7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

Бош сахифа arrow Фонд лойихаси arrow Озод Шарафиддинов мактаби
Озод Шарафиддинов мактаби Принтер учун E-mailга юбориш
18.03.2009 г.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Озод Шарафиддинов мактаби” адабий-танқидий, илмий-ижодий тўгараги ташкил этилди.
Мазкур тўгаракнинг мақсад ва вазифалари ҳақида унинг раҳбари, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда миллий адабиётимизни янада ривожлантириш, унинг равнақига катта ҳисса қўшган ёзувчи ва шоирлар, олимлар хотирасини эъзозлаш, адабий-маънавий меросини навқирон авлодга чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ажойиб инсон, заҳматкаш олим Озод Шарафиддинов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланаётгани бунинг яна бир далилидир.
Атоқли олимнинг серқирра ижодини чуқур ўрганиш, маҳорат сирларидан сабоқ олиш ёш авлоднинг адабиётшуносликка оид билимини бойитишда, маънавий камолотида муҳим ўрин тутади. “Озод Шарафиддинов мактаби” адабий-танқидий, илмий-ижодий тўгараги ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
Доимий фаолият кўрсатувчи бу тўгаракдан кўзланган асосий мақсад ёшларда адабий-естетик, илмий-ижодий тафаккурни шакллантириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёш тадқиқотчиларни адабиётшунослик ва адабий танқидга оид илмий жараёнлар билан атрофлича таништириш ҳамда уларга яқиндан кўмаклашишдан иборатдир. Тўгаракка мамлакатимиздаги бошқа олий ўқув юртлари талабалари ҳам жалб этилган.
Ўтказилаётган машғулотларда таниқли адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар Озод Шарафиддиновнинг адабий-илмий мероси, олим яратган ўзига хос мактаб анъаналаридан ёшларни баҳраманд этмоқда. Тўгарак ишининг самарали кечишида унинг зарур ўқув, илмий, бадиий адабиётлар, олимнинг турли йилларда яратган асарлари, илмий тадқиқотларидан самарали фойдаланилмоқда.
Ўқув машғулотлари билан биргаликда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ёзувчи ва шоирлар, олимнинг яқинлари иштирокида илмий-ижодий анжуманлар, учрашувлар, мулоқотлар, давра суҳбатларининг мунтазам ташкил этилиши ёшларнинг миллий адабиётимиз, адабий танқидчилик, таржимонликка оид пухта билимга эга бўлиши, заҳматкаш олимнинг ижодий меросини кенг ўрганишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Буларнинг барчаси юртимизда миллий адабиётимизни янада ривожлантириш, унинг равнақи йўлида самарали фаолият кўрсатган ижодкорларнинг маънавий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш, тарғиб ва ташвиқ этиш, халқимиз, айниқса, ёшлар қалби ва онгига чуқур сингдириш йўлида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.
www.region.uz сайтидан олинди.

 
« Олдинги   Кейинги »