг шайхи томонидан қоидалар ҳам ташкил топган.
Савол: «Тариқат пири» деганда кимни тушунамиз. Пир қандай фазилат ва хусусиятларга эга бўлиши керак? Ҳозирги кунда ўзларини «пир» деб атаётганларга муносабатингиз қандай?
Жавоб: Тариқатдан сабоқ берувчи шахс пир ёки муршид, баъзан шайх деб аталиб келган. Бу вазифани ўз зиммасига олган кишига катта масъулият юкланади. У шариат аҳкомларини пухта биладиган, билганига амал қиладиган, тариқатнинг мазмун-моҳиятидан тўла хабардор, муридларга сабоқ беришга яроқли, тақводор, илм ва ҳилм соҳиби бўлиши шарт. Лекин, афсуски, ҳозирги кунда муридларга тариқатдан сабоқ беришга тўла салоҳиятли пирлар юртимизда мавжуд эмас, десак тўғри бўлади. Уламоларимиз истиқлол шарофати билан энди-энди тасаввуф фанини ўргана бошладилар. Бу фан эса ўта мураккаб ва чуқур изланиш талаб қиладиган фандир.
Пирлик даъвосини қилиб, сабоқ бераётганлар шаръий билимдан ҳам, тасаввуф фанидан ҳам етарли маълумотга эга эмаслар. Лекин, келажакда албатта, халқимиз ичидан пиру муршидлар етишиб чиқадилар деган умиддамиз.
Савол: Маълумки, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари «Дил ба ёру даст бакор», деб халқ билан бирга бўлиш, халқнинг хизматида бўлиш, илмни, маърифатни ривожлантиришни тарғиб қилган. Ҳозирги кунда айрим тариқатда юрган шахслар илм ва маърифат нималигини тушунмасдан туриб, тасаввуфда қанақадир даража ихтиёр қилиб қолишган. Шу тўғрими?
Жавоб: Дарҳақиқат, Нақшбандия тариқати таълимоти бўйича, касб-ҳунар ва меҳнатдан ажралмаган ҳолда, илм- маърифатни муттасил зиёда қилиб боришга даъват этади. Ишёқмаслик, дангасалик, жоҳиллик ва илмсизликдан қайтариб, бидъат ва хурофотларга берилмасликка чақирилади. Айниқса, кибр-ҳаво, манманлик, риёкорлик каби сифатлар қаттиқ қораланади. Ҳозирги кунимиздаги тариқатчилар мазкур таълимотга зид ҳолда ўзларини бошқалардан устун қўйишга ҳаракат қиладилар. Ўзлари илм-маърифатга қизиқмаганлари ҳолда ёш авлодни мактаб ўқишларидан ва замонавий фанларни ўзлаштиришдан совитишга журъат қилмоқдалар. Диний ва дунёвий билимлардан баҳраманд бўлмаган кишидан эса тариқат аҳлининг чиқиши амримаҳолдир.
Савол: Баъзилар ўзларининг мучал йилларини нишонлашади. Ислом динида мучал йилларни нишонласа бўладими?
Жавоб: Мучал йилини белгилаш ва ҳисоблаш туркий халқларнинг қадим замонлардан бери сақланиб келаётган урф-одатлари жумласидандир. У Ислом динидан аввал пайдо бўлган нарса. Унинг Исломга ҳеч бир алоқаси йўқ. Ундан қайтарилган, ман қилинган жойи ҳам йўқ. Демак, Исломнинг халқчиллиги, хусусан, Абу Ҳанифа Имоми Аъзам мазҳаби халқларнинг урф-одатларини инобатга олишини назарда тутиб, мучал ёшини белгилаш ва «унинг мучали фалон» дейишнинг ҳеч бир зарари йўқ.
|