7x7.uz | yangiliklar, shou-biznes, sport, avto, kino, moda, seriallar olami

Бош сахифа arrow Хидоят сабоклари arrow Сўраган эдингиз 14-сон
Сўраган эдингиз 14-сон Принтер учун E-mailга юбориш
06.04.2009 г.

Савол: Маълумки, ислом амалларининг барчасида ўз шартлари мавжуд. Умра ибодатининг шартлари ҳақида маълумот берсангиз?
Жавоб: Умра амалини адо этиш учун умумий ва хусусий шартлар бўлиб, умумий шартлар - ислом, ақл, балоғат, озодлик ва йўл харажатларига қодир бўлиш каби шартлари бўлиб, буларнинг ҳар бирини ўз аҳамияти бор.
Ислом – ўзга дин вакилларига ҳамда динсизларга умра ибодатини қилиш мумкин эмас. Чунки улар мусулмон эмаслар. Демак, ислом арконлари фақат мусулмонларгагина вожиб, ўзга дин вакилларига эмас. Агар бирор дин вакили ёки динсиз одам ислом арконларидан бирини, масалан, ҳаж ибодатини ислом динини қабул қилишдан олдин бажарган бўлса, сўнгра ислом динини қабул қилса, ҳаж ибодати унинг бўйнидан соқит бўлмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
“Кимда-ким буни инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” (Оли Имрон, 97), дейилган.
Ушбу ояти карима ислом динини қабул қилмаган шахслар ислом арконларини бажаришларидан ҳеч қандай манфаат йўқлигини ифодалайди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қайси бир аъробий ўн маротаба ҳаж қилган бўлса ҳам, исломни қабул қилса, унга ҳаж қилиш фарз бўлади”, дедилар.
Ушбу ҳадисда ҳам ислом динини қабул қилмаган шахслар ислом арконларидан бирини адо қилсалар, ушбу қилган амаллари қабул қилинмаслиги ҳақида сўз бормоқда. Демак, умра ибодатини бажариш учун аввало, ислом динини қабул қилган бўлиши керак экан.
Балоғат ва ақл – балоғатга етмаган ва ақли заифларга шариат аҳкомларини бажариш талаб қилинмайди. Шу боис ҳам гўдаклик вақтида қилинган ҳаж ёки умра ибодатлари нафл ҳисобланади. Ақли заиф инсонларга ҳаж ёки умра ибодатларини бажариш учун рухсат берилмайди ва уларга эҳром ҳам кийдирилмайди. Чунки, улар узрли ҳисобланишади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қайси бир гўдак ўн маротаба ҳаж қилса, сўнгра балоғатга етса, унга ҳаж қилиш фарз бўлади”, дедилар.
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалам уч кишидан кўтарилган: ухлаётган кишидан уйқусидан тургунча; гўдакдан балоғатга етгунича; ақли заифдан ақли расо бўлгунича”, дедилар.
Озодлик – қулларга ҳам умра қилиш шарт эмас. Чунки, уларнинг эрки ўзида эмас.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қайси бир қул ўн маротаба ҳаж қилса, сўнгра озод қилинса, унинг зиммасидан ҳаж соқит бўлмайди”, дедилар.
Йўл харажатларига қодир бўлиши – умра қилувчи кишида ҳам, ҳаж қилувчи кишида ҳам аввало, сафар харажатларини қоплайдиган маблағ бўлиши лозим.
Қуръони Каримда:
“Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир”, деди (Оли Имрон, 97).
Хусусий шартлар аёл кишиларга хос бўлиб, улар икки хилдир:
1. Аёл киши эри ёки бирор маҳрамлари билан ҳаж ёки умра ибодатларига чиқиши керак. Акс ҳолда уларга бу ибодатларни бажариш жоиз бўлмайди.
Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинг! Аёл киши маҳрами билан ҳаж қилади”, дедилар.
Бу ҳадисда аёл кишиларни ҳаж қилиши учун эри ёки бирор маҳрами бирга бўлиши кераклиги келиб чиқади. Чунки, аёл кишиларни бегона эркаклар билан ёлғиз қолиши фитнага сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам муслималар сафарга чиқаётганларида улар билан эри ёки бирор маҳрамлари бўлиши шарт қилинган.
Бошқа ҳадисда:
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёл киши уч кунлик сафарга маҳрами ёки эри билан чиқсин”, дедилар.
Ушбу ҳадисда ҳам муслима аёлларни турли ноқулайлик ва хатарлардан сақланиш ниятида бирор маҳрам ёки эри билан сафарга чиқишга амр қилинмоқда. Демак, аёл кишиларни эҳтиётлаш ва турли ноқулай ҳолатлардан сақлаш ниятида маҳрам шарт қилиб қўйилган, чунки сафарда турли ҳолатлар юз бериши мумкин. Улар аксарият ҳолларда турли фитналарга сабаб бўлади. Маҳрамлар эса, аёлларни ана шундай фитналардан асраб, уларга хизмат қилишади.
2. Иддада бўлмаслиги.
Бу ҳақда Қуръони Каримда:
“Аллоҳдан қўрқинглар! (Идда тугагунича) уларни (яшаб турган) уйларидан (ҳайдаб) чиқармангизлар ва улар ҳам ўзларича чиқиб кетмасинлар” (Талоқ, 1), дейилган.
Ушбу ояти каримада аёлларни идда ўтирган вақт­ларида уйларидан чиқмасликка амр қилинмоқда. Чунки умра амалини идда ўтириб чиққандан кейин ҳам қилса бўлади. Идда эса, талоқ ёки эри вафот этгандан кейиноқ бажарилиши шарт бўлган амалдир. Шунинг учун ҳам идда ўтирган аёллар иддаси тугагач, умра амалини қилиши лозим.

Савол: Умра ибодати қандай амалга оширилади?
Жавоб: Умра қилишни хоҳлаган киши қуйидагича ҳаракат қилади:
1. Умра қиладиган киши ўз юрти учун белгиланган мийқотдан эҳромга киради. Макка аҳли Ҳарамдан ташқарида эҳромга киради. Эҳромга киргандан кейин умра учун ният қилиб, талбия, яъни “лаббайкаллоҳумма”ни айтади. Умрага ният қилиб эҳромга киргандан кейин ҳажда ман қилинган нарсаларнинг барчаси умрада ҳам ман қилинади.
2. Макка шаҳрига келади ва Каъбани етти марта тавоф қилади. Илк уч марта Каъбани айланишда тезроқ ҳаракат қилади, тавоф асносида такбир ва таҳлил айтади.
3. Кейин Сафо ва Марва ўртасида саъй қилади. Кейин сочини олдириб ёки қисқартириб, умрасини тугатади ва эҳромдан чиқади. Ундан кейин Маккада қол­са, хоҳлаган пайти бориб, Каъбани тавоф қилиши мумкин. Тавоф пайтида хоҳлаган кийимини кийиши мумкин.
Каъбани тўрт марта айланиб тавоф қилиш умранинг асослари ҳисобланиб, қолган уч марта айланиб тавоф қилиш, Сафо ва Марвада етти марта юриш, сочини олдириш ёки қисқартириш умранинг вожиблари ҳисобланади.
Эҳромга кириш ҳажнинг шарти бўлгани каби, умранинг ҳам шартидир.
Умранинг суннат ва одоблари ҳажда Сафо ва Марва ўртасидаги саъйдан бошлаб, охиригача бўлган суннат ва одоблар билан бир хил.

 
« Олдинги   Кейинги »