7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

Бош сахифа arrow Саломатлик arrow Қон босимининг ортиши – хавфли аломат!
Қон босимининг ортиши – хавфли аломат! Принтер учун E-mailга юбориш
22.01.2009 г.

Хафақон касаллигининг асосий белгиси - қон босимининг кўтарилиши билан фарқ қилади. Ҳозирги вақтда хафақон касаллиги масаласи тиббиётнинг долзарб масалаларидан биридир, чунки у аҳолининг 8-10 фоизида учрайди ва нохуш оқибатларга олиб келадиган касалликлар ичида дастлабки ўринларда туради. Артериал қон босимида юрак фаолияти, зарби ҳамда қон томирларининг таранглашиши аҳамиятга эга. Ҳозирги пайтда бу касалликни даволашда шифокорлар катта ютуқларга эришишга муваффақ бўлдилар.
Вақтида бошланган даво хафақон касаллиги олиб келувчи бош мия инсультлари ва юрак инфаркти сонининг кескин пасайишига олиб келади.
Лекин ҳалигача беморларнинг асосий қисми гипертония касаллигининг олдини олишга эътибор қаратмайдилар ва миллионлаб инсонлар хафақон касаллиги хавфидан хабардор бўлганлари ҳолда лозим давони олишмайди.
Хафақон касаллигининг келиб чиқишида насл, ёш, климакс, ош тузини кўп истеъмол қилиш, касб, яшаш жойи ва бошқа жуда кўп омилларнинг аҳамияти бор.
Хафақон касаллигида асосан қон томирларида (артериолаларда), юрак мушакларида, бош мияда, кўз томирларида, буйракда ўзгаришлар кузатилади. Қон томирларининг торайиши босимни оширади ва ўз навбатида юрак ишини кучайтиради. Юрак мушаклари катталашади, қон томирларининг торайиши айрим ҳолларда бутунлай беркилиши баъзи аъзоларда модда алмашинуви бузилади ва бунинг натижасида беморларнинг аҳволи янада оғирлашади. Қон томирлардаги бу ўзгаришлар асосан бош мия, юрак томирларида, буйрак томирларида кузатилади.

Хафақон касаллиги кимларда кўпроқ учрайди?
Меъёрдан баланд бўлган қон босими кўпроқ 40-50 ёшли эркак ва аёлларда учрайди.
Гипертония касаллиги туфайли ҳосил бўлган салбий таъсир оғирлашган даражаларда намоён бўлади. Даво кечикиб қолган пайтда хафақон касаллигининг асосий асоратлари, яъни бош мия инсульти ва юрак инфаркти юзага келиши мумкин.
Кўпинча гипертония касаллигига дуч келган беморлар узоқ вақт давомида ўз ҳолатларининг жиддийлашганидан хабардор бўлмайдилар. Хафақон касаллигининг асосий аломатлари қуйидагилар ҳисобланади:
- қон босимининг ошиши;
- аввалги босқичда қон босими ошиши кўпинча касалларни безовта қилмайди, шунинг учун ҳар хил профилактик текширувларда тасодифан аниқланади.
Энг асосий аломатлар бош оғриши, бош айланиши, бош оғирлашиши кабилардир. Бундан ташқари қулоқ шанғиллашидан, кўз олдида туман ҳосил бўлишидан, майда заррачалар учишидан, кўзнинг хиралашишидан, тез чарчаш, қувватсизликдан шикоят қиладилар. Кўпинча беморларни юрак оғриши, ўйнаши, қаттиқ уриши, қовоқ ва юз шишлари безовта қилади. Касаллик зўрайган даврларда беморлар юрак ва буйрак етишмовчилиги ҳамда бошқа асоратлардан азоб чекадилар.
Хафақон касаллигини даволашнинг энг асосий талаблари:
Тана вазнини камайтириш
Вазни оғир бўлган беморларда гипертония касаллиги ривожланишга мойиллик бўлиши маълумдир. Тана вазнини назорат қилиб туриш жуда муҳим, чунки оғир вазнга эга бўлган беморларда гипертониянинг ривожланиш хавфи 6 марта юқори. Вазннинг камайиши қон босимининг маълум даражага пасайишига олиб келади.
Туз истеъмол қилишни камайтириш
Хафақон касаллигига дуч келган беморларга туз салбий таъсир кўрсатади. Тузнинг хусисиятларидан бири бу организмдаги сув миқдорини ошириб, шундоқ ҳам юқори бўлган қон босимини янада оширади. Шунинг учун кун мобайнида истеъмол қилинаётган туз миқдорини камайтириш лозим. Ўз таркибида юқори миқдорда тузга эга бўлган бир қатор озиқ-овқатларни, асосан соуслар, бисквит, пишлоқ ва ҳоказолар кабиларни истеъмол қилишни камайтириш лозим.
Жисмоний зўриқиш
Доимий равишдаги жисмоний бадантарбия қон босимини кўрсаткичини 5-10 мм. симоб устунига тушириши мумкин. Албатта, оғир спорт турлари билан шуғулланиш тавсия қилинмайди. Максадга мувофик бўлганлардан, ҳафтада 3-4 маҳал сузиш, юриш, велосипед машғулотлари биринчи ўриндадир. Чекиш ва спиртли ичимликлар қатъиян ман этилади.

Медикаментоз даво
Ҳозирги пайтда шифокор ихтиёрида гипертония касаллигини даволаш учун бир қанча сифатли, қон босимини меъёр даражасида бир кеча-кундуз давомида ушлаб турувчи хусусиятга эга бўлган дори воситалари мавжуд. Бироқ, хафақон касаллигини келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш муҳимдир, чунки бундай омиллар бир нечта бўлиши мумкин. Мазкур аломатлар юзага келган пайтда кечиктирмасдан шифокорга мурожаат қилиш керак, ўз-ўзича даволанишнинг оқибатлари нохуш бўлиши мумкин.

 
« Олдинги   Кейинги »